Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“ЧЎП СУҚСАНГ, КЎКАРАДИГАН ЕРИМИЗ БОР, МЕҲНАТСЕВАР ХАЛҚИМИЗ БОР”

16 Апр 2018

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда «Чўп суқсанг, кўкарадиган еримиз бор, меҳнатсевар халқимиз бор. Лекин томорқа ерларидан — шундай катта резервдан фойдаланмаяпмиз. Шунинг учун бугундан бошлаб “Томорқага экин экиш” ойлигини эълон қилиб, ҳар бир томорқага экин экишни ташкил этиш керак. Агар ҳозир экмасак, кейин кеч бўлади», дея алоҳида таъкидлаган эди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сон қарори билан Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга ҳамда туман ҳокимининг қарорига мувофиқ туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, профилактика инспектори, туман касаба уюшмалари, хотин — қизлар қўмитаси, туман бандликка кўмаклашиш маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, давлат солиқ инспекцияси, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳлари жорий йилнинг 9-10 апрель кунлари “Боғзор” ҚФЙда хонадонма-хонадон юриб мазкур қарорнинг томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари томонидан бажарилиши мониторингини амалга оширди.

“Боғзор” ҚФЙда ишчи гуруҳ томонидан мониторинг ишларини ўтказиш давомида аҳолига томорқага экин экиш ва парваришлаш, ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланиб, туман ҳокимининг прогноз кўрсаткичлар тўғрисидаги қарорида белгиланган экин турларини тўлиқ эккан, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажарган, йилида камида икки ёки уч марта юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилиши тушунтирилди.

“Боғзор” ҚФЙдаги Хамза ва Ш.Рашидов кўчаларида 103 та хўжаликка кириб аҳоли вакилларига шу кўчаларга масъул қилиб бириктирилган туман пенсия жамғармаси ходими Сафар Сайфуллаев, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Хусан Абдуниязов ва туман тиббиёт коллежи ўқитувчиси Сардор Абдурахимовлар томонидан томорқа ер участкаларида белгиланган экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмаганлиги, чорва моллари сотиб олинмаганлиги, иссиқхона барпо этилмаганлиги, шу жумладан ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги аниқланса, томорқа ер эгасига жорий йил учун ер солиғининг уч баробар миқдорда ҳисобланиши айтиб чиқилди.

Аҳоли томорқаларида саримсоқ, пиёз, картошка, сабзи, памидор, карам, зиравор кўкатлар ва бошқа сабзавот экинлари экилган. Бу эса оиланинг бутлиги ва рўзғор тўкинлигига хизмат қилади.

 

Хусан АБДУНИЯЗОВ,

Халқ депутатлари Дўстлик туман Кенгаши депутати