Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Партия ҳақида

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

 

1991 йил 14 сентябрда – фаоллар гуруҳи ўтиш даврида манзилли ижтимоий ёрдам ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламлари ва гуруҳлари манфаатларини ифода этувчи ва илгари сурувчи партияни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

 

1991 йил 1 ноябрда – Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг I Таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой партия Устави ва Дастурини қабул қилди, унинг ижтимоий-сиёсий фаолиятининг устувор йўналишларини белгилади. Янги ташкил топган партия Марказий Кенгашининг биринчи котиби этиб Маҳмуджон Мўминович Расулов сайланди.

 

Қурултой ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов иштирок этди ва сўзга чиқди.

 

Ҳафтасига уч марта ўзбек тилида чоп этиладиган «Ўзбекистон овози» газетаси партиянинг марказий босма нашрига айланди.

 

1991 йил декабрь ойида партия Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди. Декабрь охирига келиб партияни ташкилий расмийлаштириш ва унинг ҳудудий ташкилотларини Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда мамлакатдаги барча туман ва шаҳарларда ташкил этиш жараёни якунланди.

 

1992 йил 1 январда – ушбу сана ҳолатига кўра, партия сафида 347,7 минг аъзо бўлиб, улар 11,3 минг бошланғич ташкилотларига бирлашди.

 

1992 йил 5 мартда – партиянинг рус тилидаги ҳафталик «Голос Узбекистана» газетаси чоп этила бошланди.

 

1994 йил 1 ноябрда – Ўзбекистон ХДПнинг II қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 1994 йил декабрь ойида мустақил Ўзбекистонда Олий Мажлис ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига илк ўтказилган кўп партиявийлик сайловида иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Қурултойда партиянинг сайловолди платформаси қабул қилинди. Партия Уставига Ўзбекистон ХДП депутатлик бирлашмаларини шакллантириш ва вакиллик давлат ҳокимияти органларидаги фаолияти тартибини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди.

Абдулҳофиз Мараҳимович Жалолов партия Марказий Кенгаши биринчи котиби этиб сайланди.

 

1995 йил январда – сайлов якунлари бўйича илк бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенесида, барча халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, барча туман ва шаҳарлар Кенгашларида партия гуруҳлари ташкил этилди.

 

1999 йил 8 октябрда Ўзбекистон ХДП III қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой мустақил Ўзбекистонни ислоҳ қилиш ва демократик модернизациялаш борасидаги навбатдаги босқичи вазифаларини эътиборга олган ҳолда партиянинг устуворликларини аниқлаштирувчи янги Дастурни қабул қилди.

 

Қурултой партиянинг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари манфаатлари ва эҳтиёжларига йўналтирилганлигини ҳамда унинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижтимой самарадорлигини ошириш устуворликларига содиқлигини тасдиқлади.

 

Қурултой партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва маҳаллий давлат вакиллик органларига навбатдаги сайловдаги иштироки тўғрисида ҳамда 2000 йил январда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўп партиявийлик асосида илк бора ўтказилган сайловда иштироки тўғрисида қарор қабул қилди. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши биринчи котиби Абдулҳофиз Мараҳимович Жалолов партиядан Президентликка номзод этиб кўрсатилган.

 

2000 йил январь – 1999 йилдаги давлат ҳокимияти вакиллик органларига иккинчи чақириқ умумхалқ сайлови якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Халқ депутатлари барча вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашларида Ўзбекистон ХДП партия гуруҳлари ташкил этилди.

2001 йил декабрь – партия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини икки палатали парламентга айлантириш масалалари бўйича референдум ўтказилишини қўллаб-қувватлаб чиқди.

 

2002 – 2003 йиллар – партиянинг парламентдаги фракцияси 2002 йил 27 январдаги референдум якунлари бўйича икки палатали парламентни шакллантиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама этиш ва қабул қилишда фаол иштирок этган.

2003 йил 15 март – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги V пленумида парламент соҳасида авж олаётган ислоҳотлар муносабати билан партиянинг устувор вазифалари белгиланди.

 

2003 йил 27 декабрда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VI пленумида Аслиддин Ашурбаевич Рустамов МК биринчи котиби этиб сайланди.

 

2004 йил 4 ноябрда партия Марказий Кенгаши Ижроқўми баёнот билан чиқди, унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатнинг сиёсий ҳаётида сўл қанотни эгаллайди ва бозор шароитларида ижтимоий ҳимояга муҳтож ижтимоий гуруҳлар ва аҳоли қатламлари ҳимоячиси сифатида майдонга чиққанини маълум қилди.

 

2004 йил 6 ноябрда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг навбатдаги IV қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой партия марказий органлари янги таркибини шакллантирди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатди ва Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2004 йил сайловида Сайловолди дастурини тасдиқлади.

 

Шунингдек, партия Устави янги таҳрирда қабул қилинди.

 

2005 йил январда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси янги икки палатали парламентга илк бор бўлиб ўтган кўппартиявийлик сайлови якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сон жиҳатдан иккинчи фракцияни шакллантирди. Шунингдек, партия ўз ўрнини кучайтириб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, барча халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашларида Ўзбекистон ХДП гуруҳлари ташкил этилди.

 

2005 йил 17 февралда – Ўзбекистон ХДП фракцияси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП, «Фидокорлар» ХДП ва «Адолат» СДП фракцияларининг Демократик блокка бирлашишига, яъни парламентдаги кўпчиликни ташкилий расмийлаштирилишига жавобан ўз зиммасига парламентдаги озчилик муҳолифат ролини олиши ҳақида эълон қилди.

 

2005 йил 1 июнда – Марказий Кенгаш томонидан июль ойи бошида партиянинг сўл сиёсий платформасига мос бўлган ва парламент Қонунчилик палатасига 2004 йил сайлови натижаларини ҳисобга оладиган партиянинг янги Дастурини қабул қилиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг V қурултойини чақириш ҳақидаги қарор қабул қилинди.

 

2005 йил 2 июлда – Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Vқурултойи бўлиб ўтди, у барча соҳаларда партияни чуқур ислоҳ қилиш бўйича мақсадли кўрсатмаларни ишлаб чиқди. Қурултой халқ демократияси умумэътироф этилган тамойиллари — ижтимоий тенглик ва ижтимоий бирдамликка асосланган партиянинг янги Дастурини қабул қилди.

 

Қурултойда партиянинг «бутун халқ» партияси бўлишга оид хомхаёллигидан озод бўлиш сари амалий қадамлар қилинди. Партия ташкил топгандан кейин илк бор унинг Дастурида доимий электорати — ижтимоий кўмакка муҳтож ва партиянинг сиёсий фаолияти учун манфаатларини белгиловчи ҳисобланган аҳоли қатламлари аниқ белгиланди.

 

2005 йил 9 июлда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг III пленумида партия дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича 2005-2009 йилларга мўлжалланган умумпартиявий Ҳаракат дастури қабул қилинди. Пленумда Латиф Ёқубович Ғуломов Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси этиб сайланди.

 

2005 йил июль–августда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларида пленумлар ва партия фаоллари йиғилишларида Ўзбекистон ХДП ташкилотларининг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш, роли ва масъулиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлар кенг муҳокама этилди.

 

2005 йил 30 ноябрда – партиянинг Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳузурида Халқ демократик партияси Жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

2005 йил декабрь – 2006 йил январь – партиянинг «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари ташкил этилди ва уларнинг жамоат кенгашлари шакллантирилди.

 

2006 йил январь–август – партия аъзоларини қайта рўйхатдан ўтказди. Унинг амалий натижаси сифатида Ўзбекистон ХДПнинг турли сабабларга кўра партия ташкилотлари ишида ва партия ҳаётида иштирок этмаган, ўзининг устав вазифаларини бажармаган, партия мафкурасини қўллаб-қувватламаган ёки ўз ташкилотлари билан алоқани йўқотган пассив аъзолардан ҳоли бўлганини таъкидлаш мумкин.

2006 йил 7–10 сентябрь – Ўзбекистон ХДП делегацияси Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Осиё мамлакатлари сиёсий партиялари Халқаро конференциясининг IV Бош Ассамблеяси ишида қатнашди.

 

2007 йил 3 октябрь – партия Марказий Кенгашининг VII пленуми бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2007 йил декабрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

2007 йил 5 ноябрь – Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг VI қурултойи бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида партиядан Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Аслиддин Ашурбаевич Рустамов кўрсатилди.

 

2008 йил 3 декабрь – партия тизимида илк бор ёш сиёсатчилар танлови «Ёш сиёсатчи – 2008» ўтказилди, у ўша вақтдан бошлаб ҳар йили 4 та босқичда — бошланғич партия ташкилотлари даражасидан бошлаб ўтказилади.

 

2009 йил 10 ноябрда – Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг VII қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой партия марказий органлари янги таркибини шакллантирди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2009 йилдаги сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурини тасдиқлади.

 

2010 йил январда – сайлов якунлари бўйича Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг янги таркиби ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, барча халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) кегашларида партия гуруҳлари шакллантирилди.

 

2010 йил 11 мартда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг II пленуми бўлиб ўтди, унда партия 2009 йилдаги сайловда илгари сурган дастурий мақсадларни амалга ошириш бўйича 2010-2014 йилларга мўлжалланган умумпартиявий амалий ҳаракатлар Дастури қабул қилинди.

 

2010 йил 19 ноябрда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг III пленуми бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”ни амалга оширишда партиянинг амалий иштирокига доир вазифалар белгиланди. Пленум партиянинг 2010-2014 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастурига тегишли қўшимча ва аниқликларни киритди.

 

2013 йил 24 апрелда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши VIII пленумида Хотамжон Абдураҳмонович Кетмонов Марказий Кенгаш раиси этиб сайланди.

 

2014 йил 19 сентябрда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши X пленуми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2014 йил сайловида Халқ демократик партияси иштироки тўғрисида ҳамда шу муносабат билан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг навбатдаги VIII қурултойини чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

2014 йил 5 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2014 йил сайловида Халқ демократик партияси иштироки муносабати билан чақирилган Ўзбекистон ХДП VIII қурултойида партия марказий органлари амалдаги таркиби шакллантирилди. Қурултой 2014 йилдаги сайловда Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастурини тасдиқлади ва у 2019 йилгача бўлган даврда партиянинг амалдаги дастурий ҳужжати ҳисобланади. 2005 йилда қабул қилинган партия Дастурига нисбатан ушбу Дастурда партиянинг дастурий устуворликлари ва мақсадлари унинг доимий электорати базавий манфаатларидан келиб чиқиб аниқлаштирилган, бу эса партиянинг сиёсий ўзига хослигини мустаҳкамлашга кўмаклашди.

 

2015 йил январда – 2014 йил сайлови якунлари бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва барча туман ва шаҳар Кенгашларида партия гуруҳларининг янги таркиби шакллантирилди ва у депутатлик корпусида қуйидаги вакилликка эга:

 

- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси – 27 депутат;

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари – 210 депутат;

- халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари – 1646 депутат.

2015 йил 15 январда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши II пленуми партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки тўғрисида ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси IX қурултойини чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

2015 йил 9 февралда – Ўзбекистон ХДП IX қурултойи Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки муносабати билан маҳаллий партия ташкилотларининг ташкилий ва сиёсий вазифалари тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Қурултой, шунингдек, партия Марказий Кенгаши раиси Хотамжон Абдураҳмонович Кетмоновни Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилди. Қурултойнинг тегишли қарори билан унинг Сайловолди дастури маъқулланди.

 

2015 йил 16 мартда – Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракциясининг мажлиси бўлиб ўтди. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 25-1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламентдаги фракцияси ўзини ЎзЛиДеП ва Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияларини бирлаштирувчи ва парламент кўпчилигини ташкил этувчи Демократик кучлар блокига нисбатан муҳолифат деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Ушбу қарор шу билан изоҳландики, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳукуматнинг Ҳаракатлар дастури билан кўзда тутилган қатор муҳим иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни ҳал этиш йўлида сайловолди дастурида акс этган ўз нуқтаи назарига эга.

 

Бунда фракция баёнотида қайд этилишича, тегишли устувор масалалар юзасидан Ўзбекистон ХДП фракцияси Демократик кучлар блокига бирлашган партиялар дастурий ёндашувларига тўғри келмайдиган ўз ечимлари йўлларини таклиф этиш ва ҳимоя қилишга тайёр.

 

2015 йил 9 апрелда  Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши III пленуми демократик ислоҳотларнинг бугунги босқичида ЎзХДП ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурини қабул қилди.

 

2016 йил 17 сентябрда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VI пленумида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши ва шу муносабат билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Х қурултойини чақириш тўғрисида масала кўриб чиқилди ва қарор қабул қилинди.

 

2016 йил 14 октябрда – Ўзбекистон ХДП X қурултойи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партияси иштироки муносабати билан маҳаллий партия ташкилотларининг ташкилий ва сиёсий вазифалари тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Қурултой, шунингдек,Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия Марказий Кенгаши раиси Хотамжон Абдураҳмонович Кетмоновни Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод этиб кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилди. Қурултойнинг тегишли қарори билан унинг Сайловолди дастури маъқулланди. Қурултой партия Уставига ҳам муайян ўзгаришлар киритди.

 

2017 йил 31 мартда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VII пленуми Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширилиши бўйича Давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон ХДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган муҳим вазифаларни кўриб чиқди ва партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритди.

 

2017 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон ХДП ўз сафида 430291 нафар аъзони бирлаштирганУлардан 47,2% - аёллар, 35,2% – 30 ёшгача ёшларни ташкил этади. Партия кўп миллатли таркибга эга ва 47 миллат ва элат вакилларини бирлаштиради.

 

Партия тузилмасида 14 та ҳудудий ташкилотлар – Қорақалпоғистон Республикаси, 12 вилоят ва Тошкент шаҳар ҳамда 25 шаҳар ва 168 туман ташкилотлари, шу жумладан, Тошкент шаҳрида 11 туман партия ташкилоти иш жойи ёки яшаш жойи бўйича партия аъзоларини бирлаштирган.

 

 

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил