Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

СЕССИЯ ҚАРОРЛАРИ НОМИГА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИМИ?..

18 Мар 2018

Хоразм вилоят партия кенгашининг навбатдаги пленумида ўтган даврда бажарилган ишлар, амалга оширилган лойиҳалар саналиб, мақтовга монанд рақамлар келтириб ўтилмади.

Партия вилоят кенгаши раиси Раҳимберган Юсуповнинг маърузасида ҳам амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Асосий эътибор партия ташкилотлари ва депутларнинг кечиктирмасдан бажариши лозим бўлган ишларга қаратилди.

— Ўтган йили маҳаллий Кенгашлар сессияларига жами 44 масала киритилиши режалаштирилган эди, — дейди у. — Амалда эса 16 масала киритилди. Бу белгиланган режа бор-йўғи 36,6 фоизга бажарилганини кўрсатади.

Ҳисобот даврида 464 дан зиёд депутатлик сўровлари тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига юборилган. Жойларда турли соҳага оид масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг 12 марта ҳисоботлари эшитилди ва қарорлар қабул қилинишига эришилди. Афсуски, Урганч шаҳар, Қўшкўпир, Ҳазорасп, Хива, Урганч ва Шовот туман Кенгашларида партия гуруҳлари ташаббуси билан бир марта ҳам мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилмаган. Боғот туманида режадаги 4 та масаладан фақат бир масала сессияга олиб чиқилганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Тўғри, бирор ҳудудда йиғилиб қолган муаммоларни ўрганиб, уни маҳаллий Кенгаш сессиясига олиб чиқиш ва қарор қабул қилиш билан масала ечимини топди, деб бўлмайди. Аксар ҳолларда сес­сия­ларга киритилган масалалар бўйича қабул қилинган қарорлар қоғозларда қолиб кетаётгани афсусланарли ҳолат. Қарорлар ижроси назоратга олинмаётир. Бунинг исботи сифатида ўтган давр­да партия гуруҳлари томонидан қарорлар ижроси бўйича бирор марта ҳам сўров билан чиқилмаганини келтириб ўтиш ўринли.

Ўтган йили вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари ногиронлиги бўлган ёшлар, кўзи ожиз ўқувчилар таҳсил олаётган махсус мактаб-интернатлардаги ҳақиқий аҳволни мониторинг қилишди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, бу ўта долзарб масала эди. Аммо маълумотларни ЎзХДП Марказий Кенгашига тақдим қилиш билан чекланилди, холос. Аслида бу масалани вилоят Кенгаши сессиясига қаратиш орқали амалий натижага эришса бўларди.

Эҳтиёжманд оилалар, пенсионерлар дори-дармонлар харид қилишда муаммоларга дуч келаётганини айтишмоқда. Айнан аҳолининг шундай қатламлари манфаатларини кўзлаб жойларда «ижтимоий дорихона»лар ташкил қилинмоқда. Бу дорихоналарни жойлаштириш жараёнида бирор депутатимиз қатнашмади. Ахир айнан депутатлар ўзлари сайланган ҳудуддаги аҳолининг иқтисодий аҳволини яхши билади-ку?.. Айни пайтда ҳам бундай дорихоналар фаолияти қандай йўлга қўйилган, тегишли дори-дармонлар мақбул нархларда сотиляптими, деган ўй депутатларимизни қийнаётгани йўқ ҳисоби.

Маърузачи йўл қўйилган камчиликларни тузатиш вақти келгани, ҳатто ўтиб бораётганини қатъий таъкидлади. Партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари олдига жорий йилда бажарилиши лозим бўлган вазифаларни аниқ белгилаб берилди.

Пленумда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон ­Кетмонов қатнашди ва сўзга чиқди. Вилоят партия ташкилоти, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятига баҳо берар экан, у манзилли тан­қидга, таҳлилга кўпроқ эътибор қаратди. Олдинда турган устувор вазифаларни оғишмай бажариш лозимлигини, эндиликда эскича яшаб ва ишлаб бўлмаслигини айтиб ўтди. Ўз ишига лоқайдлик билан қарайдиган партия ходимлари, депутатларга қайта ишонч билдирилмаслигини таъкидлади.

Пленум қизғин музокараларга бой тарзда ўтди. Сўзга чиққанлар партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.