Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЯХШИ ҚЎШНИЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

18 Май 2017

Хабар қилинганидек, 19-20 май кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан амалий ташриф билан мазкур мамлакатда бўлади.

Режалаштирилган олий даражадаги учрашув республикамиз раҳбарининг жорий йил 6-7 март кунлари қардош мамлакатга буюрган биринчи давлат ташрифининг мантиқий давоми бўлади. Эслатиб ўтамиз: ушбу беҳад самарали учрашув ва музокараларнинг асосий натижаси ўлароқ, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга, стратегик шериклик даражасига чиқди. Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуаси барпо этилган биринчи маскан Туркманистон бўлди. Мазкур давлат ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокида ушбу ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатларимиз ўртасида эришилган келишувларни ҳаётга изчил тадбиқ этиш учун Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 28 мартдаги Фармойиши билан ҳамкорликнинг алоҳида соҳалари бўйича амалий ҳаракатларнинг тегишли режалари тасдиқланди («Йўл хариталари»).

Олдинда турган ташриф дастурида икки давлат раҳбарларининг учрашуви, мамлакатлар расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги музокаралар назарда тутилган бўлиб, улар чоғида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилади.

Ташриф доирасида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, «Аваза» Миллий сайёҳлик зонаси инфратузилмаси билан танишув, мазкур ҳудуднинг спорт мажмуаси ва бошқа объектларни кўздан кечириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз: «Аваза» Миллий сайёҳлик зонаси — Туркманис­тон Президенти ташаббускорлигида Каспий денгизи соҳилида барпо этилган дам олиш зонаси бўлиб, у ерда болалар ва катталар учун санаторий ҳамда соғломлаштириш мажмуалари қарор топган. Бу маскан нафақат алоҳида жўғрофий жойлашуви, шаффоф денгиз суви, мусаффо қумлоқли чўмилиш қирғоқлари ҳамда юмшоқ иқлими билан, балки сон-саноқсиз минерал булоқлари ва уларнинг шифобахш хусусиятлари билан ҳам эътиборга сазовордир.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ҳозир ушбу дам олиш масканида Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидаги ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари дам олишмоқда.

Қардош халқларимиз ўртасидаги дўстона ва яхши қўшничилик ришталари ҳамда икки давлат раҳбарлари даражасида қарор топган, ўзаро ишончга асосланган мулоқот Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳар томонлама кенгайиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Масалан, Тошкент ва Ашхобод халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватламоқда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилмоқда. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчилик, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан ҳар икки давлат ўхшаш нуқтаи назарларга эга.

Шуни ҳам қайд этиш муҳимки, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг савдо-иқтисодий салоҳияти бир-бирини ўзаро тўлдиради. Жумладан, мамлакатимиздан транспорт хизматлари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари, металл буюмлар ҳамда турли соҳаларни қамраб олган хизматлар Туркманистонга етказиб берилади. Ўз навбатида, нефт маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар республикамизга келтирилади.

Салоҳият ва ресурсларни ҳаётга тадбиқ этишда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси муҳим ўрин тутмоқда. Мазкур комиссиянинг сўнгги йиғилиши 2017 йил январида Ашхободда бўлиб ўтди.

Транспорт жабҳаси икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга, Туркманистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга юк ташилади. Мамлакатларимизнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Амударё устида қурилган автомобиль ва темир йўл кўприклари бунга мисолдир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юқорида қайд этилган давлат ташрифи чоғида мазкур кўприкларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Бундай замонавий ва йирик иншоотларнинг ишга туширилиши фақат ўзбек ва туркман халқларининг фаровонлигига хизмат қилибгина қолмасдан, глобал иқтисодий ривожланиш жараёнларига муваффақиятли интеграциялашишга кучли туртки беради, сармоялар оқимини таъминлайди, икки мамлакат ва бутун Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини ҳам оширади.

Аждодларимизнинг илмий, маънавий-маданий ва адабий мероси халқларимизнинг умумий мулки ҳисобланади. Бундай яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Ушбу йўналишдаги алоқаларни янада чуқурлаштириш учун ҳукуматлар ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури қабул қилинди. Уни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари икки мамлакат ҳудудида ўтказиладиган турли тадбирлар — концертлар, фестиваль ва кўргазмаларда фаол иштирок этмоқдалар. Масалан, жорий йил 7 март куни Туркманободда санъат усталари ва маданият арбобларининг қўшма концерти бўлиб ўтганди, апрель ойида эса Тошкентда «Ўзбекистонда туркман киноси кунлари» маданий тадбири ўтказилди.

Юқорида билдирилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда шуни ишонч билан қайд этиш керакки, Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга буюражак амалий ташрифи ва унинг давомида режалаштирилган учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга кўмаклашади.

 

Г.Нуржонова

«Жаҳон» АА

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил