Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

27 Ноя 2014

Андижон вилояти

12Andijon.jpgНодирбек КОМИЛОВ (20-Чинобод сайлов округи)

1972 йилда Асака шаҳрида туғилган. Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини тамомлаган. Мутахассислиги — йўл алоқалари электр муҳандиси.

Меҳнат фаолиятини 1994 йилда «ЎзДЭУавто» қўшма корхонасида муҳандисликдан бошлаган ва ишлаб чиқаришни алмаштириш гуруҳи раҳбари, харид қилиш бўлими таъминотчилар алмашуви бўлинмаси бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2011 йилда «GM Uzbekistan» қўшма корхонасида бўлим бошлиғи бўлган. 2011 йилдан «Ўз-СэМюнг Ко» Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонаси ёпиқ акциядорлик жамияти бош директори.

Депутатликка номзод Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш ғояларини қўллаб-қувватламоқда.

— Мамлакатимизда аҳоли банд­лигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда, — дейди у. — Амалга оширилаётган ислоҳотлар, инқирозга қарши чоралар натижасида иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари таъминланаяпти. Инвестиция, маҳаллийлаштириш ҳамда бошқа қатор мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши, молия ва банк тизими барқарорлиги иш ўринлари кўпайишига, ёшлар бандлигини таъминлашга мустаҳкам замин яратиб бермоқда. Бироқ бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳали талайгина. Масалан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш чора-тадбирлари улар ўқишини тугатганидан кейин эмас, балки ундан олдин пухта ўйлаб кўрилиши керак, назаримда. Бунинг учун тегишли ҳудудларда кадрлар тайёрлаш ва инвестиция дастурларини ўзаро бир-бирига боғлиқ ҳолда ишлаб чиқиш амалиётини янада такомиллаштириш, бу борадаги қонун ҳужжатлари устидан парламент назоратини тизимли олиб бориш зарур, деб ўйлайман.

Сайловчилар ишонч билдириб, депутатликка сайласа, иш ўринлари яратиш бўйича таклифларимини билдириман. Шунингдек, иш берувчи масъулиятини ошириш масалаларида  меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. 

 

11Andijon.jpgФеруза УМАРОВА (19-Хортум сайлов округи)

1973 йилда Андижон туманида туғилган. Андижон давлат тиллар педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги — рус ти­ли ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини 1994 йил­да Андижон туманидаги 33-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1995 йилдан Андижон туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси, 2004 йилдан тумандаги 5-мактабгача таълим муассасаси мудири, 2006 йилдан туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлими мутахассиси бўлиб меҳнат қилган. 2007 йилдан Андижон туман ҳо­ким­­­­­лигида Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича бош мутахассис.

У ЎзХДП Дастурий ғояларига ҳамоҳанг равишда жамиятда хотин-қизлар мавқеини янада ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг иш билан банд­лигини таъминлаш ҳамда иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан қатор ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Шу билан бирга, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳамда сиёсий билимларини ошириш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

— Соғлом она — соғлом бола Концепцияси бўйича юртимизда катта ишлар қилинмоқда, — дейди у. — Аммо менинг фикримча, бу етарли эмас. Хусусан, хотин-қизларимизнинг тиббий саводхонлигини ошириш масаласи ҳамон долзарб бўлиб турибди. Аёлларимизда тиббий саводхонлик юқори бўлса, оилаларда соғлом турмуш тарзи қарор топиб, соғ­лом авлод вояга етади.

Мен бу борада қонуний асосларни янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун қўшимча имтиёзлар яратиш масаласида ўз таклифларимни илгари сурмоқчиман.

 

10Andijon.jpgДилшод МАМАЖОНОВ (18-Избоскан сайлов округи)

1972 йилда Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-механик.

Меҳнат фаолиятини Избоскан шойи тўқиш фабрикасида бошлаган. Сўнг ёшлар ташкилотида ишлаган. 1998 йилдан Избоскан туман ҳокимлиги мутахассиси, девонхона мудири, 2004 йилдан Андижон вилоят ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи етакчи мутахассиси, бош мутахассиси, 2010 йилдан «O‘Z-TONG HONG KOMPANI» қўшма корхонаси маъмурият раҳбари, маъмурият директори лавозимларида меҳнат қилган. 2013 йилдан корхона техник директори.

Дилшод Мамажонов қўшма корхона ишчи-ходимларининг меҳнат хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳамда атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирини камайтириш мақсадида ишлаб чиқариш жараёнига ISO 9001:2000 ISO 14001:2004 вa OHSAS 18001:1999 халқаро стандартларини жорий қилиш ҳамда бир қатор сертификатлаштириш жараёнларида фаол иштирок этган. 2011 йилда янги турдаги автомобиль ва автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналардаги ихтироси учун ISO TS 16949:2002 сертификатини олди.

Депутатликка номзод ўз фаолияти давомида ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. У ўз дастурида ҳам бу борада қатор муҳим масалаларни илгари сурган.

— Мамлакатимизда кўп болали, боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган кишиларга кенг имтиёзлар яратилган, — дейди у. — Шу билан бирга, уларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг янги, янада ишончли механизмларини жорий этиш зарур. Айни пайтда, давлат ва жамиятнинг ғамхўрлиги уларда боқимандалик кайфиятини келтириб чиқармаслиги лозим. Улар имкон қадар ўз ишини йўлга қўйиши, оёққа туриб кетиши учун кўмак берилиши керак. Шу боис бу йўналишда яратилаётган қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш зарур, деб ўйлайман.

Депутат этиб сайланган кишида қонунлар яратилиши, қабул қилинишида ва уларнинг жойлардаги ижросини назорат-таҳлил жараёнида бевосита иштирок этиш ваколати пайдо бўлади. Сайловчилар ишончини қозонсам, ушбу ҳуқуқ ва ваколатлардан самарали фойдаланишга, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга ҳаракат қиламан.

 

9Andijon.jpgКозимжон АБДУХАЛИЛОВ (17-Қўрғонтепа сайлов округи)

1984 йилда Асака шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг иқтисодиёт факультетини менежмент мутахассислиги бўйича тугатган.

Меҳнат фаолиятини 2005 йилда Асака шаҳридаги «Ўз­ДЭУавто» ёпиқ акциядорлик жамиятида механик йиғув ишлари бўйича чилангарликдан бошлаган ва қисмларни маҳаллийлаштириш бошқармаси режалаштириш бўлинмаси муҳандиси бўлиб ишлаган. 2008 йилдан «GM-O`zbekiston» ёпиқ акциядорлик жамияти қисмларни маҳаллийлаштириш бош­қар­маси режалаштириш бўлинмаси муҳандиси, 2010 йилдан глобал харид қилиш бошқармаси муҳандис-технологи, «O‘zEcocat» қўшма корхонаси таъсисчилар вакили вазифаларида ишлаб келган. 2011 йилдан мазкур корхона бош директори.

Ҳозирги тараққиёт бошқа соҳалар қатори автомобиль саноатида ҳам ишлаб чиқарилаётган моделларни янгилаб, сифатини яхшилаб боришни тақозо этмоқда. Чунки кучли рақобат шароитида жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллаш ва уни сақлаб туриш ривожланаётган давлат учун муҳим аҳамиятга эга.

Шундан келиб чиқиб, депутатликка номзод ўз сайловолди дастурида автомобиль саноатини янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларига эътибор қаратган. Ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли инвестицион муҳитни ривожлантиришга ҳуқуқий асос яратиб берувчи меъёрий ҳужжатларни такомиллаштиришни мақсад қилган.

—  Агарда маҳсулот ўзимизда ишлаб чиқарилса, бу билан нафақат маҳаллий эҳтиёж қондирилади, балки кўплаб янги иш ўринлари яратилади, маҳсулотни жаҳон бозорига сотиш ор­қали мамлакатга кириб келаётган валюта оқими кўпаяди, иқтисодий салоҳиятимиз юксалади, — дейди у. — Шунинг учун биз ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, ҳудудлардаги бўш ерлардан мазкур йўналишдаги тармоқларни ривожлантиришда унумли фойдаланишимиз керак, деб ўйлайман. Бу партиямиз электорати манфаатларига хизмат қилади. Чунки, саноат соҳаси қанча ривожланса, ишчи кучига талаб ҳам шунча ортади. 

 

8Andijon.jpgЭркин СОЛИЕВ (16-Пахтаобод сайлов округи)

1962 йилда Андижон туманида туғилган. Фарғона политехника институтини машинасозлик технологияси, металл қирқиш дастгоҳлари ва асбоблари ихтисослиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1985 йилда Андижон «Электроаппарат» заводида инженер-технолог лавозимидан бошлаган. Кейинчалик «Электроаппарат» заводида штамп босувчи ва участка мастери бўлиб ишлаган. 1990 йилдан Андижон механика заводида инженер-технолог, 1993 йилдан бошлаб «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси ишлаб чиқаришни бош­қариш бўлимида инженер бўлиб меҳнат қилган.

1997-2003 йилларда ишлаб чиқаришни назорат қилиш бўлими менежери, ишлаб чиқариш бошқаруви бўлими менежери вазифаларини бажарган. 2006 йилдан бўлим бош менежери ёрдамчиси, 2007 йилдан таъминот бўлими бошлиғи, 2008 йилдан ишлаб чиқариш бўлими раҳбари, 2009 йилдан харид бўлими бошлиғи, 2010 йилдан техник директор лавозимларида ишлаган. У 2014 йилдан «Ўз Донг Янг Ко» қўшма корхонаси шимолий саноат ҳудуди директори.

— Жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган бир пайтда, юртимизда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, инқирозга қарши чуқур ўйланган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари таъминлаб келинаяпти, — дейди у. Бунинг натижасида ҳамда инвестиция, маҳаллийлаштириш ва бошқа қатор мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши, молия ва банк тизимининг барқарорлиги натижасида янги иш ўринлари кўпайишига мустаҳкам замин тайёрланиб, аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўз ишига эга бўлаяпти.

Бироқ, очиғини тан олиш керак, жойларда бу борада ҳали қилинадиган ишлар оз эмас. Шундан келиб чиқиб, сайловолди дастуримда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш борасида қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, «коллеж-корхона» ҳамкорлигини янада такомиллаштириш, яъни битирувчиларнинг ишга жойлашишини олдиндан кафолатлаш, яратилаётган иш ўринларининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кенгайтириш, коллежлар ихтисослигини ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари ривожига қараб мослаштириб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.


7Andijon.jpgМузаффар БАКИЕВ (15-Хўжаобод сайлов округи)

1971 йилда Асака туманида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги — ноорганик моддалар кимёвий технологи.

Меҳнат фаолиятини 1994 йилда «ЎзДЭУавто» ёпиқ акциядорлик жамиятида муҳандисликдан бошлаган ва бош­қарувчи (менежер), «GM-Ўз­бекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти Глобал харид қилиш бош­қармаси директори  ўринбосари вазифаларида ишлаган. 2012 йилдан «O‘z–HANWOO» қўшма корхонаси бош директори.

У давлатимиз томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, бу тизимни янада ривожлантириш тарафдори.

Депутатликка номзод ўз сайловолди дастурида аҳоли банд­лиги ва янги иш ўринлари ташкил этиш дастурларининг асосий параметрларини ишлаб чиқиш ва уларнинг жойларда ижро этилиши устидан самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини тизимли тарзда ўрнатиш ғоясини илгари сурмоқда. Корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги «коллеж-корхона» алоқаларининг йўлга қўйилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

— Ҳар бир туман ва шаҳар миқёсида коллеж битирувчиларининг мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлашга қаратилган аниқ режаларни ишлаб чиқиш ва амалда ижро этиш борасида мутасадди ташкилотларнинг масъулиятини янада ошириш керак, — дейди у. — Ҳар бир битирувчининг истиқболдаги иш жойини аввалдан аниқлаш, уларнинг ишлаб чиқариш амалиётини бўлажак иш жойида ўташи самарали ташкил этилса, бу борадаги муаммолар бартараф қилинади.

Бундан ташқари, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада рағбатлантириш, маҳаллийлаштириш дастурлари ижроси самарадорлигини ошириш, юқори ҳақ тўланадиган ва бар­қарор иш ўринлари ташкил этишда муҳим аҳамиятга эгадир. Мазкур йўналишдаги таклифларим билан қонунчиликни янада такомиллаштиришга ўз ҳиссамни қўш­моқчиман.


6Andijon.jpgДурбек МЎМИНОВ (14-Марҳамат сайлов округи)

1961 йилда Асака туманида туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини ҳамда Тошкент молия ­институтини тамомлаган. Мутахассислиги — тарих фани ўқитувчиси, молиячи. Тарих фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1978 йилда металлургия заводида оддий ишчиликдан бошлаган. 1987-1996 йилларда Асака шаҳридаги 10-мактабда ўқитувчи, директор ўринбосари, Асака шаҳридаги 3-мактаб директори бўлиб ишлаган. 1997-2014 йилларда Асака шаҳар халқ таълими бўлими мудири, Асака шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, Андижон давлат университети қошидаги Асака академик лицейи директори, Асака маиший хизмат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, «Ўз-Донг Вон Ко» ёпиқ акция­дорлик жамияти харид бўлими бошлиғи ўринбосари, умумий бўлим бошлиғи, Асака автомобилсозлик касб-ҳунар коллежи директори вазифаларида меҳнат қилган. 2014 йилдан Андижон вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълим бош­қармаси бошлиғи вазифасида ишламоқда.

Дурбек Мўминов 30 дан зиёд илмий мақолалар муаллифи.

У ЎзХДПнинг сифатли таълим ва касб-ҳунар ўрганишнинг ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштириш ғоясини қўллаб-қувватлайди.

— Меҳнатга лаёқатли аҳоли, хусусан, ёшларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишнинг энг муҳим шакли улар учун муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишдан иборат, — дейди у. —Ўқув юртлари, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг биринчи иш ўринларини кафолатлаш билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, шу асосда таклифлар билан чиқишни сайловолди дастуримнинг асоси этиб белгиладим.

Шунингдек, бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим давлат муассасалари тармоғини кенгайтириш, бу борада меъёрий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш борасида таклифларим бор.


5Andijon.jpgМуқаддасхон АБДУЛЛАЕВА (13-Асака сайлов округи)

1958 йилда Асака шаҳрида туғилган. Ҳозирги Андижон қишлоқ хўжалиги институтини битирган. Мутахассислиги — муҳандис-механик.

Меҳнат фаолиятини 1982 йилда Асака тиркамалар заводида назоратчиликдан бош­лаган, муҳандис бўлиб ишлаган. 1984 йилдан Асака индус­т­риал техникуми ўқи­тувчиси, 1990 йилдан якка тартибдаги уй-жой қурилиши бошқармаси муҳандиси сифатида фаолият кўрсатган.

2001-2013 йилларда Асака шаҳар ҳокимлигида хотин-қизлар масалалари бўйича бош мутахассис, иш юритиш бўлими мудири, Асака туман ҳокимлигида хотин-қизлар масалалари бўйича бош мутахассис вазифаларида меҳнат қилган.

2013 йилдан Маънавият тар­ғибот маркази Асака туман бўлими раҳбари.

2011 йил «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги» кўкрак нишони, 2014 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

У фаолияти давомида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш йўлида ташаббус кўрсатиб келмоқда.

— Кўп болали, кам таъминланган оилаларнинг олий таълим муассасаларида тў­лов-шарт­нома асосида таҳсил олаётган фарзандлари учун имтиёзли таълим кредитлари бериш тизимини янада такомиллаштириш зарур, — дейди у. — Бундан ташқари, олий ўқув юртларида мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона ва ташкилотларнинг буюртмаси бўйича кадрлар тайёрлашни қўшимча рағбатлантиришнинг меъёрий-ҳу­қуқий асосларини янада мус­таҳкамлаш ҳам долзарб вазифалардан биридир. Депутат бўлсам, жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳам таклифларимни илгари сурмоқчиман.


4Andijon.jpgДилорамхон АСРАНКУЛОВА (12-Шаҳрихон сайлов округи)

1968 йилда Қува туманида туғилган. Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш иши факультетини тамомлаган. Олий тоифали врач.

Меҳнат фаолиятини 1991 йилда Андижон шаҳар 3-туғуруқ комплексида шифокорликдан бошлаган. 1995-2011 йилларда илмий иш билан шуғулланган. 2001 йилдан Ўзбекистон акушерлик ва гинекология илмий текшириш институти доценти, 2009 йилдан кафедра мудири сифатида фаолият юритмоқда.

У ўз малакасини мунтазам равишда оширишга алоҳида эътибор қаратади. Туркия, Таиланд, Россия ва Шотландия давлатларида ўтказилган халқ­аро анжуманларда қатнашиб, замонавий тиббиётнинг муҳим масалалари бўйича маърузаларини тақдим этган.

Депутатликка номзод ўз сайловолди дастурида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар соғлиғини асраш, аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд қатлами учун малакали тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш, шунингдек, тиббий соҳадаги ислоҳотларни янги бос­қичга кўтариш зарурлигига алоҳида эътибор қаратмоқда.

— Бундан, энг аввало, бизнинг партиямиз электорати манфаат­дор бўлади, — дейди у. — Инсон саломатлиги давлатимиз ва жамиятимизнинг энг катта бойлиги экан, соғ­лиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, бу жараёнга йўналтирилаётган бюджет харажатларининг йил сайин ортиб бориши тарафдориман. Шунингдек, унинг сарф­ланиши устидан самарали парламент назорати, жамоатчилик назорати ўрнатиш зарур, деб ҳисоблайман. Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва мақбул тиббий хизмат кўрсатилишини янада кенгайтириш ва унинг сифатини ошириш муҳим вазифаларимиздан биридир. Депутат бўлиб сайлансам, бу борадаги тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга ҳаракат қиламан.


3Andijon.jpgҲотамжон КЕТМОНОВ (11-Бўз сайлов округи)

1969 йилда Балиқчи туманида туғилган. Андижон давлат тиллар педагогика институтини битирган. Мутахассислиги — рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги 28-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1995-2004 йилларда Фарғона ви­лоят халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғининг ўринбосари, 2004-2013 йилларда Андижон вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. 2013 йилдан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси.

Ҳотамжон Кетмонов педагогик фаолияти даврида мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашда фаол иштирок этган. Жумладан, вилоятда Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини амалга ошириш борасида юқори самарадорликка эришиш, ўқитишнинг илғор замонавий усулларини қўллаш ишларини ташкил этишда бевосита қатнашган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси раҳбари сифатида у партия ташкилотларини янада мус­таҳкамлаш, моддий-техник базасини янгилаш, электорат манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, депутатлик корпусининг ташаббускорлигини кучайтириш билан боғлиқ қатор таклифларни илгари суриб, изчиллик билан амалиётга жорий этиб келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов дастуридан партия электорати ҳисобланган аҳоли, хусусан, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишилар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ишчи-ходимлар учун муносиб меҳнат муносабатларини яратиш ва улар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан долзарб ғоялар ўрин олган.

Айниқса, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар, жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари барқарор иш ўринларига эга бўлиши учун тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан эканига эътибор қаратилган.

Ҳотамжон Кетмонов пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар ва аҳолининг иш қобилиятига эга бўлмаган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш масалаларини ўз сайловолди дастурининг асосий йўналиши этиб белгилаган. Шу­нинг­дек, у қишлоқ жойларида ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, коммунал хизматлар сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.


2Andijon.jpgЗафаржон РАҲМОНОВ (10-Олтинкўл сайлов округи)

1966 йилда Избоскан туманида туғилган. Ҳозирги Андижон қишлоқ хўжалиги институтини битирган. Мутахассислиги — агроном.

Меҳнат фаолиятини 1990 йилда ўзи таълим олган олий ўқув юртида ассистентликдан бошлаган, катта ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2012 йилдан буён Генетика, қишлоқ хўжалик экинлари селекцияси ва уруғчилиги кафедраси мудири.

Ўз фаолияти давомида у қиш­лоқ хўжалигини модернизация қилиш, қишлоқда инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада ошириш борасида ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Шунингдек, селекция ва уруғчилик ихтисослиги бўйича илмий изланиш олиб бориб, 2008 йилда номзодлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилган. Бугунги кунда «Фарғона водийси шароитида эртапишар, серҳосил ва юқори сифатли тола берадиган ғўза навларини яратиш» мавзусида илмий иш олиб бормоқда. «АҚХИ-1», «Дурдона» ғўза нав­ларини селекция жараёнида яратиб, ҳозирда нав синаш шохобчаларида тажриба ишларини олиб бормоқда.

Унинг 60 дан ортиқ илмий мақола ва тезислари, ўқув-услубий ишлари нашр этилган.

— Мамлакатимизда янги иш ўринлари ташкил этиш, одамларнинг даромадларини кўпайтириш ва турмуш фаровонлигини таъминлаш қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан бевосита боғлиқ, — дейди у. — Мен сайловолди дастуримда ана шу масалаларга эътибор қаратганман. Масалан, томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, кичик иссиқхоналар тармоғини ривожлантириш орқали нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки озиқ-овқат мўл-кўллигига, ички бозорда нарх-наволарни арзонлаштиришга эришиш мумкин. Бундан таш­қари, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмалар, шу жумладан, турар-жой ва жамоат бинолари, транспорт коммуникацияларидан бемалол фойдаланишлари учун шароитларни яхшилаш зарур, деб ҳисоблайман. Шунинг­дек, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни улар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалаштириш талаб этилади. Бу фуқаролар учун адолатли, тенг шароитларни яратиш, жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш ва бу борадаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. 


1Andijon.jpgДилмурод КАРИМОВ (9-Андижон сайлов округи)

1983 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Наманган давлат университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос, халқаро ҳуқуқ магис­три.

Меҳнат фаолиятини 2005 йилда «Ўзбекистон шампани» очиқ акциядорлик жамиятида ҳуқуқшуносликдан бошлаган, юридик бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган, 2008-2010 йилларда «Қишлоқ қурилиш банк» Андижон минтақавий филиали бош юрисконсульти, «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослашган шўъба инжиниринг компанияси вилоят филиали бош юрисконсульти сифатида фаолият кўрсатган. 2010 йилдан Андижон вилоят хўжалик судининг судьяси, 2014 йилда Ўзбекистон судьялар ассоциацияси Андижон вилоят филиали аъзоси этиб сайланган.

Депутатликка номзод  педагогик фаолият билан ҳам шуғулланади. У 2006 йилдан Андижон вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш инс­титутида ҳуқуқшунослик фанидан дарс бериб келаяпти.

Ўз меҳнат фаолияти давомида у 19 та қонун ва қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар билдирган.

Дилмурод Каримов аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий манфаатларига оид қонунлар ижроси изчил таъминланишига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

— Ижтимоий аҳамияти юқори бўлган қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида уни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш мажбурийлигини қатъий белгилаш лозим, деб ўйлайман, — дейди у. — Бу тартиб қабул қилинаётган қонунларнинг янада пухта ва мукаммал бўлишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, фуқаролар, айниқса, аҳолининг кам таъминланган қатламлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун уларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш зарур. Хусусан, даъво аризалари киритилганда олинадиган давлат божи миқдорларини мақбуллаштириш бунда муҳим аҳамиятга эгадир. Шунингдек, суд ҳужжатлари ва хабарномаларини етказишнинг замонавий услубларини жорий этиш орқали процессуал ме­ха­низм­­ларни такомиллаштириш, суд ҳокимияти самарадорлигининг асосий мезонларидан бири — суд қарорларининг тўлиқ ва муддатида ижросини таъминлаш бўйича қонунчилик ташаббуси билан чиқиш тарафдориман.