Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЮКСАК МАЪНАВИЯТГА АСОСЛАНГАН ДЎСТЛИК

12 Мар 2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг V йўналишида миллатлараро тотувлик, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш устувор йўналишлар этиб белгиланган эди. Ўтаётган кунлар ушбу ҳаётбахш ғояларнинг рўёбини кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Президент Имoмали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлиши икки мамлакат ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришига ишончимиз комил. Кўчаларда Ўзбекистон Президенти истиқболига чиққан минглаб тожикистонликларнинг юз-кўзларидаги шодлик бу ташриф орзиқиб кутилган воқеа эканини кўрсатди.

 

ХУШ КЕЛИБСИЗ!

9 март тонги. Тожикистон пойтахтининг 15 мингдан ортиқ аҳолиси, ёшлари олий мартабали меҳмонга пешвоз чиқдилар. Улар марказий кўча бўйлаб, карнай-сурнай садолари остида ўзбек-тожик дўстлигини олқишлаб, тараннум қилдилар.

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларнинг оддий, самимий муносабатлари 9-март­нинг тафтини, ҳароратини, кайфиятини кўрсатиб турибди:

Муҳаммадиса: — Серқуёш Тожикистонга хуш келибсиз, ҳурматли Президент! Биз Тожикистон халқи Сизнинг меҳрингиз ва икки буюк халқни бирлаштириш салоҳиятингизни юксак қадрлаймиз. Биз Сиз учун, дўстлигимиз учун дуо қилаяпмиз. Биз орзу қилган, Яратгандан сўраган кунлар келди.

Анис: — Тожикистонга хуш келибсиз! Сизни кўришдан чин қалбимиздан шодмиз.

Ozod: — Шарқда бир ҳикмат бор: қўшнинг қариндошдан яқин. Аммо тожик ва ўзбек халқ­лари ҳақида гапирганда, улар нафақат яқин қўшни, нафақат қариндош, улар БИТТА ХАЛҚ! Фақат ҳар хил тилда гапиришади. Аниқроғи, бир хил сўзларни сал бош­қачароқ айтишади... холос.

Зухриддин: — Ассалому алайкум, ҳурматли Президент Шавкат Миромонович, Сизни Тожикистон Республикасига ташриф буюришингиз барча Тожикистон халқини жуда хурсанд қилди ва Сизнинг ташрифингизни хурсандчилик ва байрамдек кутиб оламиз. Сизга каттадан катта раҳмат. Сизга Оллоҳдан сиҳат-саломатлик ва узоқ умр тилаймиз. Хуш келибсиз!!!

 

БЕШ ТИЛДА БОР БИТТА СЎЗ

Дўстлик. Улуғ фазилатнинг номи. Уни фазилатларнинг юзбошиси, десак арзийди. Чунки самимият, меҳрибонлик, мувофиқлик, ёру ҳамдамлик, садоқат, жонкуярлик, ғам­хўрлик, хайрихоҳлик, рафиқлик, шафиқлик, мухлислик, фидойилик, беғаразлик, вафодорлик, яқинлик, қадрдонлик... каби фазилатлар дўстликни бошларига кўтариб туришади.

Навоий, Рудакий, Абай, Махтумқули, Тўқтағул ижоди нафақат қўшни халқларни, балки бутун башариятни меҳр-оқибатга, дўст-биродарликка даъват этиб келаётир. Зеро, дўст, аҳил халқлар бирга яшаб, бирга тараққий этишнинг маънавий кафолати. Боболар ўгитларига садоқат, халқимиздаги одамгарчилик, хушфеъллик, Ўзбекистонда олиб борилаётган миллий сиёсат миллий, диний мансублигидан қатъи назар барча халқларнинг ўзаро тотувлигини таъминламоқда.

Мақол — маънавий дурдона. Бир мақол 300 йилда дунёга келади, дейдилар. Ўзбек, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз халқ мақолларининг энг кўпи дўстлик ҳақида. Аждодларимизнинг васияти — дўстлик. Бугун нуронийларимизнинг насиҳати — дўстлик. Чунки бу халқларнинг минглаб йиллик дўстлик тарихи бор.

Яна бир ҳайрат: дўстликни бу беш халқ — беш тилда — бир хил қўллайди:

Ўзбек «Дўсти борнинг дарди бўлмас», деса, қозоқ «Дўстлик йўқ жойда муваффақият йўқ», дейди. Туркман «Дўстсиз дунё қоронғу», деса, тожик «Меҳрибон дўстларингни йўқотма», қирғиз «Дўст кулфатда билинар», дейди.

«Дўст билан обод уйинг...» бу қўшиқ дўстликнинг мадҳияси, ўзбеку тожикнинг бирдай севимли навоси, таронаси.

Жаҳоннинг айрим минтақаларида кўпмиллатлилик муаммо, деб қаралса, биз кўпмиллатлиликни қадрият, бойлик, деб биламиз. Зеро, кўпмиллатли мамлакат — ранго-ранг гулли чаманзорга ўхшайди. Бу гуллар турфа ранг, анвойи ҳидлар таратиб, бўстон зеболигини ошираётир. Ўзбекистон — 136 миллат ва элатларнинг зебо гулшани. Жаҳон маънавий-маданий майдонини безамоқда.

 

БУ ГУЛШАНГА КЎЗ ТЕГМАСИН

Бугун Ўзбекистонда араб, болгар, бош­қирд, грек, грузин, дунган, литва, хитой, қрим-татар, қорақалпоқ, белорус, бухоро яҳудийлари, уйғур, арман, немис, поляк, яҳудий, қирғиз, украин, озарбайжон, туркман, татар, қозоқ, тожик, рус, корейс миллати ва элати вакиллари томонидан тузилган миллий-маданий марказлар эмин-эркин ­фаолият кўрсатмоқда.

Барча миллат ва элатлар адолат, тенглик ва кенгликлардан баҳраманд. Эртанги кундан хотирлари жам. Чунки «Ўзбекистон — умумий уйимиз!», деган эътиқод ғолиб. Собит. Бугун Ўзбекистонни Александр ­Пушкин, Абай, Тарас Шевченко, Низомий ­Ганжавийнинг ҳайкалларини, Рудакий, Шота Руставели, Абай кўчаларини, корейс, ­тожик наволарию ўзбек-туркман дўстлик боғисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

 

ИККИ ТИЛДА СЎЗЛАГУВЧИ БИТТА ХАЛҚ

Ўзбекистонни беш устувор йўналиш асосида ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлаш энг устувор масала эканлиги қайд этилган. Бунинг яққол мисолини қўшни давлатлар билан борди-келди, дўстлик дарвозаларининг ланг очилаётганида кўриб шодмиз. Бунга Ўзбекистон — Тожикистон, ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги янада мустаҳкамланаётгани яққол мисол.

Газета, ижтимоий тармоқларда чегаралардаги назорат пунктлари очилаётганидан хушхабарлар берилди: «Ўзбекистоннинг ­Самарқанд вилояти билан Тожикистоннинг Сўғд вилоятини боғлаб турувчи «Саразм-Жартепа» назорат-пунктидаги девор бузиб ташланди». Деворни бузиш маросимида ҳар икки давлат чегарачилари делегациялари иштирок этди. Икки давлат сарҳадидаги мазкур тўсиқнинг баландлиги 3 метр ва узунлиги 10 метрга тенг эди», деган хабарлардан икки халқ ҳам мамнун. Энди бизни баландлиги 3 метр девор эмас, икки томонлама, минглаб километр равон йўллар чорламоқда. Бу йўллар — дўстлик ва ҳамкорлик йўллари. Бу йўллар атрофларига терминал, меҳмонхона ва автотураргоҳлар барпо бўлади.

Панжикент тумани Саразм қишлоғида яшовчи Осим Жамоловнинг гапи — гап: бу — чегарадаги ўзгаришлар бир-бирига қўшни икки мамлакат ўртасидаги алоқалар яхшиланиб бораётганининг яна бир тасдиғи. Тожикистонлик журналистлар Панжикентда Наврўз байрамига Ўзбекистондан делегация ташриф буюриши ҳақидаги хушхабарларни тарқатмоқдалар.

Ҳукуматимиз қарори асосида Жиззах вилоятида Кушкент, Учқўрғон йўлидаги ўтказиш пунктлари очилиб, тожикистонлик меҳмонларнинг ҳудудга ташрифи бошланди, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Шундан сўнг тожик биродарлар мамлакатига ташриф буюрилди. Бу ерда ҳам катта байрам тантаналари уюштирилди.

Меҳмондўстликда икки халқ бири ­биридан ўзади.Тўйлари бир. Тўйларда бир-бирларининг елкаларига ёпадиган тўнлари бир. Тўй эртаси келинларнинг берадиган саломлари бир. Бешик тўй — невара тўйлари бир. Бешик устидан сочиладиган ширинликлари бир. Ҳашари бир...

Халқларимизнинг мингдан ортиқ таомлари, ичимлик, ширинликлари ўхшаш. Албатта таомларимиз орасида палов икки халқнинг ҳам таомлари орасида тўралик қилади. ­Нонимиз, унинг мазаси ўхшаш.

Маънавияти бир. Маданияти бир. Гўзал ахлоқи, ўзаро ширин муомаласи бир. Бу бирлик бежиз эмас. Ахлоқ, хулқ — маданиятдан, маданият — маънавиятдан. Маънавият назарий ҳодиса эмас. У бор, ҳар нафасимизда кўрамиз, эшитамиз, тушунамиз, ҳайратланамиз. Шунинг учун доноларимиз «Маърифат надандур?», деган саволга «Ҳайратдандур», деб тушунтириб кетишган. Ана шундай ҳамоҳанг маънавият ўзбек-тожик алломалари меросида мужассам. Саъдий ­Шерозий:

Ту, к-аз меҳнати дигарон беғамй,

Нашояд ки номат монанд одамй,

яъни агарда сен бошқаларнинг меҳнату ташвишларига беғам, бефарқ экансан, сени одам деб атаб бўлмас, дейди.

Ҳазрат Навоийнинг:

Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами.

сатрлари икки халқнинг ҳамрозлигини, азалий маънавий илдизларини кўрсатади.

Бугунга қайтайлик. Тожикистон халқ ­артисти Жўрабек Муродов куйлайди:

Тожикистон ўғлидурман, ўзбегим гуфтод писар,

Рост гўям, ҳар кадомаш севгилимдур жон қадар...

Эшитсак, эсласак, дилимиз равшан, кўнглимиз хуррам. Бу ғазални «ўзбек-тожик халқлари дўстлигининг куйчиси» — Ўлмас ­Жамол ёзган эди. Шоир Ўзбекистонда туғилиб, Тожикистонда яшаб, бир умр ўзбек ва тожик тилларида ижод қилди. Ундан авлодларга назм девонлари қолди. Улар ҳам икки тилда.

 

ДЎСТЛАРИНГНИ ЙЎҚОТМА


То тавонй дўстонро гум макун,

Дўстони меҳрубонро гум макун.

Дар чаҳон бедўст будан мушкил аст,

Мушкилосонкун касонро гум макун.

 

Яъни, эй биродар, қўлингдан келгунича дўстларингни йўқотма. Сенга меҳрибонларингни йўқотма. Бу дунёда дўстсиз яшаш жуда қийин, мушкул. Мушкулларинг­ни осон қилувчи кишиларингни йўқотма, деб ёзган эди ­тожик шоири Мирзо ­Турсунзода.

Шоирнинг энг гуллаган ёшлигининг бир неча йили Ўзбекистонда — Тошкентда ўтганлигини билиб, мамнун бўламиз. Ҳа, Мирзо Турсунзода 1930 йилда Тошкентда олий ­педагогик таълим муассасасини битирган. Маълум вақт Тошкентда яшаб, ўқиган, Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳаёти ҳақида асарлар ёзган. Ойбек, Ғaфур Ғулом, Шайхзода, ­Зулфия, Миртемир ва бошқалар билан дўстона, ижодий алоқада бўлган. Асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Унинг оташин шеърларидан бири — «Осиё овози» бугунги кунга — Марказий Осиё халқларининг бир-бирларига очилган қучоқларини шарҳлаб, шарафлаб турибди:

Осиё гапирар, тингланг овозин!

Жўшқин дарё мавжинҳайқириқ созин!

Осиё уйғондиухламасуйғоқ,

Бўлди ростликдўстлик у билан ўртоқ.

 

Осиёда бири биридан жудо —

Эмаслар халқлар — қўшнилар асло.

Мевадан мевага бўлгандек пайванд,

Қўшнидан қўшни ҳам олур янги панд.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга Абдураҳмон Жомийнинг ўзбек тилида чоп этилган «Муҳаббат махзани» китобини сов­ға қилишларида буюк маънавий ҳикмат бор. Зеро китоб икки халқ учун ҳам муқаддас тутилади. Бу туҳфа икки маърифатли халқ бир-бирига китобнинг икки муқовасидек яқинлиги, икки муқова орасида бир-бирига лиммо-лим меҳр-муҳаббат борлигини тажассум этди. Бир-бирининг тилларини ўрганиш, ўқув, бадиий адабиётлар, даврий ва илмий нашрлар алмашиш, икки мамлакатнинг мумтоз ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилиш, таълим ва олимлар ҳамкорлиги алоқаларимизга маънавий зийнат берди.

Тожикистон пойтахтидаги истироҳат боғининг «Низомиддин Алишер Навоий» деб номланиши, Самарқандда икки халқнинг буюк вакиллари — Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ёдгорлик ўрнатилгани катта мамнуният билан қабул қилинди.

Тошкент шаҳри Сергели тумани йўналишидаги янги метро бекати Мирзо Турсунзода номи билан аталиши замирида ҳам катта маъно мужассам, улуғ шоир ўзбек ва тожик халқлари учун бирдек ардоқли эканини ­англатади.

 

ДЎСТЛИК БАҲОРИ

Одамлар аслида табиатан бир-бирларига яқин. Фақат одатлари фарқ қилади, деган эди Конфуций. Биз ўзбек-тожик халқлари ҳам табиатан, ҳам урф-одатларимиз билан яқинмиз.

Халқларимиз Наврўз тараддудида. Наврўз удумлари, таомларимиз ҳам ўхшаш. Баҳор таомлари маликаси — сумалакни майин қўзға, халқ­ларимизнинг дўстлиги янада мус­таҳкам бўлсин, деб дуолар қиламиз. Икки тилда — «ширу-шакар» қўшиқлар айтилади. Чунки бир рубобнинг икки торидек оҳангдош қалблар, теран маънавий илдизлар азалдан бизларни бирлаштирган. Бирлаштиради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат ­Мирзиёевнинг Тожикистон Президенти ­Имомали Раҳмон таклифига биноан ­Тожикистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган шартномалар, самимий мулоқотлар, тожик халқининг ўзбек халқига кўрсатган юксак ҳурмат-эътибори, эҳтироми дўстлигимиз янада юксалиши ва мустаҳкамланишига, абадий бўлишига кафолат беради.

 

 Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

педагогика фанлари доктори.