Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ДЕПУТАТЛАР ҲОКИМ ҲИСОБОТИНИ ЭШИТДИ

13 Мар 2018

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг сессиясида Самарқанд вилояти ҳокимининг 2017 йилда вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, 2017 йилда вилоят ялпи ички маҳсулоти ҳажми 18 триллион 319 мил­лиард сўмга етиб, 102 фоиз бажарилган. Саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида ҳам барқарор ўсиш суръатлари таъминланган. Ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 96 миллион долларни ташкил этди.

Йил давомида хорижий сармоя иштирокида 56 янги корхона ташкил этилиб, уларнинг сони 291 тага етди. Вилоятдаги 44 давлат мулки объекти инвестиция киритиш шарти билан «ноль» харид қийматида тадбиркорларга берилди. 3 минг 259 кичик бизнес субъекти янгидан фаолият бошлади.

Вилоятни ҳудудий ривожлантириш дастурига асосан саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида 2 минг 252 лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида 20 минг 300 га яқин янги иш ўрни яратилди.

Инвестиция дастури асосида республика бюджетидан ажратилган 148,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 178 ижтимоий соҳа объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Ҳисоботда, шунингдек, коммунал соҳа, соғ­лиқни сақлаш тизими, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида ва бошқа йўналишларда бажарилган ишлар қайд этилиб, 2018 йил учун белгиланган устувор вазифалар ҳақида маълумот берилган.

Шунингдек, сессияда 2017 йилдаги фаолияти юзасидан вилоят прокурори ва ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ҳисоботлари, вилоятдаги судлар раисларининг ахборотлари тингланди.

Ҳисоботлар юзасидан депутатлар таклиф ва тавсиялар билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.