УНУТИЛМАС КУН

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида Оқдарё туманидаги «Pure milk Оқдарё» фермер хўжалиги даласида бўлиб, бу ердаги миришкорлар билан суҳбатлашди. Президент ташрифидан сўнг мухбиримиз мазкур хўжалик раҳбари Воҳиджон Турдиев билан учрашиб, унинг таассуротлари билан қизиқди.

 

— Мен учун бу кун бир умрга унутилмас бўлиб қолади, — деди Воҳиджон Турдиев. — Давлатимиз раҳбарининг даламизга ташриф буюриши, амалга ошираётган ишларимиз билан танишиши ва асосийси, турмуш шароитимиз, иш фаолиятимиз билан қизиқиши қалбимга қувонч бағишлаб, ғайратимизни ошириб юборди. Президентимиз мендан томчилатиб суғоришнинг афзалликлари нимада эканлигини сўради. Мен билганимча жавоб бердим. Сувнинг исроф бўлмаслиги, ғўзанинг асло чанқаб қолмаслигини айтдим.

Қандай қилиб одамларнинг даромадини оширамиз, деган савол мени қийнайди, деди Президентимиз хўжалигимиз даласидаги учрашувда. Бу жуда чуқур савол. Ўйлашимча, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир соҳа ўз аравасини ўзи тортишни ўрганиши, бунинг учун аниқ режа-тадбирга эга бўлиши керак. Масалан, қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш, хомашёни қайта ишлашни кучайтириш зарур. Бунга эришилса, даромад ошади, иш ўринлари кўпаяди.

 Очиғи, Президентимиз қандай ҳаёт кечираётганимиз, рўзғоримиз тўкислиги билан қизиқди. Пайкалларда яшнаб турган ғўзаларга қараб, кутилаётган ҳосилдорлик ҳақида сўради.

 — Гектаридан камида 45 центнердан ҳосил кутяпмиз, — дедим.

 Назаримда, Президентимиз менинг бу жавобимдан қониқмагандай, 45 центнернинг марра эмаслигини эслатгандай бўлди. Кечадан буён қалбимда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳисса қўшишда янада фаол бўлиш фикри тинчлик бермайди. Тўғри-да, мамлакат раҳбари билан учрашиш, суҳбатлашиш ҳар қандай кишига, ҳар бир касб эгасига ҳам насиб этавермайди. Мен эса ана шундай шарафга муяссар бўлдим. Бундан буён бор куч-қувватимни, билим ва тажрибамни танлаган соҳамнинг ривожланишига сарфлайман.

 Фермер хўжалиги бу йил пахтачиликда томчилатиб суғоришни жорий этган. 500 гектар майдон тўлиқ янгича технология асосида суғоришга ўтказилган. Ҳар бир жўякда ғўзага сув етказувчи қувурлар тортилди. Бугун ана шу қувурчалар орқали келадиган об-ҳаёт ғўзаларга жон бағишламоқда.

— Ҳақиқатда ҳам, бу услубнинг афзалликлари кўп экан, — дейди фермер. — Қаранг, ғўзалар бир текис ривожланган. Ғўзанинг ғовлаб кетгани ёки сувсизликдан қовжираб қолганини тополмайсиз. Ҳатто ўт босган ҳудудни ҳам учратмайсиз.

 Фермер хўжалиги фаолиятини чорвачиликдан бошлаганди. Дастлаб чорвачилик фермаси учун бино барпо этилиб, ишга керакли мутахассислар жалб этилди, олимлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Германия ва Голландия мамлакатларидан республикамизга келтирилган «Гольштейн» зотли 2000 бош ғунажин сотиб олинди. Чорва моллари рацион асосида озиқлантирилиб, маҳаллий шароитга мослаштириб борилди. Бугун эса кечаги ғунажинлар соғин сигирга айланган.

 — Ҳар бош сигирдан кунига ўртача 30 литр сут соғиб олинаяпти, — дейди Воҳиджон Турдиев. – Аммо бу натижа биз учун марра эгалланди, дегани эмас. Маҳсулдорликни ошириш йўлларини қидиряпмиз. Иш ўринлари ҳам йил сайин кўпайиб бораверади. Айни пайтда 150 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланган. Ҳар куни соғилган сут Тойлоқдаги сутни қайта ишлаш корхонасига олиб кетилади. Сут бу корхонада кефир, сметана, қаймоқ, пишлоқ, бринза каби тайёр маҳсулотларга айлантирилиб, ички бозорда сотилаяпти.

 Фермага чорвачиликни ривожлантириш учун 660 гектар майдон ажратилган. Бу майдонларда ғалла, маккажўхори, беда, жавдар сингари озуқабоп қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилади.

 Оқдарёдаги «Pure milk Оқдарё» фермер хўжалиги раҳбари ва аъзолари давлат раҳбари билан ўз далаларида бўлиб ўтган унутилмас учрашув таассуротлари ва ҳаяжонлари билан яшамоқда. Фермер хўжалиги раҳбари Воҳиджон Турдиевнинг тўлқинланиб гапиришидан ҳам бу сезилиб турибди.

 

 Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Теглар

Тошкент zhahon
← Рўйхатга қайтиш