Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЎҚИТУВЧИЛАР: ЎЗБЕК ЎҚУВЧИЛАРИ ҲАМ КЕЛАЖАКДА НОБЕЛЬ МУКОФОТИ ОЛСИН!

12 Авг 2017

Куни кеча сайтимиз орқали Халқаро пресс-клубнинг Наманган вилояти мутасадди раҳбарлари билан ўтказган очиқ мулоқоти эфирга берилгани тўғрисида маълумот берган эдик. Тўғридан-тўғри эфирга узатилган мазкур мулоқотда Наманган вилояти ҳокими педагог ва тиббиёт ходимларини бундан буён ободонлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилмаслиги тўғрисида гапирган эди. Бугун ижтимоий тармоқ ва интернет сайтларда наманганлик ўқитувчи ва шифокорларга аталган фикр-мулоҳазалар пайдо бўлиб улгурди. Қуйида fayzbog.uz сайтида “НАМАНГАНЛИК ЗИЁЛИЛАРГА ТАБРИК” сарлавҳаси билан берилган мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

* * *

НАМАНГАНЛИК ЗИЁЛИЛАРГА ТАБРИК

Наманганлик ўқитувчилар ва шифокорлар! Сизларни асрий орзуларингиз ушалгани билан самимий табриклашга ижозат бергайсиз! Мана, ниҳоят, сизлар ўз касбингиз, ўзингизнинг муқаддас вазифангиз билан шуғулланадиган бўлдингиз! Пахта йиғим-теримига ҳам чиқмайдиган бўлдингиз! Ахир буни кичкина одам эмас, вилоят ҳокими жонли эфирда, элнинг олдида эълон қилди!

Фақат сизлардан биттагина илтимос: самарқандлик ҳамкасбларингиздан ўрнак олиб, ўзларингиз ТАШАББУС БИЛАН ЧИҚИБ, “Жудаям пахта тергимиз келиб кетаяпти, пахта юртимиз бойлиги, уни ёмғирга қолдирмасдан териб олиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи, бизга пахта теримига чиқишга рухсат беришингизни сўраймиз!” дея ҳоким буванинг номига МУРОЖААТ билан чиқманг! Кейин ёмғирга қолдирмасликни истаган пахтангизни теришдан бир-икки қор ёққанда ҳам қайтолмай қоласиз.

Ўзи ўқитувчи халқи жуда ташаббусни яхши кўради. Ундан кўра, бошқа ташаббуслар билан чиқинг, масалан, “Ўзбекдан ҳам битта Нобель мукофоти оладиган ёзувчи чиқсин, шунақа ёзувчини тарбиялаб берайлик!” ёки “Бизнинг ўқувчиларимиз дунёнинг нуфузли университетларида ўқиб, ҳаммани қойил қилсин, шунақа ўқувчиларни ўқитайлик!” ёки “Биз ўқитган ўқувчилар “шпаргалка”, телефон, “паравоз”, “бункер”, “танка”, “Х вариант” ишлатмасдан ўз кучи билан олий ўқув юртларига кирсин, шунга яраша билим берайлик!” ёки “Биз ўқитган ўқувчиларнинг ўз мустақил фикри, элга айтар ўз сўзи, ўз юзи бўлсин, шунақа таълим-тарбия берайлик!” деган ташаббуслар билан чиқинглар, барака топгурлар!

Мен Хайрулла Бозоровни ҳам табриклайман, шундай дангал гапларни айтгани билан! Умид қиламанки, бир вилоят ҳокими ЎЗ СЎЗИНИ ҳавога ҳавола қилмайди! Охиригача элнинг олдида айтган СЎЗига амал қилади.Қолган вилоятлар ҳокимларига ҳам ана шундай мардликни, тантиликни, ҳалолликни, эл-юрт дардига дармон бўлишларини тилайман! Биз кутган замонлар келаяпти!

 

Тўра Мурод

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил