Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«ОЛИМПИАДА ЧЕМПИОНИ БЎЛМОҚЧИМАН»

12 Окт 2017

Дзюдо бўйича Тошкентда бўлиб ўтган Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда юрт­дошимиз Гулноза Матниёзова олтин медалга сазовор бўлди.

 

121020175.jpg— Мен Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида туғилганман, — дейди у. — Оиламизда отам ва акам спортга қизиқарди. Бу менга туртки берган, албатта. Урганч олимпия захиралари коллежига ўқишга кирганимдан сўнг дзюдо билан жиддий шуғуллана бошлаганман.

— Мураббийларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

— Биринчи мураббийим Тамара Югай бўлган. Ундан бир умрга миннатдорман. Бугунги кунда Жамшид Худойберганов менга устозлик қилмоқда. Терма жамоамиздаги баъзи мураббийлар менга турлича усулларни таклиф қилишди. Тўғри, улар айтаётган техникани ўзлаштирган спортчи яхши натижа қайд этиши мумкин. Лекин ўша усулларни мен қабул қила олмадим. Шунингдек, яна бир мураббийим Фарҳод Тўраев турли мусобақалар давомида менга далда бўлган. Ҳар доим чемпионатларга у киши билан бирга борсам, ўзимга бўлган ишонч янада ортади.

— Япон ва ўзбек дзюдочи қизлари ўртасида қандай фарқ бор?

— Улар ўртасида фарқ йўқ, деб ўйлайман. Юқори натижаларга эришиш, аввало, инсоннинг ўзига боғлиқ. Спортчида ватанпарварлик туйғуси юксак бўлиши керак. Ўшанда у рақиби ким бўлишидан қатъи назар, ғалаба қозонади. Япон рақибларим билан курашган пайтим ҳеч қачон қўрқмаганман, бор имкониятимни ишга солиб икки марта ютганман, бир марта ют­қазганман. Лекин шуни айтиб ўтишим керакки, Япония дзюдо ватани бўлгани учун улар мазкур спорт турига янги қонун-қоидалар ва ўзгартиришлар киритилганда, биринчи бўлиб хабар топишади.

Сўнгги вақтларда мамлакатимизда хотин-қизлар спортига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида ўзбек дзюдочи қизларининг маҳорати ошди. Рио 2016 Олимпиада ўйинларидан сўнг терма жамоамиз таркибига ёшлар қўшилди. Улар Тошкент Гран-присида ўзларини кўрсатишди. Энг муҳими, уларда ҳеч кимдан қўрқмай курашиш ҳисси пайдо бўлган. Насиб бўлса, бу қизлар тез фурсатларда мусобақаларда юқори натижаларга эриша бошлайди. Рио 2016 Олимпиасига бир нафар қиз борган бўлса, Токио 2020 Олимпиадасига камида 3 нафар спортчи қиз боради, деб ўйлайман.

— Чемпион бўлиш учун нима қилиш керак?

— Чемпион бўлиш учун авваламбор жуда кўп меҳнат қилиш лозим. Спорт билан шуғулланишнинг дастлабки йилларида мусобақаларда ютқазганингизда, «Бўлди мендан спортчи чиқмас экан», деб тушкунликка тушиб қоласиз. Спортчи бир, икки, уч мусобақада ютқазиши ­мумкин, лекин шунда ҳам ўз устида ишлашни давом эттирса, олдига қўйган мақсади сари интилса, у албатта яхши натижага эришади.

— Спортчи учун муҳими нима?

— 17 ёшимда қаттиқ жароҳат олдим. Шунда шифокорлар операциядан сўнг спорт билан шуғулланишни ман этишди. Сабаби, оёғимга оғирлик тушиши мумкин экан. Лекин олдинга қараб интилдим. Бутун иродамни, куч-қудратимни ишга солдим. Оғир синовларни енгиб ўтиб, фахрланишга арзийдиган натижаларни қайд этдим. Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи, Осиё чемпионатида биринчи ўринни олган эдим. Рио-де-Жанейро Олимпия ўйинларида ­иштирок этдим. Сўнгра Осиё чемпионатида иккинчи ўринни, 2016 йил ва шу йил Тошкент Гран-присида ҳамда Бокуда бўлиб ўтган IV Ислом бирдамлик ўйинларида биринчи ўринни олдим.

— Мамлакатимизда спортчиларга яратилаётган шароитлар сизни қаноатлантирадими?

— Федерациямиз маш­ғулот олиб боришимиз учун барча шароитларни яратиб берган. Турнирларда иштирок этиш учун бошқа давлатларга борганимизда кўрамиз, ҳаттоки, дзюдо ривожланган мамлакатларда ҳам биздагидек шароит йўқ. Ушбу қулайликларнинг бир қисми вилоятларда ҳам бўлса, ички чемпионат савияси кўтариларди. Нафақат вилоят марказларида, балки, ҳар бир туман, шаҳарда дзюдо тўгараклари очилса, яхши бўларди. Чунки фарзандлари вилоят марказларига бориб шуғулланиши учун ҳамма ота-оналарнинг ҳам имконияти йўқ.

Ўзим туғилган Ҳазорасп туманида ҳам дзюдо унчалик ривожланмаган. Лекин спортнинг ушбу турига қизиқувчи истеъдодли болалар кўп.

— Келажакдаги режаларингиз қандай?

— Тошкентда бўлиб ўтган Гран-при мусобақасида ғолиб бўлганимда, ўзимга бўлган ишончим янада мустаҳкамланди. Турнирда ғалаба қозониш учун куч топаолдим, деб ўйлайман. Насиб бўлса, навбатдаги катта дубулға турнирларида, жаҳон чемпионатида ҳамда бош­қа мусобақаларда муносиб иштирок этиб, Токио 2020 Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритишни ният қилганман. Шунинг­дек, энг улуғ мақсадим — Токио Олим­пиадаси чемпиони бў­лиш.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Шаҳбоз САИДОВ

суҳбатлашди.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил