Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ФАРЗАНДИГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШ ОТА-ОНАНИНГ БУРЧИДИР

12 Окт 2017

Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос урф-одатлари, қадриятлари, маънавияти шаклланишида оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Бахтли оилалар туфайли мустаҳкам жамият вужудга келади. Аҳил-тотув ва оқил ота-она фарзандларига бор меҳрини беради, уларни одобли, илмли қилиб тарбиялайди, бахтли болаларни улғайтиради.

Афсуски, оила муқаддаслигини англамаган, фарзанд олдидаги бурчини ҳис этмаган ота-оналар сабабли баъзи оилалар бузилиб кетмоқда, болалар етим қолмоқда. Бунинг устига, оталар ўртасида болаларига алимент тўламаслик ҳолатлари ҳам кўпайиб бормоқда.

Мухбиримиз ана шу мавзуда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро суди раиси Абдувоҳид ҚОСИМОВ билан суҳбатлашди.

 

— Аввало, алимент нима, у қандай ҳолатларда кимларга берилади, деган саволга жавоб берсангиз...

— Алимент — меҳнатга лаёқатсиз оила аъзосига яқин кишилари томонидан тўланадиган нафақа.

Оила кодексига кўра, алиментлар турлича. Ота-онадан вояга етмаган болалари учун ундириладиган алимент; ота-онадан вояга етган болаларига ундириладиган алимент; вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ота-онага ундириладиган алимент; эр-хотиндан бир-бирига ундириладиган алимент...

— Ота-она никоҳи бекор қилинганида вояга етмаган фарзандлари учун уларнинг қайси биридан алимент ­ундирилади?

— Алимент ундириш учун эр-хотин қонуний ажрашган бўлиши шарт эмас. Бирга яшаётган ёки алоҳида яшовчи ота ва она вояга етмаган боласини моддий таъминлашдан бош тортса, ота ёки онадан суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Вояга етмаган болага алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўл­маган тақдирда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда, ота ёки она алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолда, васийлик ва ҳомийлик идоралари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга.

— Вояга етган болаларга алимент тўлаш тартиби қандай?

— Вояга етган, аммо меҳнатга лаёқатсиз, яъни ёрдамга муҳтож болаларга таъминот масаласи ота-она келишувига биноан бўлади. Ота-она ўртасида бундай келишув бўлмаса, низо суд орқали ҳал этилади. Бунда ота ёки онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий сумма белгиланади.

Айтиш жоизки, ёрдамга муҳтож болалар ота-онаси, агар улар оламдан ўтган бўлса, қариндошлари ва Оила кодексида белгиланган шахс­лардан ўз таъминоти учун алимент талаб қилиш ҳуқуқига эга.

— Ота ёки онадан бола учун олинадиган алимент миқдори қандай белгиланади?

— Ота-онадан болага ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ёки бошқа даромадига нисбатан улуш ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши кўзда тутилган.

Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ёки бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса, ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек, даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса, ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган боланинг таъминоти учун тўланиши зарур бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

Алимент мамлакатимизда ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Марказий банк­нинг расмий курси бўйича сўмда ҳисобланади.

— Ота-она таъминоти учун фарзанддан алимент ундириш тартиби ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Меҳнатга лаёқатли ҳар бир инсон меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-онасини моддий таъминлаши ва уларга ғамхўрлик қилиши шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида экани фарзандни уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан халос этмайди.

Ота-она алимент ундириш тўғрисида ўз боласининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан талаб қўйишидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд меҳнатга лаё­қатли барча фарзандлар имкониятини ҳисобга олиши лозим.

Вояга етган, меҳнатга лаё­қатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунча, судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин.

Алимент миқдори эса энг кам иш ҳақи миқдорининг учдан бир қисмидан кам бўл­маслиги белгиланган.

— Алиментни тўлаш ва ундириш қандай тартибда амалга оширилади?

— Алимент тўловчи ўз ихтиёри билан ёки аризасига мувофиқ, ойлиги ёки пенсия­си, нафақа ва стипендия, умуман, маблағ олаётган жо­йидан тўлайди. Алимент ихтиёрий равишда тўлаб турилиши уни олувчининг алимент ундириш ҳақида даъво ёки ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс у кечиккан ҳолатда, судга мурожаат қилишга ҳақли. Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.

Агар таъминот учун маблағ олиш чора-тадбирлари судга мурожаат этгунча кўрилган бўлса, алимент тўлаши шарт бўлган шахс суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб, уч йиллик муддат миқ­ёсида ундириб олиниши мумкин.

Суднинг ҳал қилув қарори ёки келишув бўйича алимент ушлаб қолиши лозим бўлган иш берувчи алимент тўловчи билан меҳнат шартномасини бекор қилган бўлса, шу ҳақда ва унинг янги иш, ўқиш, турар-жойи ҳақида суд қарорини ижро этадиган ижрочига ёки алимент олувчи шахсга уч кун ичида хабар бериши шарт.

Алимент узилишидаги қарз уни тўлаши шарт бўлган шахс­нинг иш ҳақи ёки бошқа даромадидан ундирилади. Иш ҳақи ёки бошқа даромад етарли бўлмаган тақдирда, алимент тўловчининг банк ва бош­қа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақасида турган, шунингдек, муайян ташкилотларга шартнома асосида ўтказган пул маблағидан ундирилади. Айтиш жоизки, мулк ҳуқуқи ўтишига олиб келувчи шартномалар бундан мустаснодир. Бу маблағ етарли бўлмаган тақдирда, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг мол-мулкидан ундирилади.

Алимент ижро варақаси ёки келишув бўйича уни тўлаши шарт бўлган шахс айби билан узилган бўлса, Оила кодексида белгиланган ­тартибда уч йиллик муддатдан қатъи назар, ўтган барча вақт учун ундирилади.

Алимент тўлашга маҳкум шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётган бўлса, қонунга кўра, алимент олувчи билан Оила кодексининг 130-134-моддаларига биноан келишув тузиши шарт.

Агар келишувга эришилмаса, манфаатдор шахс алимент миқдори қатъий суммада белгиланиши, алиментни бирйўла тўлаш ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш, шунингдек, бошқа усулда тўлаш ҳақида талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

— Қандай ҳолларда фуқаро алимент тўлашдан озод этилади?

— Алимент тўлаётган ота-онанинг вояга етмаган болалари бўлиб, қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилса, ўша болалар алиментчига нисбатан кам таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек, алимент тўловчи, ота ёки она ногирон бўлса, молиявий жиҳатдан қийналаётган бўлса, айни вақтда алимент олувчи муайян даромадга эга бўлса, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассаса таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволи ночор эканини ҳисобга олиб, алимент миқдорини камайтириши ёки уни бу мажбуриятдан халос қилиши мумкин.

— Алимент тўлашдан бош тортганлик учун ­қандай жавобгарлик мавжуд?

— Вояга етмаган ёки воя­га етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахс Оила кодексининг 79-моддасига кўра, оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этилади, Жиноят кодексининг 122-моддасига кўра, жиноий жавобгарликка тортилади.

Ота-онага моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суд қарорини бажармаслик ҳам жиноий жавобгарликка олиб келади.

Суд қарорига кўра, алимент тўлашга маҳкум шахс айби билан қарз вужудга келса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмаган алимент миқдорининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига бадал тўлайди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Бардамбек САЪДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил