Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИ БОШ ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ, ПРЕЗИДЕНТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА ВАЗИРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

8 Май 2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаённи қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида турли даражадаги алоқалар фаоллашгани, барча соҳалардаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Учрашувда икки томонлама амалий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, Амирликлар инвесторларини мамлакатимиздаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кенг жалб этиш, уларнинг фаолиятини тизимли равишда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Бу борада нефть-газ, кимё, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, логистика, туризм, шаҳарсозлик ва бошқа қатор соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.

Ўз навбатида, шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Бирлашган Араб Амирликлари Президенти шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда меҳмон жорий йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда Ўзбекистон илгари сурган ташаббуслар ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида билдирган таклифларни Амирликлар ҳукумати тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Шунингдек, шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён Бирлашган Араб Амирликлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, аниқ истиқболли инвестицион лойиҳаларни ҳаётга тўла татбиқ этишга тайёр эканини қайд этди.

 

ЎзА