Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ХАЛҚИМИЗ МЕҲРИНИ ҚОЗОНГАН АДИБ

16 Апр 2018

Чингиз Айтматов асарларида қаламга олинган ижтимоий ва ахлоқий муаммолар, севги-муҳаббат, ҳис-туйғу, нозик кечинма, висол онларию айрилиқ изтироблари, овулдаги маиший ҳаёт манзаралари, адолат ва ёвузлик ўртасидаги мангу кураш, глобаллашув замонининг баданни жунжиктирувчи шамоллари бир минтақа ёки бир миллатга эмас, бутун инсониятга, унинг ютуқ ва камчиликлари, зукколигию беғамлиги бирдек тааллуқлидир. Шу боисдан ҳам адиб асарлари ҳамма жойда: Осиё ва Африкада, Европа ва Америкада дунё тилларига муттасил таржима қилинади, қайта-қайта нашр этилади, севиб мутолаа қилинади. Кучли мунозараларга сабаб бўлади, ҳар бир асар ҳақида унинг ҳажмидан бир неча баробар кўп илмий таҳлиллар, баҳсли мақолалар, тақризлар, баъзан эса раддиялар ҳам ёзилади.

Айтматов асарлари ўқувчини фикрлашга, ҳаётни кузатишга, одамлар ва уларнинг талаб-эҳтиёжларига яқинроқ бўлишга, бир-бирларини тушунишга, воқеа-ҳодисалар моҳиятини идрок этишга ва улардан хулоса чиқаришга ундайди.

Адиб ижодининг етакчи хусусиятларидан бири шуки, у ўз фикри, дунёқараши ёки бирор воқеага муносабатини ўқувчига тиқиштирмайди, фақат мана шу — ҳақиқат, бошқаси бекор, демайди, аксинча, тўғри йўл ва тўғри ечимни топишни унинг ўзига қолдиради. Бу эса асарларининг таъсир кучи, бадиий-эстетик қуввати ва тарбиявий аҳамиятини оширади. Буни «Жамила», «Момо ер», «Эрта келган турналар», «Оқ кема», «Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар», «Кассандра тамғаси» асарларида яққол кўриш мумкин. Улардаги қаҳрамонларнинг тақдири ҳар хил, бири икинчисидан кескин фарқ қилади, аммо самимийлик, очиқ кўнгиллилик, меҳнатсеварлик, тақдир зарбаларига қарши курашиш туйғуси уларни бирлаштириб туради. Шу боис ўқувчи Жамила ва Дониёрни, чўпон Танабойни, Бола ва Мўмин чолни, биринчи ўқитувчини, Эдигей ва Абутолибни, Авдий ва Бўстонни чин дилдан севиб қолади, уларни ўзининг эски қадрдонларидай қабул қилади. Қариб, мадордан кетган Гулсор от, қувғинга учраган бўри Акбара, неча авлодлари учун паноҳ бўлган жойидан маҳрум этилаётган аламзада Жаабарсга ачиниб кетади.

Бадиий адабиётда бу даражага эришиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Чингиз Айтматовнинг маҳорати шундаки, у ўзи дилдан ҳис этган, маъно-моҳиятини англаган, ёзувчилик, зиёлилик қалбини безовта қилган воқеа-ҳодисалар ҳақида ёзади.

Адибнинг серқирра ижоди бадиий адабиёт ихлосмандлари қаторида бошқа касб эгаларини ҳам ўзига оҳанрабодек тортади. Бунинг боиси шуки, Чингиз оға бутун ижоди давомида наинки бугуннинг, айни чоғда эртанинг, яқин келажакнинг ҳам фавқулодда муҳим, бошқалар айтишга журъат эта олмаётган муаммоларини ўзига хос жасорат, синчковлик билан тадқиқ этди. Халқнинг тилида ва дилида турган, пишиб етилган, айтилмаса бўлмайдиган гапларни катта ижодий жасорат билан жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этди. Унинг ҳар бир чиқишида аниқ ижтимоий позиция, тиниқ ва ўткир нуқтаи назар бўлади.

Айтматов ҳар қандай ҳолатда ҳам баҳсга киришишдан, бошқаларни тинглашдан чўчимади, кимларнингдир тайёр, бировга озор етказмайдиган хулосалари ёки муносабатига суянмади. У қирғиз адабиётига янги шакл ва мазмун, янгича шижоат олиб кирди, ижод умрининг охиригача ўз сўзини айтматовчасига дангал ва ошкора айтиб келди.

Чингиз Айтматов ўзбек китобхонларининг ҳам севимли адиби эди. У Ўзбекистонда она юртидагидан кўра ҳам машҳур десак, муболаға бўлмас. Айтматовнинг деярли барча асарлари ўзбек тилига маҳорат билан ўгирилган, неча юз минг нусхада қайта-қайта босилиб чиққан. Айтматов қалбан ҳам, ижодининг руҳи, мавзулари, қаҳрамонларининг ўй-хаёллари билан ҳам бизга яқин қадрдон эди. Адиб қиссаларининг воқеалари асосан қирғиз диёрида кечса-да, уларда бир вақтлар ягона Туркистон номи билан аталган қадим минтақага бевосита дахлдорлик, дардкашлик, куюнчаклик бор. Айтматов ўртага ташлаётган муаммолар, уни ташвишга солаётган, ўйлантираётган жумбоқлар қирғизу қозоққа, ўзбеку тожикка, туркману қорақалпоққа баробар тегишлидир.

Чингиз Айтматов миллий адабиёт ривожини тоғ чўққилари қадар юксакликка кўтара олган, ноёб истеъдоди ва ижодий жасорати билан дунёни ҳайратга сола билган адиблар сирасига киради. У адабиётдаги мафкуравий бир хилликни, мафкуравий анъанавийликни кутилмаганда бузиб ташлади. У ўз ўқувчисини ҳамма учун таниш бўлиб қолган равон, бехатар йўлларга эмас, чағир тошлардан иборат машаққатли сўқмоқларга, баланд довонларга етаклади. Китобхонни ортиқча қийнамайдиган, толиқтирмайдиган енгил ечимлардан воз кечиб, дастлабки ҳикоялари, публицистик мақолаларидаёқ ҳаётда текис йўллар, бахтли интиҳолар билан бирга қалтис тасодифлар, хавфли бурилишлар, боши берк кўчалар, етиб бўлмас манзиллар ҳам борлигини урғулади.

Айтматов ижоди адабиётшунос олим ва таржимон Асил Рашидов тўғри таъкидлаганидек, «ўз-ўзидан, қуппа-қуруқ заминда юзага келмади. Аксинча, бир халқ иккинчисидан, ёш авлод кекса авлоддан, бир ёзувчи иккинчи ёзувчидан сабоқ ўрганиб келгани сингари унинг ноёб истеъдоди ҳам мавжуд ижтимоий шароитда ва янги тарихий заминда юзага келди ва тез суръатлар билан равнақ топа билди». Айтматов ижод оламига қирғиз адабиётидаги, тоғ ва дашт ўлкаси деб ном олган бу қадим тупроққа ёндош бошқа миллий адабиётлардаги, хусусан, ўзбек адабиётидаги энг сара тажрибаларни чуқур ўзлаштирган, мағзини чаққан ҳолда кириб келди, десак хато бўлмайди. Муҳими шундаки, Чингиз оға собиқ тузумнинг қон-қонимизга, онг-шууримизга сингиб кетган мафкуравий қадриятларидан воз кечиш пайти келганини бошқалардан кўра эртароқ пайқади. Адабиётшунос олим Қ.Бобулов айтганидай, Айтматов ўзидан олдинги касбдош оғаларнинг бешигида улғайган бўлса-да, бундан буён (яқинлашиб келаётган янги шароитда) бу иссиқ бешикда тинч, бамайлихотир ётавериш мумкин эмаслигини сезган эди.


_______________________

Чингиз Айтматов асарларини ўзбек тилига таржима қилган фидойи таржимонларимиз:


140420187.jpg

Асил РАШИДОВ

140420188.jpg
140420189.jpg

Иброҳим Ғофуров

1404201810.jpg

Тадқиқотчи олим К.Асаналиев Айтматов ижодига хос хусусиятлардан бирини мана бундай изоҳлайди: «Чингиз Айтматов ўз сўзига, ижодига ёлғон аралаштирмаган, қаҳрамонларига ҳеч қачон ёлғон бир сўз ҳам демаган, ҳақиқат қанчалик оғир бўлмасин, уни таг-тугигача айта олган ёзувчилар сирасига киради. Шу жиҳатдан олиб қараганда, у аёвсиз чинсўз, ростгўй ёзувчи. Қаҳрамонига, асарига нисбатан аёвсизлиги ёзувчига хос оқ ниятдан, турмушда учраб турадиган зиддиятларни сийпаламай, тараб-бутамай асл ҳолича айтиш мақсадидан келиб чиқади».

Чингиз Айтматов Ўзбекистон ҳақида, халқимизнинг жасоратли меҳнати, ақл-заковати, тарихи ва буюк келажаги тўғрисида ўнлаб мақолалар ёзган. Машҳур «Пахтанинг ойдин йўли» мақоласи ўша йилларга хос меҳнат жасоратини ўзида тўла ифода этганди. Унда гап фақат пахта ҳақида, ўзбеклар уни қойиллатиб экишию тер тўкиб йиғиштириб олиши хусусида эмасди. Айтматов ўшанда катта минбардан туриб халқимизга, унинг маънавий-ахлоқий қадриятларига ҳурмат-эътиборини изҳор этган эди.

Чингиз оғанинг халқимизга бўлган меҳру-муҳаббати чиндан ҳам чексиз эди. Ҳар гал юртимизга келганида қаламкаш дўстлари билан ижодий суҳбатлар қурарди. Содир бўлаётган ўзгаришлардан худди шу эл фарзандидай фахрланарди. Ўзбекистоннинг халқаро майдонда обрў-эътибори ошиб бораётганидан мамнунлик изҳор қиларди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Туркистон бирлиги ғоясини биринчилардан бўлиб қувватлаган ҳам Чингиз Айтматов бўлди. Шу мавзуда пойтахтимиз Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари зиёлиларининг таъсис қурултойида Айтматов маънавий бирлик заруриятини қатъий ҳимоя қилди, маънавий бирлик — янги тарихий шароитда миллий юксалиш ва тараққиётга элтувчи ягона тўғри йўл эканлигини ғоят куюнчаклик билан изоҳлаб берди.

Биз, адабиётчилар янги тарихий шароитда янги муаммоларга дуч келдик, — деган эди адиб. — Адабиётнинг бугунги вазифаси кечаги ўтган кунимиздаги вазифадан, зиёлининг жамият олдидаги ўрни ва масъулияти кечагидан тамомила фарқ қилади. Ҳаёт, одамларнинг турмуш тарзи, ўй-фикрлари тамомила ўзгариб кетди. Ҳозир, айтишим мумкинки, биргина Ўзбекистон ёки Қирғизистонда эмас, бутун минтақада, бутун дунёда ўзига хос тозариш жараёни давом этмоқда. Ўзликни англаш, ўзликка қайтиш фасли бораётир. Тамойиллар ҳам, таомиллар ҳам ўзгарди. Миллий, умуминсоний қадриятлар қайтадан қаддини тикламоқда. Қуриб қолаёзган, кўзлари ёпиб ташланган булоқлар, чашмаларнинг кўзлари очилмоқда. Умумбашарий тафаккур онг-шууримизга сингмоқда. Бундай шароитда адабиёт ўзгармай қолиши мумкинми? Ҳамон эскича ёзиш, кечаги кун ютуқлари билан қаноатланиб ўтириш мумкинми? Мумкин эмас! Адабиёт энди чинакамига халқчил, миллатпарвар, маънавий тараққиётимизнинг садоқатли хизматкори бўлиши керак. Адабиёт учун, сўз учун шундай бир тарихий имконият вужудга келди. Буни қўлдан бой бермайлик... Марҳамат, ёзинглар, янги романлар, қиссалар, драмалар, шеърий китоблар яратинглар. Бир-бирингиздан ўрганинглар, бир-бирингизнинг энг яхши асарларингизни дунё тилларига таржима қилинглар. Бепарво юраверсак, бир-биримиздан узоқлашиб кетамиз, бир-биримизни тушунмай қоламиз».

Адибнинг бу сўзлари чорак аср аввал эмас, худди куни кеча айтилгандек туюлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий алоқаларга янгича ёндашиш, дўстлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини юқори босқичга кўтариш сиёсати туфайли бугун минтақада кўтаринки руҳ, яхши кайфият ва ҳамжиҳатлик муҳити юзага келди. Давлатимизнинг юксак мукофотлари — «Дўстлик» ва «Буюк хизматлари учун» орденларига сазовор бўлган, халқимизнинг чексиз меҳрини қозонган буюк адиб Чингиз Айтматов таваллуд кунининг мамлакатимиз миқёсида ўтказилиши бу алоқаларни янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.


Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ