ҚАЛБЛАРНИ ҲАЯЖОНГА СОЛГАН ГАПЛАР
  • Миллий юксалиш деганда, биз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтаришни тушунамиз.
  • Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир.
  • Бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда.
  • Даврнинг, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз керак.
  • Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна демакдир.
  • Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур, деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди.
  • Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати – мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!
  • Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!
  • Бу сўзлар мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз томонидан айтилди.
  • Бу сўзлар шиорларга айланмоғи ва ҳар биримизнинг қалбимизга муҳрланмоғи зарур.

 

www.uzbekistonovozi.uz

← Рўйхатга қайтиш