Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ТУРМУШ МАДАНИЯТИ ЮКСАЛМОҚДА

18 Май 2017

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Сирдарё вилоят кенгаши фаоллари, депутатлар билан бирга Мирзаобод туман ҳокимлигига етиб борганимизда соат эрталабки 9 га яқинлашиб қолганди. Ёнимиздаги ҳамроҳларимиздан бири халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Муроджон Ҳайитов тушунтириш берди: «Тадбирдан олдин оилавий бизнесини бошлаган хонадонларга борамиз. Уларнинг иши билан яқиндан танишамиз».

Дастлаб «Янги овул» маҳалласида бўлдик. У ердаги бир неча хонадонда иссиқхоналар ташкил этилган экан.

— Шу йилнинг ўзида маҳалламиздаги йигирмадан зиёд эҳтиёжманд оилага имтиёзли кредитлар ажратилди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мустафо Тўраев. — Маблағларнинг аксарият қисми иссиқхоналар қур­иш учун йўналтирилди. Март ва апрель ойларида экилган бодринг­дан олинаётган ҳосил хонадон эгаларини мамнун қиляпти.

— Тўғрисини айтсам, ҳовлимизда бўш турган жойдан шунча даромад қилиш мумкинлигига унчалик ишонмаган эдим. Шунга дастлаб кредит олишга бироз чўчидик, — дейди оила бекаси Комила Қўзиева. — Бир ой олдин мутахассислар иссиқхонани ўрнатиб, бодрингни қандай экиш кераклиги ҳақида маслаҳат бериб кетишганди. Ана-мана дегунча ҳосил ола бошладик. Ҳар икки кунда 30-35 килодан бодринг териб оляпмиз.

Ҳовлига назар солдик. Иссиқхонадан ташқарида яна кафтдеккина ер бор. Унда картошка, редиска, сабзи, помидор ва турли кўкатлар бўй чўзган.

Яна бир неча хонадонда ҳам шу каби манзарага гувоҳ бўлдик. Кейинги манзилимиз «Наврўз» маҳалласи бўлди. Бу ернинг одамлари кўпроқ чорвачилик билан шуғулланар экан.

— Одамлар билан юзма-юз мулоқот қилишнинг самараси катта бўлмоқда, — дейди халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Алишер Тошматов. — Партия гуруҳимиз аъзолари билан ҳар ойда туманларда бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганяпмиз. Биласизми, аксарият мурожаатлар биргина депутатлик сўрови билан ечим топади. Асосийси, одамларда турмуш маданияти юксалаётгани яққол сезиляпти. Жойлардаги мулоқотларда фақат муаммолар айтилаётгани йўқ, таклифлар ҳам билдириляпти.

Биз шулар ҳақда гаплашиб турганимизда, депутатлар қўшни ҳовлида қурилаётган 10 сотихлик иссиқхона билан танишиб қайтди. Айтишларича, хонадон соҳибининг икки ўғли 7 миллион сўмдан кредит олибди.

Улар иссиқхона иши йўлга қўйилгач, навбатдаги бизнес режа учун кредит олишни мақсад қилишмоқда.

Мирзаобод ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежига келганимизда кун пешинга оғиб қолганди. Муассаса ҳовлиси одамлар билан тўла. У ерда меҳнат ярмаркаси ўтказилаётган эди. Тумандаги идора ва ташкилотлар масъуллари коллеж битирувчилари, вақтинча ишсиз аҳоли вакилларини бўш иш ўринлари билан таништирди, меҳнат қонунчилиги хусусида атрофлича маълумотлар берилди.

Шундан сўнг партиянинг Сайловолди дастури ижроси, амалий ишлар ҳамда мавжуд муаммоларга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Уни ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Акмал Турсунбоев очди.

— Эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш долзарб вазифалардан биридир, — деди у. — Аҳолига берилаётган имтиёзли кредитлар эвазига бугун нафақат туманда, балки вилоятимизда ҳам кўпчилик ўз ишига эга бўляпти. Албатта, кредит бу қарз. Вақти келиб уни қайтариш керак. Шунинг учун ҳар бир ишни пухта режалаштириб олиш лозим. Бу борада партия фаоллари ва депутатларнинг ҳам ёрдами зарур.

— Ҳақ гап айтилди. Одамлардаги боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бугун ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд бўлган фуқаро эртага жамиятнинг фаол аъзосига айланади, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Бунинг учун ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтиришимиз керак.

Электорат вакиллари ўзларини ўйлантираётган масалалар бўйича депутатларга мурожаат қилишди.

Мулоқотда банкдан имтиёзли кредит олиш, эҳтиёжманд оилаларга уй-жой учун ер ажратилиши, тиббий хизмат сифатини яхшилаш масалаларида ҳам муаммолар ўртага ташланди. Ҳар бир савол юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилиб, мутасаддилар иштирокида ҳал қилишга келишиб олинди.

Тадбир якунида коллеж битирувчиларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил