Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ҚАРДОШ ҚАРДОШИГА ҚУЧОҚ ОЧМОҚДА

3 Апр 2018

26-28 март кунлари ўзбекистонлик бир гуруҳ ижодкорлар Жанубий Қозоғистон вилоятида бўлишди

Бугун ён-атрофимиздаги қўшни халқлар, давлатлар билан қон-қардошлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида сўз юритар эканмиз, бир ҳақиқатни барчамиз якдиллик билан тан оламиз: ўзаро муносабатларимиз тарихида, ҳеч шубҳасиз, янги, ёрқин саҳифа очилмоқда. Қалбимизга беҳад ғурур ва ифтихор бағишлайдиган жиҳати шундаки, Марказий Осиё давлатлари ўртасида мана шундай ўзаро ишонч ва самимиятга асосланган дўстона ҳамкорлик алоқаларининг ривожида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев асосий ташаббускор бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғис­тон Республикаси Президентлари ўртасидаги келишувга мувофиқ 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинди. Шу муносабат билан бепоён қозоқ диёрида кўплаб тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Уларнинг барчаси икки қардош халқни бир-бирига янада яқинлаштириш, ҳозирги мураккаб дунёда дўстлик ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Ўзбек ва қозоқ дили — дилига, тили — тилига, ўтмиши — ўтмишига, келажаги — келажагига пайваст халқлар десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Азал-азалдан ота-боболаримиз ҳамдаму ҳамнафас, елкадош бўлиб, ўзаро қуда-анда, дўсту қардош бўлиб яшаб келганлари ҳақида қанча шеърлар, достону ғазаллар битилган. «Қозоғим — қардошим», «ўзбегим — ўз оғам», «йўлдошинг қозоқ бўлса, йўлдан ашамайсан» деган иборалар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Уларнинг барчаси асрлар синовидан ўтган қардошликнинг қалб­ларимизга муҳрланган ифодасидир.

Икки халқнинг атоқли шоирлари — Ғафур Ғулом ва Собит Муқанов бу қардошликни доимо улуғлаб келган. Бу ҳақда ўйлаганда Ғафур Ғуломнинг дўстлик ҳақидаги қайноқ сатрлари ёдга тушади.

Улуғ тўйинг, қувонаман,

Йўлбарсдай гуркирайман.

Қорабайир ёлларини

Пойгаларда тарайман,

Мақтанмайман, чин айтганда,

Бир чамалаб қарайман.

Айтишувда Собит билан

Тортишувга ярайман.

Ўзбек элнинг донг қозонган,

Манандай оқиниман,

Жон қозоқнинг оқинларин,

Дўстиман, яқиниман.

 

Улуғ қозоқ оқинифайласуфи ва маърифатпарвари Абай Қўнонбоевнинг ўз элининг маънавий даҳоси бўлибетишишида буюк мутафаккир шоиримиз ­Алишер ­Навоийнинг таъсири катта бўлганБу борада Қозоғистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, ёзувчи Ғабит Мусреповнинг қуйидаги эътирофини эсга олиш ўринли бўлади: «Ўзбек хал­қининг донишманд шоири Алишер ­Навоийнинг асарларини ўқиб, ундан ўрнак олмаган шоир кам. Классик адабиётимизнинг буюк чўққиси — Абай ҳам Навоий­ни ўзига устоз, деб билган, истеъдодига таъзим қилган».

Алишер Навоий билан Абай турли замонларда яшаган бўлсалар ҳам ўз халқининг бахтини, камолини ўйлаб, адолатга интилиб, эзгу ва олижаноб мақсадлар йўлида жон куйдирган. Шунинг учун уларнинг ҳаёт ва ижод йўлларида муштарак жиҳатлар кўп.

Мисол учун, Алишер Навоий давлат арбоби сифатида юртни обод қилиш, оддий меҳнаткаш халқнинг оғирини енгил, турмуш даражасини яхшилаш борасида бир қанча адолатли фармонлар чиқарган бўлса, Абай Қўнонбоев 1885 йил Семипалатинск ўлкасида истиқомат қилаётган қозоқлар учун 60 моддадан иборат қонун лойиҳасини тузиб, халқ орасида жорий этган.

Алишер Навоий бобомизнинг

Одамий эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами,

каби мисралари халқимиз ўртасида кўпчиликка ёд бўлиб кетган бўлса, Абайнинг «Отанг фарзанди бўлма, одам фарзанди бўл» сингари сатрлари қозоқ хал­қининг тилида ва дилида доимо жаранглаб келмоқда.

Академик Мухтор Авезовнинг қуйидаги фикрлари ҳам Абайни ўзбек халқига ва унинг қалам соҳибларига бўлган меҳру муҳаббатининг нақадар юксак эканидан далолат беради: Абай Қўнонбоев ўғли Оқилбойга ҳазрат Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони сюжети асосида «Жарроқ» номли асар ёзишни топширган, набираларидан бирининг исмини Бобур қўйган. Шунингдек, Абай Қўнонбоев ўзининг «Ҳикматлар» китобида бундай сўзларни ёзган:

«Ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўзғамайди. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандлик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми — ҳаммаси уларда бор».

Абай бутун умри мобайнида ўз халқини тинчликка, илм-маърифатга, тарққиётга, аҳиллик ва тотувликка чорлаб яшади:

Мен ўланни ёзмайман эрмак учун,

Ўтган-кетган гапларни термак учун.

Мен ўланни ёзаман тушунганга,

Авлодимга бор сабоқ бермак учун.

Улуғ аждодларимизнинг иймон-эътиқод, илму ҳикматга асосланган бундай бой мероси бугунги кунда айниқса долзарб аҳамиятга эга бўлиб, ёш авлодни қардош халқларимизга ҳурмат ва меҳр руҳида тарбиялашга, руҳан ва маънан ўзаро яқин бўлишимизга хизмат қилади.

Турли инсоний тушунча ва қадриятлар синовдан ўтаётган бугунги алғов-далғов замонда биз бир-биримизга қалбан яқин бўлиб, ўзаро муаммоларимизни биргаликда ҳал этишимиз, умумий келажагимизни биргаликда қуришимиз ғоят муҳимдир. Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарори нафақат биз қалам аҳли, адабиёт ихлосмандлари, балки юртимиздаги ҳамда қардош Қозоғистон Республикасидаги кенг жамоатчилик вакиллари қалбида чинакам мамнуният, ифтихор ҳиссини уйғотди. Чунки қарорда таъкидлаганидек, «Эзгулик ва дўстлик куйчиси, Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда».

Қарорда Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг тарғиб этиш бўйча зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Жумладан, Абай Қўнонбоевнинг «Сайланма» асарини, «Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари» номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини ўзбек тилида нашрга тайёрлаш, ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳридаги Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва мушоира ўтказиш ва бошқа муҳим тадбирлар ўтказиш белгиланди.

Ўрни келганда шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, шу йил 15 март куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган «Қозоғистонда Ўзбекистон йили»нинг расмий очилиш маросими, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг айнан Наврўз байрами куни Самарқандга ташрифи, Наврўз тантаналарида иштирок этиб, халқимизни қутлуғ айём билан муборакбод этиши икки давлат ўртасидаги қадим қадриятлар, дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари ривожида ҳақиқатан ҳам янги давр бошланаётганининг тасдиғидир.

Ана шу янги давр, янги орзу-умидларнинг чорловига мувофиқ 26-28 март кунлари биз бир гуруҳ ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али раҳбарлигида Жанубий Қозоғистон вилоятига ташриф буюрдик. Ташрифдан кутилган мақсад — Тошкентдаги халқаро Амир ­Темур хайрия жамғармасининг Қозоғистон Республикасидаги бўлими ва Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг «Дўстлик» ҳамжамияти ташаббуси билан Туркистон шаҳрида «Биз бир халқмиз: Амир Темур — буюк бунёдкор» мавзусидаги илмий-амалий анжуманда иштирок этиш эди. Анжуманда тарихчи олим ва педагоглар, халқаро Амир Темур хайрия жамғармасининг мамлакатимиз вилоятларидаги бўлимлари раҳбарлари, қўшни Қирғизистон Республикасидан меҳмонлар, жамоат ташкилотлари аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Биз ташрифимизнинг илк кунини Чимкент шаҳрида Маҳмуд Кошғарий номидаги мактабда шаҳардаги мактабларнинг ўзбек-тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, таълим фидойилари, ўқувчилар билан учрашувдан бошладик.

Қозоғистонда яшаётган ўзбекларнинг чеҳрасидаги қувончу ҳаяжонни сўз билан ифода этиш қийин. 2018 йилнинг Қозоғис­тонда Ўзбекистон йили деб эълон қилингани ва 2019 йилнинг эса Ўзбекистонда Қозоғистон йили сифатида ўтиши режалаштирилгани ҳаммани хурсанд қилмоқда.

Мазкур мактаб ўқувчилари Ўзбекистон шоирлари шеърларини ёддан бурро-бурро ўқишлари, шоирларимизнинг эҳтирос ва ҳаяжонли чиқишлари дилларни бир-бирига янада яқин қилди. Сўзга чиққан ҳар бир муаллим, шоир, ёзувчи икки давлат Президентларининг олиб бораётган оқилона сиёсатларидан мамнун эканларини изҳор этишди. Қардош халқларимиз тинчлиги, фаровон ҳаёти, бахту саодати йўлида олиб борилаётган эзгу ишларга ҳисса қўшиш аслида ҳар бир юрт фуқаросининг бурчи эканини таъкидлашди. Мезбону меҳмонлар чеҳрасига боқиб англаганим шу бўлдики, ушбу учрашув тугашини ҳеч ким истамаётгандек.

Мактабдаги учрашувдан кейин Ўзбе­кис­тондан борган 20 нафардан зиёд анжуман иштирокчиларини Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жансейит Туймебаев қабул қилди ва сўнгги бир ярим йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини ифтихор билан гапирди.

Биз ҳокимдан Чимкентда улуғ шоир бобомиз Алишер Навоий номи билан аталадиган янги истироҳат боғи очилаётганини эшитиб, чексиз мамнун бўлдик.

Табиийки, Жанубий Қозоғистонга борган одам барча туркий халқлар фарзандлари учун бирдек суюкли Аҳмад Яссавий ҳазратларининг муборак қадамжосини зиё­рат қилишга ошиқади. Биз аввал ­Яссавий бобомизнинг падари бузрукворлари ­Иброҳим ота, волидаи муҳтарамалари ­Қорасоч она зиёратгоҳларига — Сайрамга йўл олдик. Беқиёс шукрона ила бу зиёратларни адо этдик.

Сайрам — Қозоғистонга ўнлаб ўзбек олиму фузалоларини, атоқли шоир ва ёзувчиларни, санъат, маданият намояндаларини берган муқаддас маскан. Кўркам ва мафтункор Сайрам кўчаларидан ўтиб ­борар эканмиз, беихтиёр бундан 42-43 йил муқаддам асли шу юртда туғилган таниқли шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзо (охирати обод бўлсин) уйланганида тўйига келганимиз ёдга тушди.

Бундан кейинги ташрифимиз Сайрамдаги ўзбек драма театрига бўлди. Президент Нурсултон Назарбоев ушбу театрнинг очилиши маросимида қатнашиб, сўзлаган нут­қида «Қозоғистон — ўзбекларнинг ҳам тарихий ватанидир» деб айтган эди, —дейди ифтихор билан театр директори, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг «Дўстлик» ҳамжамияти ­раиси Икромжон Ҳошимжонов.

Театр жамоаси билан учрашувимиз Сайрам ижодкорлари, кенг жамоатчилик билан ўтказилган маърифий кеча, мушоирага айланиб кетди. Театр жамоаси ­Муҳаммад Али қаламига мансуб «Алишер Навоий­ ва Ҳусайин Бойқаро» драмасидан парча намойиш этишди. Биз театрдан бир олам таассурот билан чиқдик.

Кейинги зиёратимиз Ўтрор туманидаги Ўтрор қадимий қалъасига ва Арслонбоб мақбарасига бўлди. Оқшом чўкканида Туркистон шаҳрига кириб бордик. Қозоғистонлик дўстларимизнинг самимий меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиб, ўнлаб давлат раҳбарлари ташриф буюрган ҳашаматли кошонада дастурхон теварагида хуш тилаклар — шеърга, шеърлар — қўшиққа уланиб, мафтункор анжуман ташкил этилди.

28 март куни тонгда Аҳмад Яссавий ҳазратларининг мақбарасини зиёрат қилиш сари отландик. Мақбара чор-атрофидаги ободончилик ишлари, улкан иношоотлар ҳар бир зиёратчи қалбига ўзгача шукуҳ бахш этади. Амир Темур бобомиз бунёд этган бу улкан мақбарадан Соҳибқироннинг салобатли овози таралиб тургандек гўё.

Бу қадим гўшага дарёдек оқиб келаётган зиёратчилар орасида йўргакдаги боласини бағрига босган келинчаклардан тортиб, тўқсону юзни қоралаган боболар, момолар, бошига ўраб олган рўмоллари ўзларига ярашган қизалоқларгача — барчаси Яратгандан бир илинж тилагандек, шукроналик билан одимлаб, Аҳмад Яссавий ҳазратлари пойига қадам қўяди.

Беихтиёр дилимда шеър ўқийман:

 

Тангрига шукрона сўзим бошида,

Гуноҳим оқади кўзим ёшида,

Ҳақни деганларнинг сиз бардошида,

Пойингизга келдим, Яссавий бобо.

 

Орин ўйлаганга — орият йўлдош,

Иймон, диёнат бут, Яратган қўлдош,

Умрингиз — ҳикматдир, дилингиз — қуёш,

Пойингизга келдим, Яссавий бобо.

 

Қўл — ишда, дил ҳар он Худода бўлса,

Жонлар ҳақ иш учун фидода бўлса,

Азизларнинг руҳи дуода бўлса,

Пойингизга келдим, Яссавий бобо.

 

Зиёратдан сўнг дилларда ўзгача шукуҳенгил қадамлар билан зиёратгоҳнинг шундоқ ёнгинасидаТуркистоншаҳридаги тарихий-этномаданий музейнинг мажлислар залида сўзимиз аввалида таъкидлаганимиз «Биз бирхалқмизАмир Темур — буюк бунёдкор» мавзусидаги илмий-амалий анжуманда қатнашдикАнжуманни Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг «Дўстлик» ҳамжамияти ва халқаро Амир Темур хайрия жамғармасининг Қозоғистон Республикасидаги бўлими раиси Икромжон Ҳошимжонов бош­қарди.

Анжуманни қутлов сўзи билан очган Туркистон шаҳар ҳокими ўринбосарининг самимий сўзлари қалбимизда ифтихор уй­ғотади. «Ўзбекистонлик қардошларимиз Жанубий Қозоғистонга ташриф буюрганига икки кун бўлди. Сиз юртимизга Ўзбекистоннинг илиқ ҳавосини олиб келдингиз. Икки кун ичида ўрикларимиз оппоқ бўлиб гуллаб кетди».

Конференцияда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон Республикаси халқаро Амир Темур хайрия фонди раиси Козим Ҳабибуллаев,­ кўплаб тарихчи ва педагог олимлар, ижодкорлар, этномаданий бирлашмалар раҳбарлари сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Конференция аъло даражада ўтди.

Конференциядан сўнг биз ижодкорлар ўзбек адабиёти дарғаларидан бири, ­атоқли ёзувчи Одил Ёқубов туғилиб, камол топган Қарноқ қишлоғига йўл олдик. Фақат ўзбеклар истиқомат қиладиган бу тарихий масканда ўтмишда 40 мадраса, тўрт масжид бўлган. Амир Темур бобомиз Аҳмад Яссавий мақбарасидаги қозонни шу қишлоқда қуйдирган экан.

Биз устоз Одил Ёқубов таълим олган мактабга борганимизда шу ўқув даргоҳида Туркистон шаҳридаги мактабларнинг ўзбек тили ва адабиёти муаллимлари илмий-амалий конференцияси устидан чиқдик. Одил Ёқубов хотирасига бағишланган учрашувимиз Қарноқ қишлоғининг оқсоқоллари, фаоллари, мактаб ўқитувчилари, конференция иштирокчилари билан ниҳоятда қизғин, самимий ўтди. Одил Ёқубовнинг ҳаёти, ижодий фаолиятини ёрқин акс эттирган музей билан танишдик.

Қайтишимизда эса Миртемир домла туғилган Иқон қишлоғини зиёрат қилдик. Миртемир домланинг музейи билан танишиб, устоз ҳайкали пойига гуллар қўйдик. Ҳайкал пойида шеърлар ўқилди, самимий тилаклар айтилди.

Бу ижодий сафарда биз бир дақиқа тиним билмадик. Аммо толиққанимизни ҳам ҳис қилмадик. Чунки икки қардош халқ вакиллари тилу дилидаги хушнудлик, чеҳралардаги табассум, билдирилган фикрлар — икки миллат аҳли орзиқиб кутган кунларнинг амалдаги ифодаси бўлиб жаранглади.

Шуни мамнуният билан айтиш жоизки, ҳар икки давлатда ҳам, яъни Ўзбекис­тонда — қозоқларга, Қозоғистонда — ўзбекларга яшаш, меҳнат қилиш, ўқиш, ўз миллий анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун бирдек қулай шарт-шароитлар яратилган. Агар Ўзбекистон мисолида таҳлил қилсак, юртимиз аҳолисининг 3 фоизини қозоқ миллатига мансуб аҳоли ташкил этади. Энг қувонарлиси, улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, 47 нафар фан доктори, 240 нафар фан номзоди, кўплаб унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланганлар, қанчалаб давлат идоралари раҳбарлари бор.

Ўзбекистонда 396 қозоқ мактаби бўлиб, уларда 50868 нафар ўқувчи таълим олади.

Ўзбекистон олий ўқув юртлари — ­Нукус давлат университетида, Ажинияз номидаги педагогика институтида ҳамда ­Гулистон давлат университетида, Навоий давлат педагогика институти ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида қозоқ тили ва адабиёти бўлимлари фаолият юритиб келмоқда.

Қозоғистон аҳолисининг 3,1 фоизини ўзбеклар ташкил этади. Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмаларининг республика бўйича 35 бўлими фаолият юритмоқда. Мамлакатда 136 мактабда ўзбек тили ўқитилади. Шундан 15 мактабда таълим ўзбек тилида олиб борилади. 121 мактабда эса аралаш тилли синф­лар мавжуд.

Сайрамдаги ўзбек драма театри жамоаси 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, шу давргача дунёнинг ўнлаб мамлакатларида гастроль сафарларида бўлган. Қозоғистонда 9 газета ва журнал ўзбек тилида чоп этилади. Шунингдек, телекўрсатув ва радио эшиттиришлар мавжуд.

Бир сўз билан айтганда, қардош Қозоғистон Республикасига қилган ижодий сафаримиз кўнглимизни тоғдек кўтарди. Бу сафар тинчлик, эзгулик, дўстлик тараннумига айланди. Ҳар икки давлат раҳбарлари томонидан чуқур ўйлаб олиб борилаётган сиёсат ҳар икки халқнинг бахту саодатига, асрий анъаналарининг бардавомлигига, миллатларимиз иноқлигига хизмат қилаётганини кўриб, дўстлигимиз, қардошлигимиз келгусида янада мустаҳкамланишига ишонч ҳосил қилдик.

 

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири.