Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ҚАШҚА ВОҲАСИНИНГ ПАХТАСИ

14 Ноя 2017

серҳосил, сифатли, саноатбоп

Бепоён Қарши даштини айланиб, деҳқон меҳнатига тасанно айтгинг келади. Инсоннинг қўли гул, деганлари шу бўлса керак. Асрлар давомида қанчадан-қанча ­бободеҳқонлар бу манзилларни обод қиламан, боғ-роғ яратаман, Қарши чўлини гулистонга айлантираман, деб меҳнат қилишган, заҳмат чекишган. Бу азиз тупроқда боболаримизнинг, момоларимизнинг табаррук излари қолган. Шулар ҳақида ўйлар эканман, хаёлларимни ҳамроҳим Шариф ҳожи Ғойиповнинг ушбу саволи бўлди:

 

— Қашқадарё ерларининг неъматидан кўпчилик баҳраманд бўлса керак?..

Ҳа, ҳақ гап. Осмонўпар пахта хирмони, ҳалол меҳнат ва пешона тери эвазига етиштирилган ғалла, мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари... нафақат вилоятимиз, балки бутун халқимизнинг насибасидир.

— Бир куни набирамнинг воҳада илк бор қаерга чигит экилгани ва тола қайси корхонада ажратилгани ҳақидаги саволига жавоб беролмадим, — дейди суҳбатдошим.

Айрим манбаларда Қашқа воҳасида илк бор Шаҳрисабз ва Китоб далаларида пахта етиштирилгани қайд этилган. Уларга кўра, 1914 йилда Шаҳрисабзга темир йўл тортиб келинган ва кичик пахта тозалаш корхонаси қурилган...

Шулар ҳақида ўйлаб, телевизорни қўйдим. Тошкентда бўлиб ўтган халқаро пахта ва тўқимачилик кўргазмаси қатнашчилари билан суҳбат берилаётган экан. Ярмаркага келган олимлар пахта навлари, генетикаси, қайта ишлаш саноати ҳақида муҳим фикрларни билдиришарди. Эътиборни тортгани, ҳозир 60-65 фоиз толамизни ўзимиз тайёр маҳсулотга айлантираётган эканмиз, келгусида тўла қайта ишлаймиз.

Ушбу жараёнда Қашқадарё вилоятининг ўрни қандай? Унинг бойлиги, қайта ишлаш саноати қувватлари ҳақида нималарни биламиз? Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз» китобини қўлимга олдим. Мамлакатимиз раҳбари қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда шундай деган эди: Давлатимиз асосчисининг улуғ орзуларидан бири Қашқадарёни Ўзбекистоннинг ривожланган минтақасига айлантириш эди... Бугунги кунда мамлакатимизда қазиб чиқарилаётган табиий газнинг 70 фоизи, нефт­нинг қарийб 78 фоизи, газ конденсатининг 80 фоизи, ғалланинг 13 фоиздан ортиғи, пахтанинг 14 фоиздан зиёди вилоят ҳиссасига тўғри келмоқда... Бу ердаги «Шўртан нефть-газ», «Муборак нефть-газ», «Шўртан газ-кимё мажмуаси», «Муборак газни қайта ишлаш заводи», Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Толлимаржон иссиқлик электр станцияси, «Ҳисор нефть-газ» каби йирик ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз саноатининг локомотивлари ҳисобланади...

141120176+.jpgШу ўринда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт ­бошқармасининг масъул ходими Дилором Холмуродованинг фикрларини эслай бошлайман. Икки йил олдин ҳукумат дастури асосида вилоятда 5455 лойиҳа амалга оширилди ва 2 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди, улар асосан ўрта, кичик саноат корхоналари эди. Айни пайтда вилоятда 2151 саноат корхонаси рўйхатдан ўтган. Аммо фермер хўжаликларини ҳам қўшсак, 7535 катта-кичик корхона ва цехларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Шу йилнинг ўтган тўққиз ойида 7 триллион 441 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти тайёрланган. Вилоятни 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дас­турига кўра, 799 янги лойиҳа асосида яна 10 минг 233 иш ўрни яратилади. Ҳозиргача 558 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 4735 иш ўрни барпо этилди.

— Янги қайта ишлаш шохобчаларини вужудга келтиришда пахта муҳим хом ашёдир, — дейди Ўзбекистон енгил саноат АЖнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили Останақул Оллоёров. ­— Биласизми, ҳукуматимизнинг 2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасини ривожлантиришга оид қарорига кўра, вилоятимизда ҳам ўнлаб янги корхоналар ишга туширилади. Агар ўтган йили вилоятда толани қайта ишлаш 9-10 фоизни ташкил қилган бўлса, бу йил охиригача бу кўрсаткич 40 фоизга, келгусида 74 фоизга етади. Айрим мисоллар. Китоб ип йигирув корхонаси 3 минг тонна ип калава тайёрлаш қувватига эга, 125 ишчи меҳнат қилаяпти. Яккабоғ туманидаги янги «Воҳатекс» АЖда 80 иш ўрни яратилди. Муборак туманида йилига 8 миллион дона пайпоқ тайёрлайдиган корхона ишлаяпти. ­Президентимиз йил бошида вилоятимизга ташриф буюрганида, бир қанча истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қимматли маслаҳатлар берганди. Қаранг, Қарши туманида йилига 22 минг тонна пахта толасини қайта ишлайдиган хорижий корхона яқинда иш бошлади. Яна янгилари қурилаяптики, уларда юзлаб, минглаб ёшлар меҳнат қилишади. Бир гапни айтайми, сиз Шаҳрисабздаги корхонамиз билан танишинг...

Шаҳрисабзга йўл олдик. ­Ростига кўчсак, тўқсонинчи йилларнинг охирида қурилган бу корхонага келиб, ўзимизнинг қурувчиларимиз, хорижий мутахассислар билан бир неча бор суҳбатлашган, серунум дастгоҳларни кўриб ҳайратга тушган эдим. Корхонанинг оёққа туриб кетиши осон бўлмади. «Оқсарой Текстиль» МЧЖ директори ­Санжар Жабборов 600 га яқин ишчи-хизматчи йилига 4 минг тонна ип-калава тайёрлаётгани ҳақида ҳикоя қилиб, ишлаб чиқариш жараёни билан таништиради. Янгилик шу эканки, тез орада толани бўяйдиган, келгусида мато тўқийдиган, камида 250 киши меҳнат қиладиган янги қувват ишга тушаркан. Дастгоҳлар келтирилган, лойиҳадаги ишларнинг 80 фоизи бажариб қўйилган.

— Мен Шаҳрисабз шаҳрида яшайман, — дейди ёш ишчи ­Нигора Саидова. — Ўтган йили технология коллежини битириб корхонага келдим. Устозим Ҳабиба Шокировадан иш ўргандим. Ҳозир калава ўраш цехида ишлаяпман. Мен каби ёшлар жуда кўп.

Ёш ишчининг сўзларидан зав­қим келди. Ахир, у ҳақ, бирин-кетин ишга тушаётган саноат корхоналари учун хомашё керакми? Умуман, воҳада қандай ва қанча пахта етиштирилаяпти? Енгил саноат вакили «Воҳа пахтаси сифат жиҳатидан юқори ўринда туради», деб баҳо берди. «Ўзбекпахтасаноат» АЖ нинг етакчи мутахассиси Гулчеҳра Ниёзова Қашқадарё пахтаси энг аъло, асл эканлигини таъкидламоқда. Хўш, бунга қандай эришилаяпти?

Аввало, ер ва уни асраш, унумдорлигини ошириш масалалари ҳақида. Бу борада мустақиллик йилларида кўп иш қилинди. «Аму-Қашқадарё ирригация тизими» ҳавза бошқармаси бошлиғи Ботир Раҳимовнинг айтишича, 2013-2016 йилларда 117 лойиҳа амалга оширилиб, 141 минг гектарга яқин ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланган. Коллекторлар тозаланган, 417 километр ёпиқ дренаж шохобчаси қурилган, томчилаб суғориш жорий этилмоқда. Ғалла майдонлари тўлиқ сув билан таъминлангани туфайли мўл ҳосил етиштирилган. Бу йил вилоятда 153 минг гектар ерда пахтанинг серҳосил навлари экилган, етарли сув билан таъминланган. Хуллас, натижада шартномадаги 407 минг тоннага яқин ҳосил хирмонга тўпланган. Бу мамлакатимиз миқёсида энг кўп пахтадир.

— Деҳқон меҳнати энг аввало, ишлаб чиқарувчи томонидан қадрланиши керак, деб ўйлайман, — дейди Қарши ёғ-экс­трация заводи ОАЖ директори Фаррух Алимов. — Чигитни пахтакордан оламиз. Унинг тўқ, сифатли бўлиши уларнинг меҳнатига боғлиқ. Демак, биз ҳам қараб турмаслигимиз керак. Худди шундай йўл тутдик. Агар ҳозир корхонамизда 600 га яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган бўлса, улар ҳам ҳашарга чиқишди. Мавсум давомида вилоят далаларида меҳнат қилаётган 13-15 минг теримчини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турдик.

— Пахта етиштириш заҳмат, ҳосилни нобуд қилмай териб олиш ундан-да машаққат, — дейди ЎзХДП Касби туман кенгаши раиси Султон Ҳамроев. — Пахта минглаб, юз минглаб ­деҳқон ва саноат ходимларини иш билан таъминлаяпти, нон-насиба бераяпти. Улар орасида қанчадан-қанча партиямиз аъзолари, электоратимиз вакиллари бор. Туманимиз вилоят хирмонига 65 минг тоннадан ошириб пахта тўкди.

141120177+.jpgАгар таъбир жоиз бўлса, пахта меҳнат қувончи, яратиш қувончи... Вилоятда ўз меҳнатидан қувонадиган кўплаб уста пахтакорлар етишиб чиқди. Миришкор тумани вилоятда биринчи бўлиб режани уддалади. Касби туманидан «Аҳмаджонов ­Баркамол Акмалович», «Сайфуллобобо Рўзиев», Косон туманидан «Равшанқул ота», «Шерамат Саидов», Нишон туманидан «Баҳриддин Чориев», «Авазов Қодир», Қарши туманидан «Фаровон», «Жўраева Гулнора Жўраевна», Муборак туманидан «Баҳромов Озодбек Завқиевич», «Қаҳҳоров Раҳмон бобо», Қамаши туманидан «Поён ўғли ­Абдимурод», «Бозор ўғли Абди», ­Яккабоғ туманидаги «Шамшар», «Улуғвор мерос» каби фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 35-40 центнердан ошди.

Қашқадарё соҳилидаги 30 гектар ерда мўл пахта ҳосили етиштирган ЎзХДП фаоли, 
Сенат аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони фермер Абдимурот Бозоров
 таъбири билан айтганда, бу йил юртимизга барака ёғилди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил