Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ХИТОЙЛИК ВА НАМАНГАНЛИК

18 Мар 2017

тадбиркорлар ўртасида видеомулоқот ташкил этилди

Шу йилнинг апрель ойида Хитой Халқ Республикасининг Гуанжу шаҳрида «Canton Fair-121» халқ­аро ярмаркаси ўтказилади. Ана шу ярмарка олдидан хитойлик ва наманганлик тадбиркорлар иштирокида телемулоқот ташкил этилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси, Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси, Хитой Халқ Республикаси тижорат вазирлигининг «China Foreign Trade Centre» ташкилоти, Ўзбекистон-Хитой савдо уйи, «International Business Travel» компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда бир юз йигирмадан зиёд тадбиркор иштирок этди.

— Халқаро ярмаркалар тадбиркор учун жаҳон бозорига чиқишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари Қобилжон Жамолов. — Жорий йилнинг 17-24 февраль кунлари бир гуруҳ тадбиркорлар билан Италияда бўлиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш технологиялари бўйича машҳур «Zanotti» компанияси ярмаркасида иштирок этдик ва кўргазмада лойиҳа қиймати 2,6 миллион евро бўлган 3 минг 200 тонна сиғимли замонавий совуткич-омборхона қуриш юзасидан меморандум имзоланишига эришилди. Мазкур видеомулоқот ҳам дунёнинг энг йирик ярмаркаларидан бири бўлган «Canton Fair-121» да вилоятимиз тадбиркорларининг қатнашишига кўмаклашиш мақсадида ўтказилмоқда.

Видеомулоқотда «Canton Fair-121» халқаро ярмаркаси лойиҳалар ва ташкилий ишлар бошқармаси бош менежери Май Цяй Ян ва менежер Ву Хей томонидан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро иқтисодий ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

Ҳозирда Наманган вилоятида Хитой билан ҳамкорликдаги ўн тўртта корхона фаолият кўрсатмоқда.

Видеомулоқотда «Canton Fair-121» халқаро ярмаркаси вакиллари ярмаркада иштирок этиш шартлари, минитехнологиялар ва маҳсулотлар сотиб олиш, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳақидаги саволларга атрофлича жавоб берди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил