Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

БУТУН ДУНЁ ХАЛҚЛАРИНИНГ СЕВИМЛИ ШОИРИ

13 Фев 2018

Навоий шаҳридаги «Ёшлар маркази»да ўтказилган «Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги II анъанавий халқаро илмий конференцияда дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан йигирма нафардан ортиқ навоийшунос иштирок этди.

      Дунёда тенги йўқ биргина шоир бор, у — ҳазрат ­Алишер Навоий, жаҳонда ўхшаши йўқ ягона шаҳар бор — бу ­Навоий шаҳридир, — деди академик Бахтиёр Назаров. — Иккинчи маротаба ўтказилаётган анжуман Навоий вилоятининг дунё навоийшунослигида муҳим ўрин тутишини кўрсатади.

      Алишер Навоий бобомизга бағишлаб республикамизда илгари ўтказилган халқаро анжуманларда икки-уч давлатдан олимлар иштирок этар эди, — дейди профессор ­Иброҳим Ҳаққул. — Бу конференцияда кўплаб хорижлик олимларнинг қатнашгани унинг аҳамиятини янада оширади.

      Конференция арафасида Алишер Навоий ижодий мероси татбиқ этилган 200 га яқин илмий мақолалар тўпланиб, уларнинг 109 таси сараланди ҳамда монография чоп этилмоқда, — дейди Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси Зариф Қувонов. — www.anic.uz Бундан ташқари, Alisher Navoi international conference веб-сайти ишга туширилди. Унда юртимиз ҳамда дунё олимлари, шунингдек, конференция қатнашчиларининг изланишлари жамлаб борилади.

      Бугун «Фарҳод ва Ширин» достонининг украин ­тилидаги таржимаси, Афғонис­тон ҳамда бошқа мамлакатларда чоп этилган Навоий китоб­лари навоийликларга туҳфа этилганлигининг гувоҳи бўлдик, — дейди «Кармана овози» газетаси масъул котиби, шоир Одил Ҳотамов. — Мазкур нодир китоблар вилоят музейида сақланади. Энди улар асосида илмий ишлар олиб бориш имконияти пайдо бўлди.

Нурулло ОЛТОЙ, Афғонис­тон давлат университети доценти:

— Мир Алишер Навоий нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё халқларининг севим­ли шоири ва атоқли мутафаккири сана­лади. Бундай буюк аллома билан чек­сиз фахрланамиз. У кишининг ҳар бир бай­тидан одоб ва ахлоққа оид фалсафий хулосалар чиқариш мумкин.

Бу анжуман улуғ сўз санъаткори ва давлат арбоби меросининг янги-янги қирра­ларини очди, бу маънавий бойлик ҳали янада чуқур изланишлар, ўрганишлар олиб боришни тақозо этади.

Абдусалом АБДУҚОДИРОВ, Хўжанд давлат университети профессори, ака­демик (Тожикистон):

— Алишер Навоий нафақат ўзбекларнинг, балки, тожикларнинг ҳам севимли шои­ридир. Тожикистонда ҳам ­Навоийни қадрлашади, унинг асарларидаги қаҳрамонларни ёшларга ибрат сифатида кўрсатишади. Мен Навоий шаҳридаги бундай тадбирда биринчи марта қатнашяпман. Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг ташаббуси билан ташкил этилган, буюк шоир ижодига бағиш­лан­ган ­халқаро конференцияга таклиф этилганимиз бизни ниҳоятда мамнун қилди. Навоий зул­лисонайн шоир сифатида Тожикис­тонда шу қадар эъзозланадики, унинг туғилган куни бизда ҳам ҳар йил муносиб нишонланади, қатор халқаро анжуманлар, мушоиралар, учрашувлар ўтказилади, мақолалар чоп этилади. Навоийнинг ҳаёти ва ижоди юртимиздаги барча мактаб ва олий ўқув юртларида кенг ўрганилмоқда. Бу буюк зотга бўлган меҳр ва муҳаббатимизни ифо­далайди.

Азамат АКБАРОВ, Олмаота шаҳридаги Қозоқ миллий университети профессори:

— Буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий нафақат ўзи ижод қилди, балки бошқа иқтидорларга ҳам шеърият йўлини очиб берди, илм аҳлига имкониятлар яратди. Бу билан у Хуросонда илм-фан, санъат ва адабиётнинг ривожини таъминлади. Буюк қалб эгаси­нинг ватанпарварлик, одамийлик фазилатла­рига, яхши хулқ-атворга чорловчи асарлари у яша­ган даврдаёқ халқнинг шиорига айланди.

Конференция доирасида «Фарҳод» маданият саройида ҳазрат Навоий ғазал ва рубоийлари асосида тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Унда вилоятимизда ўтказилган «Навоий ворислари» кўрик-тан­лови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Ҳудудий босқичларда қатнашган 2,5 минг­дан зиёд ёш навоийхонлар орасидан 6 нафар ғолиб саралаб олинган эди. Биринчи ўринга лойиқ деб топилган карманалик 8-синф ўқувчиси Иброҳим ­Ғаффоровга вилоят ҳокими Қобул ­Турсунов томонидан Президент совғаси — «Spark» автомашинаси тақдим этилди. 2-ўринни қўлга киритган икки нафар, 3-ўринга лойиқ кўрилган уч нафар ёшга эса компьютер жамланмаси ҳамда ноутбуклар топширилди.

Анжуманни намунали ташкил этишдаги ташкилотчилиги учун вилоят Маънавият ва маърифат марказига Президент совғаси — «Lacetti gentra» автомашинаси берилди.

 

Илҳом САТТОРОВ,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалл... Батафсил