Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ТАЪМИНОТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ

13 Фев 2018

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти матбуот анжумани ўтказди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамиз бўйича 6 миллион 143 минг истеъмолчи газ ёқилғиси билан таъминланган. Шундан 3 мил­лион 300 мингдан ортиқ уй-жой ҳамда 83 мингга яқин улгуржи истеъмолчига табиий газ, 2 миллион 760 минг аҳоли хонадонларига эса суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

— 105,8 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланиб, 239,7 километр газ қувурлари реконструкция қилинди, 68 мингдан ортиқ газ тақсимлаш пунктлари қайта текширилиб, 7 минг километр­га яқин қувурлар босим остида синалди, — дейди «Ўзтранс­газ» АЖ бош­қарма бошлиғи Акмал Эшонқулов. — Бу йилги мавсумда қўшимча равишда 21 минг 723 тонна суюлтирилган газ ажратилганлиги боис, ҳар бир хонадоннинг ойлик ўртача таъминот даражаси 10 килограмм­дан 15 килограмм­га оширилишига эришилди.

Тадбирда 2018 йил 1 апрелдан аҳолига сотиладиган 1 килограмм суюлтирилган газ нархи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 700 сўм, қолган ҳудудларда 500 сўм этиб белгиланиши ҳамда 2018 йил 1 августдан эътиборан эса Республикамизнинг барча ҳудудларида суюлтирилган газ аҳолига 1 килограмм учун 800 сўмдан етказиб берилиши таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз айни пайт­да 1 килограмм суюлтирилган газ нархи Қорақалпоғистон Республикаси ва ­Хоразм вилоятида 720 сўм, водий вилоятларида 644,7 сўм, Тошкент вилоятида 606 сўм, Бухоро ва Навоий ви­лоятларида 450 сўм, Самар­қанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 372 сўм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 327,6 сўм этиб белгиланган.

— Нима сабабдан суюлтирилган газнинг 1 килограмми аҳолига айнан 800 сўм қилиб белгиланди?

ЖАВОБ:

 — Бугунги кунда аҳолига етказиб берилаётган суюлтирилган газ харажатлари кўпа­йиб кетаётганлиги, бу жараёнда кўплаб ходимлар ҳамда транспорт воситаларининг иштирок этаётганлиги биринчи омил бўлса, иккинчиси, кўтарилган нархда тушадиган маблағлар кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилашга сарфланади. Бундан ташқари газдан беҳуда фойдаланиш ҳолатларининг олдини олади ва тежамкорликка ундайди, деган умиддамиз.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.