Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ОБОД ҚИШЛОҚ МАНЗУМАСИ

16 Апр 2018

Сирожиддин САЙЙИД, Ўзбекистон халқ шоири

Янги давру замон қасри ўз-ўзидан бино бўлмас,

Ўз-ўзидан ҳеч бир дилбанд Беруний ё Сино бўлмас.

Боболаринг ҳар ҳикматни юрак-бағрин тилиб айтган,

Юртингизни обод қилиб яшанглар деб билиб айтган.

Ёмғир билан ер кўкарар, тинчлик билан эл кўкарар,

Эл оғирин эр кўтарар, эр йигитни эл кўтарар.

Юрт қуёши — юрт бошида, юртнинг тоғу тошидадир,

Эл бошига тушган юмуш элбошининг бошидадир.

Тонг саҳардан кўрган йўлинг чою ошингда пайдо,

Аҳволингдан огоҳдайин — бўлмиш қошингда пайдо.

Дарёдайин доим бедор, даврондайин шиддаткор,

Эл корига мададкору эл ҳолидан хабардор.

Бир онахон айтди у кун: — Болам, кўпдир-да иши,

Тиним билмас экан асло, ухламаскан бу киши...

Демак айтгил: Обод қишлоқ — на дастурдир бу дастур?

Янги онг ва тафаккурдир, тафаккурдир, тафаккур.

Токи ҳар бир хонадонда файз-барака, қут бўлсин,

Ҳар оила тинч яшасин, рўзғори ҳам бут бўлсин.

Уйлари ҳам, тўйлари ҳам бўлсин доим чароғон,

Энг аввало кўнгиллар тўқ, меҳр бўлсин фаровон.

Катталари кичиклардан олмасин то хавотир,

Кичиклар ҳам катталарин иззат қилсин, юз-хотир.

Бу дунёда сендан қолур порлоқ, ёруғ изларинг,

Кўз ўнгингда яшнагай то гул-гул ўғил-қизларинг.

Инсонлигинг токи топгай бунда қадру эътибор —

Бу мамлакат мустаҳкамдир, Бу мамлакат — устувор.

Кўрдим бунда беҳад кўркам замоннинг биносини,

Англадингми, дўстим сен ҳам «Манас»нинг маъносини?..

Демак сен ҳам ўз юртингни тафаккур қил, тафаккур,

Бедор бўлгил, бедор бўлгил, бедор бўлгил бир умр!

Умринг ўтар Ўриклисой сувларидай шарқираб,

Изларингдан нурлар қолсин, йўллар қолсин ярқираб.

Боққил, тошқин дарё мисол уйғонмиш бир халқ букун,

Халқинг учун сен ҳам уйғон, тошқин солгин, қалқ букун!

Мен ҳам замон суръатидан гоҳ еру гоҳ фалакман,

Ваъда берган достонимни битказолмай ҳалакман.

Гарчи ғирром тузумлардан оҳу вой чекиб келдим,

Қанча ўру қирлар, қанча балчиқ-лой кечиб келдим —

Англадимки, бу оламда юрт танҳо, Ватан танҳо,

Хаёлимни банд этган шул боғ танҳо, чаман танҳо1.

Эсгандайин бўлди ногоҳ жаннатларнинг шамоли,

Очилди-ку кўз ўнгимда бир гўзал юрт жамоли.

Остонадан бошлангайдир асли таълим-тарбият,

Ахлоқ-одоб дарслари ҳам маърифат, маънавият.

Қирқ беш кунда пайдо бўлмиш кўз олдингда зап шаҳар,

Бу мўъжиза қайдан келди, ўйладингми, ҳамшаҳар?

Дунёдир бу — турфа одам, пасту баланд турмушдир,

Кимлар Расадхона, кимлар ҳасадхона қурмишдир.

Сўз биносин қурган зотлар, жонлар Сизга садоға,

Устоз Абдулла Ориф ҳам Чингиз Айтматов оға!

Сиз энг қийин замонларнинг заққумларин ютгансиз,

Элингизга шон келтириб, эл учун жон тутгансиз.

Гўё ҳаргиз ўлмагансиз — худди иссиқ нафасдай,

Суратлардан қарайдурсиз Алпомишдай, Манасдай.

Ўхшайдирсиз мангу сўнмас маънавий қуёшларга,

Буюк ибрат мактабидай Сиз бугунги ёшларга.

...Уч минг, тўрт минг хонадондан таралгай меҳр иси,

Беш юз чевар қиз-жувоннинг ёришганда чеҳраси.

Не-не зулмат асрларни қаламим-ла ағдардим,

Мен шеъримга нур-зиёни шу уйлардан ахтардим.

Обод қишлоқ, бир кўчангда қанча кўрку тароват,

Қанча орзу-ҳавас бордир, қанча файзу фароғат.

Бир гўшангда дуо айлар мушфиқ онажонларим,

Токи қанот ёзсин дея мурғак полапонларим.

Оиланг тинч, Ватанинг тинч, демак, ухла болам, тинч,

Ширин, сокин тушларингдай бўлсин рўйи олам тинч.

Шавкатли эл фарзандисан — дуогўйинг шу элдир.

Ўз элингга шаън келтиргил, шараф келтир, шон келтир.

Бир кўнгилни шод айламоқ мушкул эрур бағоят,

Бутун элни обод қилмоқ мардликдир ҳам матонат.

Бу хислатлар пойқадами қутлуғларнинг ишидир,

Ўз халқини рози қилмоқ улуғларнинг ишидир.



8,9.04.2018 й.



1Устоз А.Орипов сатрлари


Манба: www.uzbekistonovozi.uz

Медиатека


Fatal error: Call to undefined function GetVoteDataByID() in /home/xdp/web/xdp.uz/public_html/bitrix/templates/main/components/bitrix/voting.form/template1/result_modifier.php on line 92