Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ИНСОННИ УЛУҒЛАГАН ҚОМУСИЙ ҲУЖЖАТ

7 Дек 2017

Олий Мажлис ­Қо­нунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси «Конституция — ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти асоси» мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Унда фракция аъзолари, партиянинг Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоят кенгашлари фаоллари, Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Конституциямизнинг яратилиш тарихи, унда инсон қадр-қиммати улуғлангани ҳақида атрофлича маълумотлар берилди, мисоллар келтирилди.

— Ҳар қандай мамлакатнинг давлатчилик асослари, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти қонунлар билан тартибга солинади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев. — Шу маънода юртимизда рўй бераётган улкан ўзгаришларда Конституциянинг ўрни беқиёс.

Конституцияни ишлаб чиқишга икки йилдан ортиқ вақт кетганлиги, бу шарафли, айни вақтда масъулиятли вазифага шахсан Биринчи Президентимиз бошчилик қилгани кўпчиликка маълум. Бу жараёнга республикамизнинг энг етук мутахассислари, олимлари жалб этилган эди. Ривожланган давлатларнинг конституциялари атрофлича ўрганиб чиқилди. Шу билан бирга, унинг моҳиятига халқимиз асрлар давомида ардоқлаб келаётган беназир қадриятлар сингдирилди. Тайёрланган лойиҳа эса умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди. Ана шундай омиллар туфайли Конс­титуция­миз мукаммаллик, улуғворлик намунаси бўлган ҳуқуқий ҳужжатга айланди.

Бугун юртимизда Асосий Қонунимиз мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли улкан ютуқларга эришилаётир. Зотан, дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон номи алоҳида ҳурмат ҳамда эҳтиром билан тилга олинаяпти. Шунинг ўзиёқ танлаган йўлимиз нақадар тўғри эканлигининг ва амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалда самара бераётганининг ҳаётий тасдиғидир.

— Конституциямиз халқи­мизнинг орзу-умидлари, иродасини ўзида жамлаган қомусий ҳужжатдир, — дейди Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлари номзоди Игорь Кудрявцев. — Унда белгиланган кафолатлар фуқароларнинг озод ва обод Ватанда эркин ва фаровон яшаши, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлишини таъминлайди.

Асосий Қонунимизнинг устуворлиги хусусида сўз кетганда, энг аввало, унда инсон омили, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий мақомга кўтарилганини таъкидлаш лозим. Чунки муқаддиманинг дастлабки сатрларидаёқ инсон ҳуқуқлари акс этган. Конституциямиз хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, хоҳ ёш ёхуд кекса, соғлом ёки ногирон — барча инсонлар манфаатларини бирдек ифодалайди. Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар ҳуқуқлари алоҳида давлат ҳимоясига олиниши, ушбу масала конституциявий норма даражасида ифодаланиши катта аҳамиятга эга.

Конституциямизда халқимиз азиз билган, ардоқлаган қадриятлар ўз аксини топган. Хусусан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзанд­лар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган. Оила эса жамиятнинг асосий бўғини сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари ҳам сўзга чиқиб, Конституцияни чуқур ўрганиш, унда белгиланган ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланиш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Давра суҳбатида Президентимизнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида ҳам ёшларга атрофлича тушунча берилди.

Ёшларнинг миллий қонунчилигимиз ва қонунларни қабул қилиш жараёнлари тўғрисидаги саволларига депутатлар жавоб беришди.

 

Гулруҳ САЙФИДДИНОВА