Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

КОНСТИТУЦИЯМИЗНИНГ ЯРАТИЛИШ ТАРИХИ

14 Ноя 2017

ҳақида биз билган ва билмаган ҳақиқатлар

Президентимизнинг яқинда эълон қилинган «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги Фармонида таъкидланганидек, «Бош Қомусимиз ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ­эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда».

Дарҳақиқат, чорак аср муқаддам қабул қилинган Конституциямиз миллий мустақиллигимизнинг ҳамда кўп миллатли Ўзбекистон халқи эришган ҳур ва эркин ҳаётнинг ҳуқуқий асоси ва келажагимизнинг мус­таҳкам кафолатидир,

Маълумки, ушбу мўътабар ҳужжат осонликча яратилгани йўқ. У Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида икки йилдан ортиқ тер тўккан турли соҳа вакилларидан иборат нуфузли комиссиянинг машаққатли меҳнати самарасидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар шўро тузуми раҳнамолари жон-жаҳдлари билан эски салтанатни сақлаб қолишга уринаётган кезлардаёқ бошланган эди.

Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 1990 йил мартда бўлиб ўтган сессиясида Асосий Қонунга ўзгартириш киритилган ва Президент бошқарувини жорий этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганди. Давлат бошқарувида рўй берган бу янгиланиш ўз-ўзидан республика Конституциясининг кўпгина моддаларини зудлик билан қайта кўриб чиқишни, керак бўлса, бутунлай ўзгача шаклда ифода этишни тақозо этарди.

Шу боисдан ҳам Олий Кенгашнинг ўша йили июнда бўлиб ўтган иккинчи сессиясида бу хусусда бир қарорга келинди ва Ислом Каримов ­раислигида 64 кишидан иборат Конституция комиссияси тузилди.

Муайян тайёргарлик ишларидан сўнг, 1991 йилнинг апрель ойида Конституция ло­йиҳасини тайёрлашга киришилди. 12 апрелда комиссия­нинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Амалга оширилган ишлар сар­ҳисоб қилинганда, ло­йиҳани ишлаб чиқиш билан боғлиқ барча ишларни мувофиқлаштириш лозимлиги аён бўлди. Шундан сўнг комиссия аъзолари, таниқли олимлар ва мутахассислардан иборат 32 кишилик ишчи гуруҳ тузилди. Бундан ташқари, Конститу­ция­нинг асосий йўналишларини ўзида акс эттириши лозим бўлган бўлимларни алоҳида-алоҳида тайёрлаш учун 6 та кичик гуруҳ тузилиб, уларнинг таркибига 50 нафар илмий ходим ва мутахассислар жалб қилинди.

Орадан беш ой ўтар-ўтмас Ўзбекистон ўз миллий мустақиллигига эришди. Энди жаҳондаги илғор мамлакатларнинг тажрибасига таянган ҳолда демократик тамойиллар ва бозор иқтисодиёти талабларига тўлиқ жавоб берадиган Конституция яратиш масаласи энг муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланди. Лойиҳанинг 158 моддадан иборат дастлабки варианти 1991 йилнинг октябрь ойида тайёр бўлди. Афсуски, бу нусха қайтариқлар ва ноаниқ, мужмал қоидалардан иборат эди. Бунга олим ва мутахассисларда тажриба йўқлиги, фикрлаш тарзида аввалги тузумнинг қолиплари устунлиги ҳам жиддий сабаб бўлган эди.

Қораламани жиддий тарзда ўрганиб, ҳар бир моддани синчиклаб таҳлил ва таҳрир қилган Комиссия раиси уни қандай қилиб чинакам Конституция ҳолига келтириш тўғрисида йўл-йўриқ бергач, ишчи гуруҳ аъзолари зиммаларига юклатилган вазифани амалга ошириш йўлида қаттиқ тер тўкдилар. Лойиҳанинг жиддий равишда ўзгартирилмаган ва тубдан ишланмаган бирорта моддаси қолмади.

Буни Асосий Қонунимизнинг асл моҳиятини ўзида мужассам этган бир нечта моддалар тарихи ва таҳрири тафсилотлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

 Конституциямизнинг муқаддимасида халқимизнинг орзу-нияти ўзининг мухтасар ифодасини топган. Ундаги «Ўзбекистон халқи: инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб», деган жумлаларда халқимиз неча аср­лар оша интилган ва ниҳоят 1991 йилнинг 31 августида эришган миллий мустақиллигимизнинг бутун моҳияти акс этган десак, асло хато бўл­майди.

Муқаддиманинг 7-сўзбошисида «инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб», дея таъкидланишида ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Зеро, жаҳондаги ил­ғор давлатларнинг босиб ўтган йўли, орттирган тажрибаси демократик ҳуқуқий мамлакатдагина инсонпарварлик тамо­йилларини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш мумкинлигини намоён этганди. Ҳуқуқий демократик давлат эса барча фуқароларнинг фаол иштирокида барпо этилади. Бунинг учун қонуний ваколат лозим. Буни фақат Конституция ва унинг асосида яратилган қонунларгина беради.

Шунинг учун ҳам 1990-1992 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Конституция комиссияси ҳамда ишчи гуруҳлари олдида шаклан ҳам, мазмунан ҳам мутлақо янги Асосий Қонунни яратишдек ғоят машаққатли ва масъулиятли, айни пайтда улуғ ва тарихий вазифа турарди. Бу эса олимлик билан донишмандликни уйғунлаштиришни талаб этарди. Чунки, давлат билан шахснинг, ҳокимият билан жамиятнинг ҳуқуқ ва бурчларини тенг тақсимлайдиган Қомус келгусида барча фуқароларнинг ­эркин ва озод ҳаёт кечиришига кафолат бўлиб хизмат қилиши лозим эди.

 Бугунги кунда Бош Қомусимизни варақлаб, бўлим, боб ва моддалари билан бирма-бир танишган киши, жуда улкан юкни зиммасига олган комиссия аъзолари ўз вазифаларини нечоғлик маҳорат билан уддалаганига, демократик тамойиллар ва бозор иқтисоди талабларига тўлиқ мос келадиган, айни пайтда Ўзбекис­тоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, кўп миллатли аҳолининг руҳиятига, талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган мукаммал ҳуқуқий ҳужжат — ҳақиқий инсонпарвар, адолатпарвар Конституция яратилганига амин бўлади.

Конституция лойиҳаларининг ўнлаб нусхалари кўздан кечирилса, қайта-қайта ишлаш жараёнида жиддий таҳрирга дучор бўлмаган бирорта бўлим, боб ва модда қолмагани маълум бўлади. Баъзи моддалар бутунлай янгидан ёзилган бўлса, айримларига принципиал ва муҳим ўзгартиришлар киритилган.

Маълумки, янги Конституцияни яратиш халқимиз ва юртимиз тарихидаги энг мураккаб, энг ғалаёнли ва саросимали даврга тўғри келди.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ўртасида бошланган «қайта қуриш» сиёсати пировардида «қонли юриш»га айланиб кетиб, Кавказорти ва Болтиқбўйи мамлакатларида тинч аҳоли билан армиянинг қуролли тўқнашувлари рўй берди. Ушбу суронлардан юртимиз ҳам четда қолгани йўқ. Фарғона водийси, Тошкент ва Сирдарё вилоятининг айрим туманларида бўлиб ўтган можаролар халқимизнинг кўнглига жароҳат солибгина қолмай, миллатлар ўртасидаги муносабатни кескинлаштириб юборди. Мана шу талатўпда ўзимиздан чиққан «маҳаллий демократлар» хориждаги ғаразли кучларнинг қутқусига учиб, ёшларнинг кўнглига миллатчиликнинг заҳарли уруғини сепишга тушишди...

Шундай вазиятда Конституция комиссияси раиси ­Ислом Каримов Асосий қонуннинг ўзига тақдим этилган лойиҳаси устида ишлар экан, 4-модданинг 2-хатбошисини жиддий таҳрир қилади ва «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарининг ҳурмат қилинишини таъминлайди ва уларнинг ривожланиши учун шароит яратади», деб ёзиб қўяди.

Мажлис иштирокчиларидан бирининг гувоҳлигига кўра, муҳокама пайтида комиссия аъзоларидан бири: «уларнинг ривожланиши учун шароит яратади» деган калима Конс­титуцияга киритилмагани маъқул эмасмикин...», деган фикрни билдиради. Бунинг замирида юқорида айтилган муддао бор эди.

Комиссия раиси қатъий қилиб ушбу қоидани қолдириш шартлигини айтади: «Миллатнинг куч-қудрати республикада истиқомат қилаётган миллатларга самимий муносабатда, — дейди у. — Республикада яшаётган миллатлар ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини суриб чиқариш учун кўп ақлнинг кераги йўқ, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш эса саъй-ҳаракатни талаб қилади ва имконият борича шуғулланмоқ керак». Натижада 4-модда Раиснинг таҳрири бўйича қолдирилади.

Олий Кенгашнинг 1992 йил 8 декабрдаги Республика Конс­титуцияси муҳокамасига бағишланган мажлисида ҳам Ислом Каримов миллатлар­аро давлат сиёсатига алоҳида урғу бериш билан биргаликда халқ­имизнинг эзгу хислатларини яна бир бор таъкидлаб: ­«Ўз кучи ва келажагига эга бўлган халқнинг бағри кенг бўлади, худога минг қатла шукурки, ўзбекларнинг бош­қа халқларга муносабати ижобийдир. Юртимизда яшаётган бошқа халқ вакилларига одилона қараш, уларга меҳрибонлик қилиш биз учун анъанавий бурчга айланган», деган эди.

Қарангки, шу заминда истиқомат қилаётган барча миллатлар вакилларининг тенг ҳуқуқлиги қонуний жиҳатдан таъминланиб қолмасдан, амалда уларнинг эркин яшаши, ўқиши, ишлаши, ўз меҳнатлари мевасидан баҳраманд бўлиши, шу билан бир қаторда ўз миллий маданиятларини ривожлантириши, қадриятларини асраб-авайлашлари учун барча шарт-шароит яратиб берилди.

Бағрикенглик, меҳр-оқибат, мардлик ва тантиликка асосланган, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликка таянган адолатли сиёсат ўтиш даврининг машаққатли йилларида кўп миллатли ўзбек халқига чинакам маънавий-руҳий таянч бўлиб хизмат қилди ва тараққиётнинг равон йўлига тарихан қисқа муддатда чиқиб олиш имконини берди.

Дарҳақиқат, Асосий Қонунимиз муқаддимасидан тортиб, сўнгги бобигача тўла-тўкис инсонпарварлик, адолатпарварлик туйғусига йўғрилган. Ҳар бир модда «ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун», дея таъкидлайди. Пировардида давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи бўлган халқ улуғланади.

Қораламалар варақланганда, Биринчи Президентимизнинг бир қатор ўзгартириш ва тузатишлари ниҳоятда принципиал аҳамиятга молик эканлиги маълум бўлади. Масалан, лойиҳадаги 7-модданинг иккинчи хатбошисида «Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти Конституция ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидан амалга оширилади», деган жумла бор эди. Комиссия раиси уни «Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва...» деган сўзлар билан тўлдиради. Ушбу жумла модданинг моҳиятини кучайтириб қолмасдан, халқнинг шаънини улуғлайди ва давлат ҳокимиятининг бундан буён халқ манфаатини кўзлаб фао­лият юритажагини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлайди.

Асосий Қонуннинг 17-моддаси иккинчи хатбошисида Ўзбекистон Республикаси ­иттифоқлар тузиши, ҳамдўстлик ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкинлиги айтилади. Юртбошимиз ташқи сиёсат соҳасидаги ушбу ваколатнинг негизида қандай олижаноб мақсад ётганини аниқлаштириб, ушбу моддани «давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида», деган сўзлар билан бойитади.

Лойиҳанинг дастлабки нусхасидаги 19-модданинг иккинчи жумласи: «фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари суд томонидан ҳимоя этилади»,шаклида битилган эди.

Ислом Каримов эса бу моддани: «Фуқароларнинг Конс­титуция ва қонунларда мус­таҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир. Улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ва ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас», шаклида ёзишни тавсия этгач, фикр янада ойдинлашади.

Яна бир мисол. Лойиҳадаги 29-моддада: «Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни қонуний тарзда тарқатиш ҳуқуқига эга», деб ёзилганди. Агар ушбу модда қайтадан ишланмаса ва мазмунан тўлдирилмаса, аҳоли ўртасида кўпгина тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкинлигини пайқаган Комиссия ­раиси уни: «Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конс­титуциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир» шаклида таҳрир этади. Ўз-ўзидан аёнки, биргина «ўзи истаган ахборотни» деган жумла фуқаролар кўнглида туғилиши мумкин бўлган «Қанақа ахборот?» «Ҳақиқатан ҳам исталган ахборотними?» деган саволларга ўрин қолдирмайди.

Юқоридаги сингари мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бу эса мустақил юртимизнинг ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахл­сизлиги, осмонимиз мусаффолиги, ­халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ўз ҳимоясига олган буюк бир ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нечоғлик катта меҳнат ва изланишлар эвазига яратилганидан шоҳидлик беради.

 

Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил