Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЎЗБЕК ВА ҚИРҒИЗ БИР-БИРИГА ЕЛКАДОШ ХАЛҚ

12 Окт 2017

Раҳматулла ЖАББОРОВ, Ўзбекистон қирғиз миллий ­маданий маркази раиси:

— Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг ўтган ойда Бишкек шаҳрига давлат ташрифи доирасида бир қанча масалалар ўзининг ижобий ечимини топгани мени жуда қувонтирди. Ўз навба­тида Қир­ғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Тошкентга ташрифи Ўзбекистонда яшаётган барча қир­ғиз миллати вакиллари учун жуда қувонч­ли воқеа, ҳаттоки байрам десам ҳам муболаға қилмаган бўламан. Алмазбек Атамбоев «Ўзэкспомарказ»да бизни кўриб, Ўзбекистонда қирғиз миллатига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан кўнгли тўлиб, кайфия­ти янада кўтарилиб кетди.

Икки мамлакат Президентлари ўртасидаги дўстона учрашувлар, амалий муносабатлар ўзбек-қирғиз халқларининг ўзаро аҳил-иноқлиги ва ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришига ишончим комил. Биз ҳаяжон билан учрашув жараёнини кузатиб бордик. ­Сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳукуматлараро ҳамкор­ликни қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш бўйича келишувлар қисқа фурсатларда ўз натижасини беради, албатта.

Ўзбек ва қирғиз халқи дили бир, урф-одатлари, анъаналари бир-бирига жуда яқин халқ ҳисобла­нади. Ўзбек маданияти қирғиз халқи учун бегона эмас. Бу халқ­нинг севимли шоир ва адиблари ҳам Қирғизистонда ардоқланади, асарлари севиб ўқилади. Шу ба­ро­барида қирғиз адиб ва шоир­ларининг ўқувчилари орасида ўзбеклар кўплаб топилади. Шу ўринда бир мисолни айтай. Қирғиз адиби Чингиз Айтматовни бил­маган, эшитмаган ўзбек йўқ. Унинг асарлари турли тилларда катта нусхаларда чоп этилган. Айнан ўзбек тилида чоп этилган асарлари хорижий нашрлар орасида етакчилик қилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 300 минг нафардан ортиқ қирғиз миллати истиқомат қилади. Улар орасида турли соҳаларда юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, камтарона меҳнатлари давлат томонидан муносиб тақдир­ланаётганлари кўплаб топилади. Мен раҳбарлик қилаётган миллий маданий марказнинг вилоятлардаги марказлари ҳам эркин фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбек халқи билан қуда-анда бўлиб, ака-ука­лардек қалин муносабатдамиз. Тўй-ҳашамларимиз бир-биримиз­сиз ўтмайди. Доим елкадошмиз. Ўзаро аҳил-иноқликдаги дўстлиги­мизга асло кўз тегмасин.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Абдусалим МАҲМУДОВ

 ёзиб олди.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил