Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

МУАММОЛАР ОЗ ЭМАС

13 Сен 2017

Уларнинг ечими учун барчамиз масъулмиз

Нуқсон билан дунёга келган ёки ҳаёти давомида орттирган жароҳатлари, хасталиклар туфайли ногирон бўлиб қолган фуқароларга ҳар томонлама қайишиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзолари бўлишлари учун керакли шарт-шароитларни яратиб бериш мустақил давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланган. Истиқлол йилларида бу борада кўпгина хайрли ишлар амалга оширилди, ногиронлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Маълумки, шу йилнинг 1 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши қабул қилинганди. Мазкур Фармойиш сўнгги йилларда тизимда бир қатор камчилик, муаммолар тўпланиб қолгани, уларни бартараф этишни кўзда тутган халқчил, долзарб хужжат бўлди. Айни шу фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида партиямизнинг вилоят ташкилотлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда вилоят, шаҳар, туманларда ишчи гуруҳлар тузилиб, жойларда кенг қамровли ўрганишлар олиб борилди.

Ишчи гуруҳи ўрганиш жараёнида олган маълумотларга назар солсак, жорий йилнинг ўтган етти ойига оид хужжатларда вилоят бўйича жами 39 минг нафардан ортиқ фуқаролар турли тоифадаги ногиронлар рўйхатида туришади. Уларнинг 5 ярим минг нафардан кўпини ўн олти ёшгача бўлган болалар ташкил қилади.

Шу ўринда жисмоний ҳамда руҳий нуқсони бўлган ногирон болаларга вилоятда яратиб берилган шарт-шароитлар хақида тўхталишга тўғри келади.

Бугун вилоятда жисмоний ва руҳий нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 17 та махсус мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Бу ихтисослаштирилган мактабларнинг қуввати 2680 ўринни ташкил этиб, айни пайтда эса 1200 нафардан ортиқ болалар тарбияланмоқда.

Жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг 2700 нафарга яқини умумий ўрта таълим мактабларида, 790 нафари эса уйда якка тартибда таълим олишмоқда. 500дан ортиғи эса тиббий хулосаси асосида таълимга лаёқатсиз деб топилганлар.

Ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатларида 1241 нафар болалар таълим олиш ва соғлиқларини тиклашга тортилган.

Аммо, афсус билан қайд қилиш ўринлики, бу мактаб-интернатларда бир қатор муаммолар тўпланиб қолган. Мисол учун Хива туманидаги 121-сонли кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда кўзи ожиз болалар ўқиш ва ёзишларида қўлланиладиган “Брайл” алифбосида  махсус ускуна, яъни алюминдан ясалган темир дафтар ва грифил воситаси етишмайди. Бундай ускуналарни аксарият болаларнинг ота-оналари хориж давлатлардан ўз маблағлари эвазига валютага сотиб олиб келишаётгани айни хақиқат. Яна бир ачинарли томони шундаки, мазкур мактабга биринчи синфга қабул қилинган болаларга қисман мактабда олдиндан фойдаланиб келинган, лекин фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган темир дафтар берилади, лекин уларга етарлича янги темир дафтар берилмайди. Бериладиган темир дафтар ҳам бутун бир синфга 3-4 тани ташкил қилади. Бу ҳолатда бола қандай ёзиш, ўқишни ўрганиши мумкин?

Ёки 96-сон кар ва заиф эшитувчи ўқувчиларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда хозирда 320 нафардан ортиқ бола ўқимоқда. Аммо, мактаб-интернатда ўқув машғулотларини олиб боришда заиф эшитувчилар учун эшитиш ускуналари йўқ. Қурувчи ва лойиҳачиларнинг эътиборсизлиги оқибатида кириш йўлакларидаги махсус пандуслар белгиланган талаблар бўйича ўрнатилмаган, уларда тутқичлар йўқ.

Мазкур мактаб-интернатни битказган ногирон болаларни касб-ҳунарга ўргатиш ҳам мутлақо талабларга жавоб бермайди. Шунинг оқибатида ногирон йигит-қизлар ўзларига мос иш топишда қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Уларни иш билан таъминлаш ўз холига ташлаб қўйилган.

Ишчи гуруҳимиз Урганч шаҳридаги 93-сон сколиоз ва унга турдош касаликлари бўлган болалар учун ҳамда 94-сон сил ва нафас олиш органлари бўйича касалликлари бўлган болалар учун мўлжалланган санатория туридаги мактаб-интернатлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиб янада таажжубланишди.    

Масалан, 93-сон санатория туридаги мактаб-интернатда 246 нафар бола таълим-тарбия олаётгани ҳолда бу ердаги тиббиёт хоналари замонавий талабларга жавоб бермайди. Муассасада болаларни соғломлаштириш учун махсус ёпиқ сув ҳавзасига эҳтиёж бор.

  Ушбу мактаб-интернатларига ўқувчи қабул қилиш тартиби ўрганилганда, ажабланарли холат гувоҳи бўлинди. Жумладан, мазкур таълим муассасалари Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2011-йил 13-сентябрдаги 256-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан фаолият олиб бораётган бўлиб, Низомга кўра бундай мактаб-интернатларда болалар 3 йилдан ортиқ ўқитилиши мумкин эмас. Ўқувчи Низом талабларига кўра уч йилдан сўнг соғлиги тўла тикланмаган бўлсада, умумтаълим мактабларида соғлом болалар қаторида ўқишига тўғри келмоқда. Бу эса ўз ўрнида болани доимий муолажалар олиш ва соғломлашишига бўлган имкониятидан маҳрум қилади.

Бундан ташқари бундай муассасаларга болаларни қабул қилишдаги муаммоларга ҳам кўз юмиб бўлмайди. Масалан, узоқ қишлоқларда яшаётган айрим ота-оналар вилоят марказида шундай ихтисослашган муассаса борлигидан бехабар. Билганлари эса боласини қабул қилдиришда бир қатор тўсиқларга дуч келиб, ортиқча хужжатлар тақдим қилишдан безиб, болаларни беришни маъқул кўришмайди. Яна айрим ота-оналар назарида бу ердаги шарт-шароитлар яхши эмас.

Шу ўринда муассасага болани қабул қилишда айрим “маҳаллий аҳамиятга молик” тартиб-қоидалар мавжудлиги кишини ажаблантиради. Юқорида эслатилган Низомда мактаб-интернатга қабул қилиш учун боланинг яшаш жойидаги врач хулосаси шартлиги белгиланган бўлсада, вилоят силга қарши курашиш диспансери бош фтизотерапевтининг рухсатисиз ва розилигисиз ушбу тиббий хулосани туман фтизотерапевти бермаслиги ўзларича белгилаб қўйилганлиги маълум бўлди.

Юқорида ногирон болаларга таълим-тарбия бериш, уларнинг соғлигини асрашга ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ишчи гуруҳимиз олиб борган мониторинг, ўрганишлар натижасида мавжуд камчилик, муаммоларни тилга олдик. Бу муаммолар бир кунда йиғилиб қолмаган, аслида. Бунинг учун барчамиз  бирдек айбдормиз. Қолаверса, депутатларимиз бу масалага бирор марта эътибор қаратишмагани, бу масалани вилоят кенгаши сессияларига олиб чиқишмагани афсусланарли.

Барчамизнинг ҳаракатга келишимизга Президентимизнинг Фармойишлари туртки бўлди. Шу юзадан мавжуд камчилик, муаммоларни ўргандик. Бу масалани халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги доимий комиссияда муҳокама қилдик. Эндиликдаги вазифамиз муаммолар ечими учун қатъий позицияда туриб, якдил харакат қилмоқ. Масаланинг ечими амалдаги қонунчилик ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлардаги камчиликларга бориб тақалса, бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатасига олиб чиқиш, тегишли вазирлик ва бошқа ташкилотлар томонидан тезкор амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни асосли равишда етказиш ва бу жараённи – амалий ишлар ижросини қатъий назоратга олишимиз зарур бўлади.

 

 

 

Нодира Одамбоева,

Ўзбекистон ХДП

Хоразм вилоят кенгаши

 бўлим бошлиғи

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил