Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

130 НАФАР ҚИШЛОҚ ЁШЛАРИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ

13 Фев 2018

Сурхондарё вилояти марказидан қарийб 200 километр олисда жойлашган Сариосиё туманида 200 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Қисқа даврда ҳудудда ўнга яқин йирик ишлаб чиқариш корхоналари иш бошлади. Ана шундай мажмуалардан бири «Шўртаннефтгаз» масъулияти чекланган жамиятига қарашли «Шўртаннефтгаз текстиль» унитар корхонасидир. У ерда эркаклар, аёллар ва ёш болалар учун пайпоқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

 

– Бир йилда 10 миллион жуфт маҳсулот тайёрлаш имконияти яратилган, – дейди бош технолог Набижон Иброҳимов. – Унинг 80 фоизи «ST» ёрлиғи асосида хорижга экспорт қилинса, қолган қисми ички бозорга етказиб берилади.

– Янги корхонанинг иш бошлагани айни муддао бўлди, – давом этади ишчи Мафтуна Солиева. – Қисқа даврда Италия, Шотландия ва бошқа хорижий мамлакатлардан келтирилган дастгоҳларни ишлатишни ўргандик. 130 нафар тенгдошимиз иш жойлари билан таъминланди. Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар рақобатбардош ва бежиримлиги билан ­харидорларга манзур бўлаётганидан хурсанд­миз.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.