Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ДЕПУТАТГА ЖАВОБ ХАТИ ЭМАС, АМАЛИЙ НАТИЖА КЕРАК

11 Июл 2018

Депутатга ҳамма эшиклар очиқ. Бироқ, ҳамма эшиклар ортида турган мезбонларнинг кайфияти эскирган, озгина меҳнат ва ташаббусни қўллаб-қувватлашга ярамайдиганлар ҳам борки, улардан жамият қутилмаса, бюракратик тўсиқлар Хитой девори каби мустаҳкамланиб бораверади.

Шундай ривожланаётган жамиятимизнинг қайсидир бурчагида ўз лавозим мажбуриятини тўлиқ ҳис этмайдиган, депутат сўровини оддий хатлар сирасига киритиб “босқичма-босқич дастурлар асосида ҳал этилиши маълум қилинади” каби гапни ўзидан узоқлаштирувчи маҳаллий раҳбарларга ҳам қонунчиликда чора белгиланса, мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига кўра тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақлидир деб ёзилган.

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборадилар деган бандлар билан депутат ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилган. Шунга қарамасдан маҳаллий раҳбарлар, айниқса, туманларда ишловчи раҳбарлар депутат сўровига беътиборлик билан қараш ҳоллари ҳамон давом этмоқда. Муҳтарам юртбошимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселлектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислохотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли тарихий маърузаларида “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради. Шу сабабдан ҳам депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун жавобгарликни кучайтириш” лозимлигини қатъий таъкидлаб ўтган эдилар.

Шу билан бирга 2017 йилнинг 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаларида ҳам депутатларнинг ўз вазифаларига садоқат билан ёндашишларини талаб этилган.

Депутат ишласа, унинг таклиф ва ташаббусларини рўёбга чиқариш йўлида бюракратик тўсиқлар қўйишга ўрганган раҳбарлар борлиги, бу жамиятни тараққиётдан орқага қолиши, оқсашига сабаб бўлмоқда, десак, янглишмаган бўламиз.

Оддийгина сирдарёлик баъзи раҳбарларнинг олиб борилаётган сиёсатимизга садоқатини чегараси қайси нуқтада ниҳоя топишига урғу бериб ўтишни истадим.

Ўтиб бораётган йилнинг 26 май куни Сирдарё вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали бошлиғи Жаҳонгир Хидиров номига Мирзаобод тумани маркази ҳисобланган Наврўз шаҳарчасининг янги қурилган участкалари, яъни Маърифат ва Истиқбол кўчаларида яшовчи фуқароларнинг мурожаатига асосан газ тармоғига уланиш учун “техник шарт” ҳужжати расмийлаштирилиши сўралган.

Фуқаролар ўз ҳисобидан, давлатга юк бўлмаслик учун газ қуврлари сотиб олишган. Бироқ, “техник шарт” ҳужжати бўлмагани боис, бир неча йиллардан буён газсиз қийналишмоқда.

“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган тамойил нақадар жамиятимизга сингиб бормоқда. Шундай бунёдкор ислоҳотларга ҳисса қўшиш ўринига ўзининг эскича, бюракратик қараши, меҳнат ва ташуббус кўрсатишни истамай “сен менга тегма, мен сенга тегмай” деган қабилида иш кўрувчи яна бир раҳбар Сирдарё вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси акциядорлик жамияти бош директори номига жорий йил 5 июнь куни 20-сонли депутат сўрови юбордим. Мазкур сўровни юборишга жиддий сабаблар бор эди.

Мирзаобод тумани “Тошкент” маҳалласининг Ёшлар, Умид, Навбаҳор, Зумрад кўчалари, “Тинчлик” маҳалласининг Меҳрибон, Пиллакор, Обод кўнгил кўчалари, “Боғистон” маҳалласининг Сарбон, Ватанпарвар, Х.Олимжон, Наво кўчалари, “Наврўз” шаҳарча фуқаролар йиғинининг Истиқбол, Маърифат, Баҳор, Наврўз, Сайқал, Зомин-4 кўчаларида яшовчи аҳоли ўзининг қўл кучи билан иложсизликдан терак, тол дарахтларидан симёғочлар ясаб олиб, электр тизимидан фойдаланмоқда.

Мантиқан олиб қараганда ҳам бу ҳолат ҳеч қандай қоидага тўғри келмайди. Соҳа ходимлари аҳоли билан мулоқотларда “дастурга киритилган, ҳал бўлади” деган гапдан нарига ўтмадилар. Бу масала 15 йил дастурга кирди, негадир ҳар гал сирли равишда дастурдан тушиб қолаверади. Ишончнинг ҳам чегараси бўлади, аммо берилаётган ваъдаларнинг чегараси уфқдек чексиз. Одамларга ваъда эмас амалий иш керак.

Сиёсат оламида, ислоҳотлар жараёнида “ички имкониятларни тўлиқ ишга солиш керак” деган тушунча бор. Агар яхшилаб эътибор берилса, вилоятнинг, қолаверса Мирзаобод туманининг кўплаб маҳаллаларида бўш турган юзлаб бетон устун (сталба)лар мавжуд. Одамларни “давлат дасутрига кирган, ҳал бўлади” деган ёлғон сафсатадан кўра, дарахт ёғочларидан ўзбошимча ясаб олинган симёғочларни ўрнига ўрнатиб бериш мумкинку! Бунинг учун озгина меҳнат ва фидойилик талаб этилади.

Яна бир ҳал этилмай қолаётган масала бор. Қиш кунларида Мирзаобод туманининг айрим маҳаллалари каби “Боғистон” маҳалласидаги бир неча кўчаларда одамларнинг уйи сув остида қолади. Ушбу масала юзасидан Сирдарё мелиоратив экспидицияси бошлиғи номига юборилган 21-сонли депутат сўрови ҳам келгуси ваъдалар гирдобида қолиб кетди.

Маҳаллий Кенгашларнинг депутатларининг обрўси бу қадар тушиб кетишига ўтказилаётган юзаки сессияларнинг таъсири катта бўлмоқда. Сессияни ўтказиш учун депутатнинг ҳар бир соҳа бўйича танқидий-таҳлилий мулоҳазаси, таклиф ва ташаббуслари ўрнига уларнинг қўлини кўтариб овоз чиқармасдан ҳам беш йиллик муддатни ўтказиб юбориш ҳам мумкин. Минглаб сайловчиларнинг номидан сессияга келган депутат бир оғиз фикр билдирмаса, фақат сессия раиси белгиланган маърузалар ва берилмаган саволлар билан ўтаётгани айниқса мутасадди раҳбарлар олдида депутат деган мақом обрўсини йўқотмоқда.

Агарда ҳар бир сессияда қайсидир раҳбарнинг камчиликлари муҳокама қилинса, депутат сўровининг ижросини таъминламаган раҳбарга сессия қарори билан чора кўрилиб, босқичма-босқич масалалар ечилиб борилганда эди, барча муаммолар ижобий ҳал этилар эди. Қидирган раҳбаринг жойида ўтирмайди, котибалар ҳудудга кетган дейишади, ҳудуддан ҳам топа олмайсан.

Қонунан депутат учун ҳамма эшиклар очиқ. Бироқ, ҳамма эшикларда ҳам миннат ва ёвқараш мезбонлар борлигини эсласанг, бирма-бир ташаббусларинг кундаларда чопилса, депутатлик сўровларига олдиндан тайёрлаб қўйилган “дастурда бор, ҳал этилади, ўзгаришлар бўлиб қолар” деган жавоблар келаверса, сайловчилар олдида ҳеч қандай ҳурматинг қолмайди. Сайловчиларнинг яккаш “депутатлар сайлов ўтгунча фидойи бўладилар” деган сўзлари қалбимни эзаверади.

Ҳудудий ва давлат дастурлари уч тўрта соха ходимининг ишланмаси ҳеч бир ўзгаришсиз сессияда тасдиқланади, депутатлар ўз ҳудудидаги муаммоларни дастурга киритишга улгурмай қолишади, натижада лойиҳа ёзганлар муаммони тўлиқ билмагани оқибатида ҳар йили энг долзарб муаммолар дастурга кирмай қолаверади. Йил давомидан минг марта депутат сўрови юборганинг билан дастурни ҳам вазиятни ҳам ўзгартира олмайсан.

Биз депутатлар тақдиримиз ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳи ходимлари қўлида қолиб кетганидан ачинамиз. Сессия лойиҳаларини депутатлар, доимий комиссиялар ўзлари мустақил ёзмаслиги, қарорларнинг ҳалқчил эмаслиги, кўпроқ бюракратик равишда ўтаётган сессиялар қачон ўзининг чинакам мустақиллигига эришади? Бунда депутатларнинг ҳам ўзига ҳос камчиликлари бор. Шу йўлда “андиша” деган тушунча депутатларнинг бошига бало бўлмоқда.

Оддийгина мисол жорий йилнинг 25 феврал куни Халқ депутатлари вилоят ва айрим туман Кенгашларининг бўшаб қолган ўринларига сайловлар ўтказилди. Орадан икки ой ўтиб янги сайланган депутатлар сессияда таништирилди, унга қадар икки маротаба сессия ўтказилди.

Бироқ, депутатларнинг гувоҳномаси ва кўкрак нишони 4 ой бўлди ҳамки топширилгани йўқ. Шу онда Муҳтарам юртбошимизнинг “Депутатга беписандлик- халққа беписандлик”деган сўзларини эсладим. Ўйлайманки, бундай хатолар, беэътиборлик ва ишга совуққонлик билан қарашлар ўзининг ижобий ечимини топади.

Фикримча сессияларга депутатларнинг ҳузурига мурожаат қилиб келган айрим фуқароларни ҳам таклиф этиш лозим. Шундагина мурожаатни ҳал этмай, фуқарони саросон қилаётган раҳбарларни очиқдан очиқ жавобгарлигини бўйнига олиши, сессияга ҳар гал ташриф буюраётган раҳбар олдиндан ўзининг ишини пухта қилиб хотиржам қатнашишга ўрганади. Жавобгарлик ва масъулиятни бўйнига олмаган раҳбарлар сессияларда ўз жазосини олиши мақсадга мувофиқдир.

Депутат сўрови бу – халқнинг сўрови. Унга жавоб бермаслик қонунларда ўзига ҳос жабовгарликни келтириб чиқаради. Бироқ, депутат халқ вакили, ишонган таянчи, у – халқ учун ҳар қандай тўсиқларни енгишга қодир бўлиши керак деган сўз менга ҳамиша муаммоларга ечим тополмай қолган пайтларда рухий куч ва мадад бўлиб келмоқда.

 

Муроджон ҲАЙИТОВ,

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати