Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ДЕПУТАТЛАРНИНГ 20 ГА ЯҚИН СЎРОВИ

13 Фев 2018

жавобсиз қолдирилди. Лекин ҳеч ким маъмурий жавобгарликка тортилгани йўқ...

Бугун шиддат билан ўзгараётган давр ҳудудий партия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтиришни, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида ташаббускорликни оширишни талаб этмоқда.

ЎзХДПнинг маҳаллий ташкилотлари, партия гуруҳлари томонидан Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан қатор амалий ишлар олиб бориляпти. Аммо бу ишлар ҳали қониқарли даражада эмас. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, ҳисоботларга эътибор берсак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида гўёки ижобий ўзгаришлар юз бераётгандек туюлади, лекин улар фақат рақамларда акс этмоқда, холос. Бизга рақамлар эмас, аниқ натижа керак.

Хўш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада кучайтириш учун нима қилиш керак? Депутатлар ўз ваколатларини амалга оширишига нималар тўсиқ бўляпти? Бугун маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасида қандай вазифалар турибди?..

«Депутатга беписандлик — халққа беписандлик» деб номланган янги рукн остида ушбу масалалар ҳақида депутатлар, партия фаоллари, мутахассислар, турли соҳа вакилларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини бериб бориш режалаштирилган.

 

130220181+.jpgДилшод НОРМАТОВ, Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Депутатлар фуқаролар мурожаатлари асосида тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқиш ваколатига эга. Аммо айрим ҳолларда мансабдор шахсларнинг депутатлик сўровига нописандлик билан қараш ҳоллари кузатиляпти. Ёки баъзи ташкилотлар раҳбарлари мурожаатларга шунчаки умумий жавоб бериш билан чекланади. Таҳлилий, атрофлича тушунтириш йўқ. Бу эса сайловчиларнинг депутатларга ишончи сусайишига олиб келмоқда. Депутат учрашувларда аҳолининг мурожаатларини ёзиб олиб, уларга ечим топишга кўмаклашишга ваъда беради. Айрим раҳбарларнинг лоқайдлиги сабабли депутат учрашув ўтказган ҳудуддаги муаммо очиқлигича қолиб кетади. Депутат кейинги гал учрашув ўтказганда ечилмай қолган муаммо яна кўтарилади, ­албатта. Шунда депутат одамларга нима деб жавоб беради? «Ташкилот ҳалигача мурожаатга жавоб бергани йўқ ёки тўлиқ жавоб ололмадик,» дейдими?..

Мана, масалан, Ғаллаорол туман Кенгаши депутати Сайдулла Рўзиқулов ўтган йилнинг бошида Жарбулоқ қишлоғидаги электр симёғочларини янгилаш бўйича туман электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови билан чиқди. Аммо йил тугади ҳамки, ташкилотдан бирон бир жавоб бўлмади.

Ўтган йилнинг июль ойида туман Кенгаши депутати Шафоат Сафарова Корисқудуқ қишлоғидаги ички йўлларни таъмирлаш масаласида туман йўллардан фойдаланиш корхонаси раҳбарига мурожаат билан чиққан. Аммо шу вақтга қадар ушбу депутатлик сўровига ҳам жавоб берилмаган.

Бундай мисолларни бошқа туманлардан ҳам келтириш мумкин. Ўтган йили вилоят миқёсида партиямиздан сайланган депутатлар томонидан тегишли ташкилотлар ва корхоналарга 313 депутатлик сўрови киритилган бўлса, уларнинг 263 таси ҳал этилди. Қолганлари назоратга олинган, 20 га яқини умуман жавобсиз қолдирилган.

Тўғри, қонунда депутатлик сўрови жавобсиз қолдирилган ҳолатлар бўйича маъмурий жавобгарлик белгиланган. Аммо бу амалда қўлланилаётгани йўқ.

Аҳолини ўйлантираётган масалаларга мутасадди ташкилотлар эътибор билан қараса, улар жойида ҳал этилса, муаммо илдиз отмайди, аксинча, одамлар ҳаётидан рози яшайди. Раҳбар ходимлар депутатлик сўровига масъулият билан ёндашса кичик-кичик масалалар катталашмайди, деб ўйлайман.

 

130220182.jpgХолмамат ХЎЖАҚУЛОВ, Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари электорат манфаатларини кўзлаб, қонунлар, меъёрий ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини кўзлаб, бирор соҳа бўйича ечимини кутаётган масалани сессияга киритади. Шу орқали ҳудудлардаги муаммоларга маҳаллий ҳокимлик ва соҳага алоқадор мутасадди ташкилот раҳбарларининг эътибори қаратилади. Кун тартибига киритиладиган масала дастлаб депутатлар, партия фаоллари томонидан ўрганилади. Бажарилиши лозим бўлган вазифалар борасида муайян хулосага келиниб, тегишли идора ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўйилади. Аммо кўп ҳолларда сессияларда қабул қилинган қарорлар қоғозда қолиб кетади. Сессия ўтдими, ўтди, кейинги масалани ўрганиш давом этаверади.

Афсуски, депутатлик гуруҳлари томонидан сессиялар кун тартибига олиб чиқилган масалалар бўйича қабул қилинган қарорлар ижро этилмай қолиб кетиш ҳоллари учраб турибди. Бундай ҳолатлар билан мутлақо келишиб бўлмайди.

Депутатлар сессияда қабул қилинган қарорлар ижросини мунтазам назорат қилиб боришлари керак. Муаммолар ечими юзасидан мутасадди ташкилотлар олдига қўйилган вазифалар бажарилишини мониторинг қилиш, керак бўлса, уларга елкадош бўлиб, аҳолини қийнаётган масалаларга биргаликда ечим топишлари зарур.

Сиёсий партиянинг асосий кучи маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳисобланади. Улар фаолиятини кучайтириш ҳудудлардаги ижтимоий масалаларни комплекс ўрганиш ва ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, ҳудудий дастурларнинг бажарилиши ҳамда бюджетдан ижтимоий соҳага ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу масалалар аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаати билан бевосита боғлиқ.

Зиммамизда турган вазифалар кўлами ва масъулиятини тўлиқ ҳис этиб турибмиз. Ҳаётни чуқур ўрганиб, аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни кўпайтиришимиз керак. Орамизда одамларни безовта қилаётган ижтимоий масалаларни ўрганиб, таҳлил этиб, амалий таклифлар беришга етарли аҳамият қаратмаётган депутатлар ҳам борлигидан кўз юма олмаймиз. Аммо бугун одамлар ҳар биримиздан ташаббус ва амалий ишлар кутяпти. Биз ижтимоий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, унинг самарадорлигини ошириш юзасидан маҳаллий Кенгашлар даражасида нафақат қарорлар қабул қилишга, балки унинг ижроси таъминланишига эришишимиз зарур.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалл... Батафсил