Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИГА ШАРҲ

11 Сен 2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига

ШАРҲ

Мактабгача ёшдаги болага синг­ди­рилган билим ва қадриятлар унинг бутун келгусидаги ҳаётини белгилаб бериши сабабли мактабгача таълим уйғун ривожланган шахсни шакллан­тиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, ўтган даврда Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълимни ривожлан­тириш ва самарали фаолият кўрса­тишига қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳозирги вақтда республикада 4 893 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бораётган бўлиб, уларни молиялаштиришга фақат 2016 йилда Давлат бюджети­дан 1,6 триллион сўм ажратилган.

Ушбу соҳада соғлом ва ҳар томонлама ривожланган ўсиб келаётган авлодни тарбиялашга сал­моқ­ли ҳисса қўшиб келаётган 57 мингдан ортиқ мутахассислар меҳ­нат қилмоқда.

Шу билан бирга, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга айрим тизим­ли камчиликлар тўсқинлик қилмоқда.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, мак­табгача таълимни бошқаришнинг амалдаги тизими мавжуд муам­моларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, мазкур соҳани янада ривожлантириш учун инновацион қарорларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаяпти.

Мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг ҳозирги ҳолати бола­ларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермаяпти.

Мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлан­тиришнинг паст даражаси болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривож­лантириш масалаларини профес­сионал даражада ҳал этишга қодир малакали мутахассислар билан таъминлай олмайди.

Мактабгача таълим муассаса­ларида болаларнинг озиқ-овқат, моддий таъминоти ва уларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишда ҳам жиддий камчиликлар кузатил­моқда.

Шу муносабат билан, Давлат раҳбари томонидан 2017 йил 9 сентябрда қабул қилинган «Мактаб­гача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор билан Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақ­лаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди.

Қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий меха­низм­ларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муасса­сала­рининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят мар­казларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муас­сасаларини ташкил этиш бел­гиланди.

Давлат раҳбари томонидан та­шаб­бус қилинган давлат-хусусий шериклик механизми замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муас­саса­ларини ташкил этиш учун инвес­торларга ер участкалари ва бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратишни кўзда тутади.

Инвесторлар ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларида давлат таълим талабларига, сани­тария-гигиена ва бошқа нормаларга риоя қилиш, келишув амал қилиши­нинг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш, шунингдек, мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақ­буллиги ва арзонлигини таъминлаш учун масъул бўлиши назарда тутил­моқда. Бунда инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа префе­рен­циялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар такдим этилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муас­сасаларига тадбиркорлик субъект­лари билан тегишли талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳ­сулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғ­ри шартномалар тузишга экспе­римент тариқасида рухсат берилди.

Мазкур экспериментлар якунлари бўйича республиканинг бошқа ҳудудларида давлат-хусусий шерик­лик механизмларини ва мактабгача таълим муассасаларида овқатла­нишни ташкил этиш тартибини жо­рий этиш масаласи кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Қарор билан ушбу соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни амалга оши­ришга қаратилган Ўзбекистон Рес­публи­касида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаш­тириш бўйича «Йўл харитаси» ҳам тасдиқ­ланди.

Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомил­лаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия таш­кил этилди. Комиссия томонидан мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузар­ликларни юзага келтирувчи норма­ларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил этиш, шунингдек, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқин­лик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилади. Бунда зарур инфратузилмани яратиш ва мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу билан бир қаторда, сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талаблари, шу жумладан, мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари ҳам замонавий талабларга мувофиқлаш­тирилади.

Қарорда ваколатли давлат ор­ганлари фаолиятига замонавий ахбо­рот-коммуникация техно­логия­ларини жорий этиш ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишни содда­лаштириш ҳам ўз ичига олган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилди.

Нодавлат мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мақсадида Комис­сияга мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензия­лашнинг соддалаштирилган тарти­бини жорий этиш, уларнинг ташки­лий-ҳуқуқий шаклларини такомил­лаш­тириш бўйича таклифлар тайёр­лаш топширилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижа­сига кўра, мактабгача таълим соҳа­сида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомил­лаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қаро­ри­нинг амалга оширилиши мамла­катда мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муас­сасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш имконини беради.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил