Биргаликда ижтимоий давлат сари

 

— Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятов Дастурининг бош ғояси

Шу йилнинг 30 апрелида умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани қатъий белгиланди ва айни тамойилга мувофиқ давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари уч бараварга ошди. Бу эса мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўлида устувор йўналишлардан бири саналган кучли ижтимоий сиёсат юритиш тенденциясининг том маънода юқори босқичга чиқишидан далолат беради.

Конституцияга киритилган барча муҳим ўзгартиш ҳамда янгиланишларнинг ҳаётимизда ўз тасдиғини топишида, сўзсиз, олдимизда турган сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳал қилувчи ўринга эга эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бинобарин, сайлов шундай жараёнки, унда давлат ҳамда жамият тақдирига бевосита ва билвосита таъсир этувчи ғоя ва ташаббуслар сиёсий партиялар томонидан илгари сурилади. Сайловчилар эса бу ғоя ва ташаббуслар билан танишган ҳолда эмин-эркин ўз хоҳиш-иродасини сайлов жараёнида ўз овозлари билан намоён қилади. Албатта, бу галги сайлов янгиланган Конституцияга монанд янгича ҳуқуқий маконда, халқимизнинг ижтимоий фаоллиги ошган шароитда ўтиши алоҳида аҳамиятга моликдир.

Ҳар бир сайловчи ўзининг овози билан эркин ва фаровон ҳаётга, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, жамиятнинг барча соҳасини қамраб олган янги ўзгаришларга ўз муносабатини билдиради. Бу ўринда Президент сайловида иштирок этаётган номзоднинг Сайловолди дастурида белгиланган чора-тадбирлар ҳамда вазифалар ҳар бир сайловчининг эътиборини тортиши турган гап.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам буни теран англаган ҳолда бўлажак сайлов учун электорат манфаатлари ва дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, қуйидан юқорига қараб йўналтирилган таклифлар асосида ҳар томонлама чуқур таҳлилдан ўтказилган, кенг қамровли дастурини ишлаб чиқди. Тўққизта йўналиш орқали юзга яқин ғоя ва ташаббусларни қамраб олган дастур сайловолди ташвиқоти бошланган шу кунларда сайловчилар ҳукмига ҳавола этилмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг Сайловолди дастури ҳақида партия фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

 

Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

ЎзХДП Фахрийлар кенгаши раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод дастурининг биринчи йўналиши “Кучли ижтимоий сиёсат — ижтимоий давлатчилик пойдевори, барқарор жамият ва фаровон турмуш асоси” деб номланиши бежиз эмас. Сабаби, кейинги йилларда инсоният бошига оғир синовларни олиб келган пандемия, йилдан-йилга кескинлашаётган глобал иқлим ўзгариши жараёнлари ва халқаро майдонда сиёсий, иқтисодий вазиятнинг таранглашуви ҳар бир давлат олдига ижтимоий сиёсатни кучайтириш вазифасини кечиктирмасликни шарт қилиб қўймоқда.

Кучли ижтимоий сиёсатнинг биринчи пойдевори ижтимоий давлатнинг барқарорлик ва фаровонлигини таъминлашдир. Мазкур сиёсий ҳаракатлар замирида жамиятнинг турли соҳаларидаги муаммоларни ҳал этиш, инсон манфаатлари билан боғлиқ ҳуқуқларни адолатли ҳамда демократия тамойилларига асосланган ҳолда ҳимоя қилиш ётади. Бундан ташқари, кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш жараёнида таълим тизимини янада такомиллаштириш ҳамда мавжуд ресурсларга таянган ҳолда тиббиёт соҳасини ҳам ривожлантириш орқали фуқароларимизнинг янада фаровон яшашига замин яратилади.

Амалларимиз ниятимиз билан ҳамоҳанг бўлса, мақсадга эришиш осон бўлади. Шунинг учун бизнинг дастуримиз ҳам ўзбек давлатчилигининг ўқ илдизи ҳисобланган Конституцияга мосдир. Қолаверса, янгиланган Конституцияда белгиланган ижтимоий давлат тамойили Халқ демократик партиясининг асосий дастурий мақсадларига ҳамоҳанг.

Мазкур йўналишда ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлашни таклиф этяпмиз.

Чунки олий таълимни тугатган ёшларимиз мутахассислиги бўйича тегишли ташкилот ёки муассасага иш сўраб борса, унда тажриба ва малака йўқлиги рўкач қилиниб, ишга қабул қилмаслик ҳолатлари ҳам баъзан учраб турибди.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда меҳнат бозорига профессионал таълимдан 144 минг нафардан зиёд битирувчи-ёшлар кириб келган. Уларнинг 82,8 фоизи иш билан таъминланган. Аслида, бу кўрсаткични бошқа хорижий мамлакатлар амалиёти билан солиштирганда ижобий деб баҳолаш мумкиндир. Бироқ бу борада бугунги давлат сиёсатининг давомийлигидан келиб чиққан ҳолда ёрқин келажагимиз бўлган ёшларни иш билан таъминлаш масаласи асосий вазифаларимиз мезони бўлиши лозим. Шунинг учун доимий равишда таълим тизимини ислоҳ қилиш орқали жамиятга малакали, билимли ва керакли бўлган мутахассис ёшларни меҳнат бозорига тайёрлаш чоралари номзоднинг Сайловолди дастурида асосий ўринни эгаллайди.

Шунингдек, дастурнинг ушбу йўналишида эҳтиёжманд шахсларга ажратилаётган моддий-ижтимоий ёрдам манзилли ва мақсадли етиб бориши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлиги келтирилади.

Юртимизда эҳтиёжманд инсонларнинг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида уларга қонуний имтиёзлар, имкониятлар яратиш билан бир қаторда, тегишли моддий ёрдамлар ҳам ажратилиши барчамизга маълум. Лекин қандайдир сабаб билан ажратилган моддий ёрдам ўз манзилига, яъни ҳақиқатда шу ёрдамга муҳтож фуқарога етиб бормаслиги билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бу эса охир-оқибат эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга ҳаракат қилаётган давлат маблағидан самарасиз фойдаланиш, демакдир. Агар айни йўналишда кучли жамоатчилик назоратини ўрната олсак, ана шундай нохуш ҳолатлар барҳам топади, кўзланган эзгу мақсадга тезроқ эришишга замин яратилади.

Давлатимизнинг янада тараққий этишига ҳар бир фуқаро сингари биз ҳам бефарқ эмасмиз. Демак, ҳар бир фуқаро қонун асосида берилган сайлов ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда жамиятимизнинг янада тараққий этиши ва ривожланиши йўлида ўз овозини муносиб номзодга беришлари мумкин.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Номзод дастурида уй-жой, сифатли коммунал хизматлар одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилашнинг муҳим омили сифатида қайд этилган.

Ҳар бир миллатнинг, халқнинг тарихан шаклланган қадриятлари бўлади. Худди шундай, ҳар бир шахснинг муқим бошпанаси бўлиши кераклиги анъанаси ҳам чуқур илдиз отган миллий қарашларимизга бориб тақалади. Ватан ичра ватани, яъни ўз уйи бўлишини халқимиз фаровон ҳаётнинг асосий шарти, деб билади.

Бунинг ҳуқуқий асоси сифатида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 47-моддасида “Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уйжойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади” деб қайд этилган. Уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи ҳамда уй-жой мулкдорлари ҳуқуқлари конституциявий ҳимоя қилинганлигини эътироф этишимиз лозим.

Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари қаторида аҳоли учун қурилаётган турар жойлар салмоғи ортиб бораётган бўлса-да, бироқ фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган талаби ортиб бориши табиий ҳолдир. Республикамизда аҳоли сонининг ўсиб бориши ҳамда янги оилаларнинг ташкил топиши ҳам уй-жойга бўлган эҳтиёжнинг ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5,5 миллион нафарга ўсган бўлиб, яқин вақтларда 40 миллионга етиши кутилаётир. Демографик кўрсаткичлар шиддат билан ўсаётган ҳозирги пайтда, айниқса, эҳтиёжманд қатламни турар жой билан таъминлаш масаласи йил сайин долзарб бўлиб бормоқда. Биз камбағаллар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бор фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар учун уй-жойлар қурилишини янада жадаллаштириш тарафдоримиз.

Номзоднинг илгари сурилаётган Сайловолди дастурида белгиланганидек, “Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш келажакда мазкур соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратишга хизмат қилади.

Дастурда кам таъминланган аҳоли учун уй-жой қуришга имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини кенгайтириш масаласининг қонун даражасида тартибга солинишини ҳамда уни амалга татбиқ этиш чоралари ҳақидаги фикрларнинг мавжудлиги диққатга сазовор жиҳат, дейиш мумкин.

Бугун мамлакатимиз қурилиш бозорида тегишли ташкилотлардан рухсат олмай, маҳаллий аҳоли билан ҳисоблашмай, мавжуд талаб-меъёрларни менсимай ноқонуний объектлар барпо этиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳам сир эмас.

Албатта, бу борада давлат органлари ва ташкилотлар тегишли назорат тадбирларини олиб бормоқда, бироқ ушбу масалада керакли натижага эришиш мақсадида жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳаётий заруратдир.

“Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш таклифи, айниқса, бугун долзарб бўлиб, фуқаролар томонидан улуш қўшган ҳолда кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга, жумладан, турар жойларни қуришга жалб қилинган аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратишга хизмат қилади.

Бу борада номзоднинг Сайловолди дастурида ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш мақсадида соҳада жамоатчилик назоратини амалга оширишни янада кучайтириш вазифаси белгиланганлиги бугунги кунда долзарб бўлган масалага эътибор қаратилганлигини яққол кўрсатади.

Президент сайлови орқали халқимиз келажак тараққиёт мезонини белгилайди. Шу сабабли номзоднинг дастурий ғоя ҳамда мақсадларини амалга жорий этиши, дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун кенг сиёсий майдон яратиб бериш йўлида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов номзодини қўллаб овоз беришга чорлаймиз!

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Халқ саломатлиги, миллат генофондининг мустаҳкамлиги ҳар бир давлат учун беназир бойликдир. Бу жуда долзарб масала бўлганлиги учун ҳам янгиланган Конституциямизда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар бир неча баробарга оширилди.

Партиямизнинг Ўзбекистон Президентлигига номзоди дастурида тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш ташаббуси ўрин олган. Дунёдаги энг ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, тиббий суғуртани жорий этиш соҳада турли коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш билан бир қаторда, касалликларни эрта аниқлаш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг бирламчи бўғинида малакали ва сифатли хизматларни ташкил қилиш, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини оширишга хизмат қилади.

Сўнгги вақтларда фармацевтика тизимида дуч келинган нохуш ҳолатлар фонида айтиш мумкинки, бу соҳада айнан давлат назоратини кучайтириш ҳамда янги дори воситаларини синовдан ўтказиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талаблари асосида такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Шунингдек, дори-дармонлар ва тиббий воситалар нарх-навосини давлат томонидан тартибга солишнинг қонун даражасидаги механизмларини яратиш борасида Сайловолди дастурида илгари сурилган таклиф фармацевтика бозорида барқарорликни ва ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, пандемия вақтида ушбу соҳада фаолият юритувчи айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз мавқеини суиистеъмол қилиб, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи учун муҳим бўлган дори-дармонларнинг нархларини асоссиз ошириш ҳолатлари учрагани ҳеч кимга сир эмас. Юқоридагилардан келиб чиқиб, номзод дастурида таклиф этилаётган “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ҳар қачонгидан муҳимдир.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда тиббиёт инфратузилмасини янада модернизация қилиш, катта шаҳарлар ва қишлоқ аҳолисини қамраб оладиган тиббиёт марказларини ташкил этиш, бу борада малакали кадрларни тайёрлаш ва халқимизга тиббиёт хизматларини таклиф қилиш каби масалалар номзоднинг Сайловолди дастурида асосий ўринни эгаллайди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммоларнинг ечими ўлароқ тиббий хизматларни рақамлаштириш, шифокорлар томонидан дориларни тайинлашда электрон рецепт тизимига ўтиш ва соҳада қатъий давлат назоратини ўрнатишга доир вазифалар дастурда белгиланганлиги, номзоднинг тиббиёт тизимини рақамлаштириш билан боғлиқ таклифларнинг долзарблигини кўрсатади.

Шу сабабли жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён — Президент сайловида ҳурматли фуқароларимиздан, сайловчиларимиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовни қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирамиз!

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

— Барқарор ривожланишда бўлган ҳар бир давлатнинг қудрати — фуқароларининг юқори интеллектуал салоҳиятига қараб белгиланади. Хўш, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган қудратли давлатга қандай йўллар билан эришилади? Албатта, чуқур билим, таълим бериш орқали эришиш мумкин. Буни жаҳон тамаддунига асос солган цивилизациялар мисолида кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан илгари сурилаётган номзод Сайловолди дастурининг “Ёшлар таълими миллат келажаги ва юртимиз рақобатбардошлигининг гарови” деб номланган йўналишида ёшлар учун таълим кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича қатор таклифлар ва амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар акс эттирилган.

Юртимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилишини инобатга оладиган бўлсак, таълим соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш ва шу йўл орқали билимли ёшларни жамиятимизга етказиб бериш ҳар биримизнинг зиммамиздаги мажбурият эканлигини унутмаслигимиз шарт.

Дастурда таълимда аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратиш учун аниқ чораларни кўриш зарурлиги белгиланган. Хусусан, боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамровини кенгайтириш, бунинг учун давлат янги боғчаларни қуриши, мавжудларини таъмирлаши, давлат ва давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш таклиф этилмоқда.

Соҳага хусусий секторнинг жалб қилиниши қувонарли ҳолат, лекин шу билан бирга, давлат боғчалари сони ҳам ошиб бориши керак. Ахир хусусий боғчага пул тўлаш қобилияти бўлмаган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг болаларини қўллаб-қувватлашимиз лозим.

Шунингдек, мактаб ўқувчилари учун жамоат транспортидан фойдаланиш учун табақалашган тарифларни жорий қилиш, яъни улар катталарга нисбатан арзонроқ йўлкира тўлаши ижтимоий адолатдан бўлади. Ёшларимизни кутубхоналардан фойдаланиш имкониятини ошириш, уларни барча учун фойдаланиш эркин бўлган ахборот-маданий марказларга айлантириш маърифатли жамият қуришдек эзгу мақсад рўёбига хизмат қилади.

Умуман, номзод Сайловолди дастури орқали “таълим — инсоннинг устувор ҳуқуқи”ни қўллаб-қувватлаш позициясида муқим турганлигидан далолат беради. Мазкур масалада ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига амал қилиниши муҳим аҳамиятга молик масаладир.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ,

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Маълумки, Президентлик сайловлари доимо демократик давлатлар тараққиёти ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари тизимида муҳим ва марказий ўринни эгаллаб келган. Ҳар қандай демократик жамият ўзагини эркин ва адолатли сайловлар ташкил этади. Айнан мазкур танлов орқали фуқаролар бевосита ёки ўзлари сайлаган вакиллари тимсолида давлат ва жамият ҳаётини бошқариш имконига эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг Сайловолди дастурида фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини такомиллаштириш масалалари ҳам четда қолмаган. Унда фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги бевосита иштирокини кенгайтириш, давлат функцияларини босқичма-босқич нодавлат институтларга топшириш каби ташаббусларни эътироф этиш жоиз.

Ҳар бир шахс ўз фаолиятини амалга оширар экан, биринчи навбатда, ушбу фаолият билан шуғулланиш жараёнида унинг ҳуқуқлари, манфаатлари, жавобгарлик масалаларини тартибга солувчи ҳуқуқий база етарлими, деган савол туғилиши табиий. Бу борада Ўзбекистон Республикасида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг эркин фаолият олиб боришлари қонуний кафолатланган бўлиб, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 72-моддасида ҳамда бир неча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан атрофлича кафолатланди.

Бугунги кунда юртимизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб боради. Шу ўринда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари амалга ошираётган турли лойиҳалар, ижтимоий адолат йўлидаги дадил таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг чин маънода фаол иштирокчисига айлантиришимиз жуда муҳим. Бу жамиятда турли қатламлар ўртасида манфаатлар мутаносиблигини таъминлашга, ижтимоий тенгликни қарор топтиришга яқиндан кўмаклашади.

Номзод дастурида ҳам фуқаролик жамияти институтларини маҳаллий миқёсда қўллаб-қувватлаш, туманлардаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Айтиш жоизки, бугун ҳаётимизни замонавий ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қила олмаймиз. Рақамли технологиялар, сўнгги паллада сунъий интеллектнинг барча жабҳага шиддат билан кириб бораётгани, инсоният тафаккури кун сайин илдамлаётгани бу соҳага жиддий ёндашувни талаб қилмоқда. Замонавий дунёни тушунишда, энг илғор IТдан фойдаланишда ёшлар, албатта, катталарга қараганда пешқадам.

Шу жиҳатдан олганда, ёшларнинг мамлакат ҳаётидаги фаоллигини таъминлаш борасидаги ташаббуслар устуворлик касб этади.

Давлат бошқарувида, давлат хизматларини кўрсатишда, давлат хизматчиларининг салоҳияти ва маҳсулдорлигини баҳолаш кабиларга ахборот-коммуникация технологиялари кириб келди. Бу йўналишларда, юқорида таъкидлаганимиздек, ёшлар анча илғор. Шунинг учун давлат ва ҳукумат бошқарувига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш асносида ёшларнинг куч ва салоҳиятидан фойдаланиш мамлакат равнақи учун ижобий самара беради.

Хулоса шуки, мамлакат етакчилигига номзод дастури партиямиз бирлашмалари, фаоллари ва электорати томонидан билдирилган минглаб таклифлар орасидан давлатчилик ривожи ва жамият фаровонлиги учун энг долзарб, деб топилганлари асосида шакллантирилган.

 

«Ўзбекистон овози», 14.06.2022, №22

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш