Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ АСОСЧИСИ

14 Апр 2018

Самарқандда «Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси» мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ислом Каримов номидаги хайрия жамоатчилик фонди ва бошқа вазирлик, идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда юртимиз ва хорижлик тарихчи олимлар, сиёсатшунослар, жамоат арбоблари иштирок этди.

Конференциянинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев,Ислом Каримов номидаги хайрия жамоатчилик фонди таъсисчиси Т.Каримова, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т.Ширинов, Самарқанд давлат чет тиллар институтидаги Конфуций институтининг Хитой томонидан раҳбари Лю Тао, Қозоғистон-немис университети бўлим бошлиғи Раушан Серик ва бошқалар Ислом Каримовнинг мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси сифатида амалга оширган ишлари ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом Каримов номини абадийлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар туфайли Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида Биринчи Президентимиз ҳайкаллари ўрнатилди. Ислом Каримов дафн этилган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр масжиди мажмуасида миллий меъморчилик анъаналари асосида мақбара ва кўркам зиёратгоҳ барпо этилди. Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳи Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси сифатида қайта ташкил қилинди. Жорий йил январь ойида мамлакатимизда буюк давлат арбоби, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланди.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги илмий, маданий алоқаларнинг ёрқин ифодаси сифатида Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Конфуций институтлари очилиши ёки Хитойдаги нуфузли университетларда ўзбек тили кафедралари ташкил этилиб, ҳамкорликда мутахассислар тайёрланаётгани Ислом Каримов номи билан узвий боғлиқ, — дейди Самарқанд давлат чет тиллар институтидаги Конфуций институтининг Хитой томонидан раҳбари Лю Тао. — Чунки икки давлат раҳбарларининг ҳар бир учрашувида бу борада ҳамкорлик юзасидан битимлар имзоланиб, илмий-гуманитар алоқаларимиз йил сайин мустаҳкамланди. 2014 йилда Самарқандда ташкил этилган институтимиз ҳам давлатларимиз раҳбарларининг 2013 йилдаги учрашувлари чоғида эришилган келишувлари маҳсулидир. Айни пайтда бу ерда ўзбекистонлик ёшларга хитой тили ва маданияти ҳақида кенг тушунча берилмоқда.

Ялпи мажлисдан сўнг шуъбаларга бўлинган ҳолда, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши ва мустаҳкамланиши, халқаро алоқаларни ривожлантиришда Ислом Каримовнинг қатъиятли сиёсати, беқиёс ўрни ва роли ҳақида маърузалар тингланди.

Халқаро конференция иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара мажмуасини зиёрат қилди.



Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.