Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ТАШАББУС КЎРСАТИШ ВАҚТИ КЕЛДИ

15 Июл 2017

1511146.jpg

Аввало шуни айтиш керакки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг турли соҳа вакиллари  билан  ўтказаётган учрашувлари, аниқ белгилаб бераётган  вазифалари  нафақат ўша соҳаларга, балки бутун жамият ҳаётига туб ўзгаришларни олиб кирмоқда. Ҳар биримиз эскича дунёқараш ва иш услубларидан бутунлай воз кечиш вақти келгани, мамлакатимиз тараққиётида бутунлай янги давр бошланганини тушуниб, ҳис қилишимиз лозимлигини кўрсатмоқда. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилиши ҳам тарихий учрашувлардан бири бўлди.

Қанчалик аччиқ бўлмасин, тан олишимиз керак, сиёсий партиялар ва депутатлар фаолияти бўйича билдирилган барча танқидий фикрлар — айни ҳақиқат!

Ушбу камчиликларнинг сабаби нимада? Уларни бартараф этиш учун нима қилишимиз керак? Ҳар қандай баландпарвоз гаплардан олдин мана шу саволларга жавоб топишимиз лозим.

Партиямиз аъзолари ва фаоллари, депутатларимизни ҳисобга олсак, ярим миллионга яқин, катта потенциалга эга кучмиз. Лекин, очиқ айтиш керак, бу куч самарасиз ишлаб келмоқда эди. Бунинг энг асосий сабаби партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари раҳбарларининг тушунчаси, ташаббускорлиги билан боғлиқ, десак, тўғри бўлади.

Йиллар давомида  ташаббус қилишдан қўрқиш, тепадан рухсат кутиб ўтириш, катта-кичик раҳбарларнинг қош-қовоғига қараш каби иллатларга ўрганиб қолдик. Натижада сиёсий жараёнларнинг бошида туриши керак бўлган партиялар, сиёсий майдондаги заиф бўғинга айланиб қолди.

Йиғилишда билдирилган танқидлар, ҳаётий таклифлар бизни ушбу иллатлардан халос бўлишга,  руҳиятимизни кўтаришга, масъулиятимизни оширишга, журъатли бўлишга даъват этди. Мулоқотда нафақат танқидий фикрларни эшитдик, балки ундан катта куч олдик.

Сайловолди дастуримизда жойлардаги қақиқий ҳолат ҳамда одамларни қийнаётган масалалар ўз аксини топмаган.

Хўш, ҳаётимиздаги одамларни қийнаб келаётган муаммоларни билмасмидик? Билмаган эдик, десак ёлғон бўлади, албатта, билардик. Лекин ҳақиқий ҳолатни дастуримизга очиқ ёзишга, муаммоларни кўндаланг қўйишга бизда сиёсий журъат етишмаган.  Муаммоларни силлиқлаб, сайқал бериб, номига ёзишга ҳаракат қилганмиз.

Натижада дастуримиз жойлардаги ҳақиқий ҳолатдан ва одамларни қийнаётган масалалардан йироқ  ҳамда оддий сайловчиларга тушунарсиз бўлиб қолган.  Бунинг оқибатида жамиятда таъсир кучимиз қандай даражадалиги ҳаммамизга маълум.

Албатта, партия дастури қотиб қолган ҳужжат эмас. Жамиятимиздаги ислоҳотларга ҳамда электоратимиз талабларига мос равишда дастурий вазифаларимизни қайта кўриб чиқишимиз керак.

Президентимиз маърузасида таъкидланганидек, Ўзбекистон ХДП ўз сайловолди дастурида аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг (пенсионерлар, ногиронлар) манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйган. Лекин уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида партиямиз томонидан бирорта ҳам қонун ташаббуси ёки парламент назорати бўйича ташаббус бўлгани йўқ.

Тан олиш керак, партиямизнинг сайловолди дастуридан ўрин олган масалаларнинг аксарияти давлат раҳбари ташаббуси билан киритилаётган қонун ҳужжатлари орқали ўз ечимини топмоқда. Фракциямиз мазкур ҳужжатларни қўллаб-қувватлаш ва айрим таклифларни билдириш билан чекланиб қолмоқда.

Долзарб ижтимоий масалаларни атрофлича ўрганиб, сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш борасида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаолияти ҳам талабга жавоб бермайди. Чунки партия ташкилотларимиз томонидан уларга амалий ёрдам кўрсатилмай келаётганди. Фаолиятимиздаги ушбу камчиликларни бартараф этиш учун партиямизнинг ташкилий структурасини тубдан қайта кўриб чиқяпмиз.

Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз фаоллигини ошириш, электорат вакиллари билан яқин мулоқот ўрнатиш, уларнинг муаммоларини чуқур ўрганиш ва ҳал этиш бўйича самарали механизм яратишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ушбу мақсадларда  партиямиз Марказий Кенгашида алоҳида бўлим ташкил қилиниб, раис ўринбосари лавозими жорий этилди.

Партиямиз сайловолди дастури асосида электоратимизни безовта қилаётган муаммоли масалалар ечимига қаратилган таклифлар билан чиқиш юзасидан фракциянинг ташаббускорлигини кучайтириш чоралари ҳам кўрилади.

Мулоқотда билдирилган танқидий фикрлар, таклифлардан қар бир сиёсий партия, ҳар бир депутат манфаатдор. Шунинг учун ўзимизга кўп хулосалар чиқариб олдик.

Энг асосий хулоса – фидоий бўлиб ишлаш керак! «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» деган сўзларни юрагимизга жо қилиб ишлашимиз керак!

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил