Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

АЛОҚАЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

16 Май 2018

Жорий йилнинг 15 май куни Мухтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Америка Қўшма штатларига жўнаб кетди.

Мазкур ташрифга ҳар иккала томон ҳам улар учун ўзаро манфаатли бўлганлиги боис катта эътибор билан қарамоқдалар. АҚШ маъмурияти таъкидлаганидек, Президентимизнинг мазкур мамлакатга ташрифи тарихий ахамиятга эгадир.

Шавкат Мирзиёев 16 май куни “Оқ уйда” Дональд Трамп билан учрашиши, музокаралар аввал тор доирада кейин эса кенг доирада бўлиб ўтиши, кенг доиралардаги музокараларда эса, Ўзбекистон ва АҚШ делегацияси вакиллари иштирок этиши, унда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Музокаралар чоғида қатор долзарб масалалар билан бирга амалий шерикчиликни кенгайтириш ва Ўзбекистон иқтисодиётига Америка сармоялари ва технологияларни жалб этиш билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама этилиши режалаштирилган.

Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётини модернизациялаш, кадрлар тайёрлаш, Америка томонининг сармоявий ва маслаҳат кўмагини жалб этиш йўли билан мамлакатимизни жаҳон савдо ташкилотига кириши масалаларида Қўшма штатлар билан хамкорликни янада кенгайтириш назарда тутилмоқда. Ташриф ва музокаралар давомида 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинади. Шунингдек, умумий қиймати 8,5 млрд.долларлик савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар имзоланиши ҳар иккала мамлакат ўртасидаги стратегик хамкорликни янада мустаҳкамлайди. 16 май куни кечқурун Ўзбекистон томони билан АҚШ маъмурияти раҳбарлари, Вазирлик ва идоралар, йирик компания ва корпорация раҳбарлари иштирокида қабул маросими ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири, Капитолида эса, Конгрессменлар ва Сенаторлар билан учрашиб музокаралар ўтказади. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади. Мамлакатимиз Президенти жаҳон банки Президенти билан учрашиб, мамлакат иқтисодиётига инвестициялар жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борадилар.

Ушбу учрашувлар ва давлатлараро келишувлар Ватанимизни гуллаб-яшнашига, икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамланишига ва халқимизни тинч ва осойишта ҳамда фаровон турмуш кечиришига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Ф.ЮЛДАШЕВА,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши бўлим мудири.