Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

МУҲИМ МАСАЛАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

12 Янв 2018

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг Ижроия қўмитаси кенгайтирилган йиғилишида қатор устувор вазифаларга келишиб олинди.

Жумладан, мамлакатимиз аҳли ва жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш ҳамда эътибор билан кузатган муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентининг илк бор миллий парламентимиз – Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устуворликлар белгиланди.

Бу борада қабул қилинган чора-тадбирлар режасининг ижросига партиямиз сафларида хизмат қилаётган ҳар бир ходим ва депутат бор салоҳиятини сафарбар этиши лозим. Зотан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддатини уларнинг бевосита иштирокчиси сифатида тўла ҳис этиш мумкин.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя бугун ҳар биримизнинг фаолиятимиз мезонига айланиши, хусусан, бундан буён ишга эскича ёндашиб бўлмаслиги, аксинча партия ва фракциянинг ҳар бир аъзоси Мурожаатномада билдирилган асосли танқидлардан келиб чиқиб иш ташкил этиши зарур.

2018 йилдан бошлаб депутатларнинг қонун ижодкорлигига қўшган ҳиссаси, аҳоли билан ўтказган юзма-юз учрашувлари, киритган амалий таклифлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги ва шахсий ташаббускорлиги бўйича ҳар ойлик мониторингни йўлга қўйилади. Ўз навбатида партия ташкилотларида хизмат қилаётган мутахассислар ишининг самарадорлигини ошириш бўйича ҳам қатъий чоралар кўрилади.

Бугун белгилаб олинган бу ва бошқа вазифалар ижроси дастурий мақсадларимизнинг изчил равишда ҳаётга татбиқ этилиши эканини алоҳида инобатга олиш жоиз.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Матбуот хизмати.