Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

11 Сен 2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўтган давр мобайнида соғлом ва ҳар томонлама ривожланган ўсиб келаётган авлоднинг шаклланишини таъминлашга қаратилган самарали мактабгача таълим тизимини ташкил қилиш бўйича комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, мавжуд тизимли кам­чилик­лар мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда, хусусан:

биринчидан, мактабгача таълимни бошқа­риш­нинг амалдаги ҳолати тизимли муаммо­ларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, мазкур соҳада, шу жумладан, нодавлат секторда замонавий инновацион технология­ларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаяпти;

иккинчидан, мактабгача таълим соҳасига инвестицияларни жалб қилишга, шу жумладан, ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, уларни моддий-техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва илғор педагогик технологияларни қўллашга қаратил­ган давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий қилинмаган;

учинчидан, мактабгача таълим муассаса­лари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг амалдаги ҳолати болаларни мактабгача таълим муассасалари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермаяп­ти, мамлакатда аҳоли сонининг ўсиши айрим мактабгача таълим муассасаларининг ҳаддан ташқари бандлигига олиб келмоқда;

тўртинчидан, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик (шу жумладан, ўйинлар ва ўйинчоқлар) материаллар ва бадиий адабиёт­ларни тайёрлаш ҳамда мактабгача таълим муассасалари фаолиятига жорий этиш ишлари замонавий талабларга жавоб бермайди;

бешинчидан, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг амалдаги тизими мактабгача таълим соҳасини болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир юқори малакали мутахассислар билан таъмин­лай олмайди;

олтинчидан, мактабгача таълим муассаса­лари ходимларини моддий рағбатлантириш тизимининг паст даражада эканлиги малакали кадрларни жалб қилиш имконини бермаяпти;

еттинчидан, мактабгача таълим муассаса­ларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари ишини ташкил этишдаги камчиликлар болалар­нинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шу жумладан, соғлом овқатланишини таъмин­лаш бўйича профилактик чора-тадбирлар самара­дорлигининг пасайишига олиб келмоқ­да.

Мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактаб­гача таълим муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозлани­ши­ни яхшилаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарла­рида, вилоятлар марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шарт­ларида, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади:

замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш мақсадида инвесторларга ер участкалари, бўш турган бинолар, шу жумладан, фаолият юрит­маётган ва тарбияланувчилар сони кам бўлган давлат мактабгача таълим муассаса­ларини беғараз ажратиш;

инвесторларга мактабгача таълим муас­саса­­­ларини, айниқса шундай муассаса­ларга юқори эҳтиёж мавжуд ва инфратузилмаси ривожлан­маган ҳудудларда ташкил этиш учун зарур бўлган солиқ имтиёзлари ва бошқа преферен­цияларни, шунингдек, имтиёзли кредитларни тақдим этиш имконияти;

инвесторлар томонидан ваколатли давлат органлари билан 50 йил муддатга тузиладиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув асосида лойиҳани амалга ошириш;

инвесторлар томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда назарда тутилган шартларга, мактабгача таълим соҳа­си­да­ги давлат талабларига, санитария-гигиена нормаларига қатъий риоя этиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш бўйича мажбурият­ларни қабул қилиш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари хизмати нархининг ижтимоий ҳаммабоплигини таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув шартларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни бекор қилиш механизм­лари.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республи­ка­си Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йилда ўтказилган эксперимент якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига республиканинг бошқа ҳудуд­лари­да мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

3. Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркор­лик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмакла­шиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2017 йилда ўтказилган эксперимент якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкама­сига республи­канинг бошқа ҳудудларида мазкур амалиётни жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

4. Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» (кейинги ўринларда «Йўл харитаси» деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари «Йўл харита­си»да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишига шахсан жавобгардир.

5. Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) 2-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

6. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мактабгача таълим соҳасидаги қонунчилик­ни ундаги бўшлиқларни, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи норма­лар­ни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентариза­ция қилиш ва таҳлил этиш;

мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсати­ни самарали амалга оширишга, шу жумла­дан, зарур инфратузилмани яратишга, ходимларнинг меҳнатини моддий рағбатлан­тиришга, педагогик кадрларни сифатли тайёрлаш ва малакасини оширишга, шунинг­дек, мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш;

мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривож­лантириш соҳасидаги илғор хорижий тажриба­ни ҳисобга олган ҳолда сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талабларини қайта кўриб чиқиш;

мактабгача таълим муассасаларига болалар­ни қабул қилишнинг амалдаги тарти­би­ни, ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технология­лари­нинг жорий этилиши ҳолатини танқидий ўрганиш;

мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажри­бани ўрганган ҳолда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензия­лашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

мактабгача таълим муассасаларини ўқув-тарбиявий адабиётлар билан таъминлаш тизи­мини таҳлил қилиш;

мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тартибини ўрганиш ҳамда сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлар етказиб беришнинг шаффоф ҳамда соддалаштирилган тизимини яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

мактабгача таълим соҳасида қонун ҳужжат­лари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

7. Комиссия (А.Н.Арипов):

«Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш давомида ушбу қарор­нинг 6-банди билан юклатилган вазифа­ларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратсин;

«Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбир­ларнинг амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин ва Ўзбекистон Республи­каси Президенти девонига ҳар чорак якуни бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида умумлаштирилган ахборот киритилишини таъминласин.

8. Комиссияга юклатилган вазифаларни сифатли бажариш учун вазирликлар ва идора­лар мутахассисларини, республиканинг илмий ва таълим муассасалари вакилларини, шунинг­дек, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг экспертларини белгиланган тартибда жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

9. Вазирликлар ва идоралар, Қорақал­поғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Комиссияга юклатилган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Тошкент, Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш­нинг механизмини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғриси­даги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев ва Ўзбекистон Республика­сининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил 9 сентябрь

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил