Пиёдаларга жарима ошадими?

 

Жамият, давлат ривожлангани сари унинг қонунлари ҳам такомиллашиб бориши лозим бўлади. Сабаби, тараққиёт ҳаётимизга янгидан-янги тушунчаларни, ижтимоий муносабатларни олиб киради. Уларни мунтазам тартибга солиш ва мослаштириб бориш жамиятни ортиқча муаммолардан халос қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида амалдаги қонунчилигимизни такомиллаштиришга хизмат қиладиган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Кун тартибида биринчи бўлиб, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Лойиҳада ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш, сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, шунингдек, мультимедиа воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ёрдамида таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бирга, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция асосида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий инфратузилма объектларига тўсиқсиз кириши учун мослаштиришни кўзда тутувчи меъёрлар билан тўлдирилмоқда.

Муҳокамалар якунида депутатлар лойиҳа бўйича ўзларининг таклифларини, таҳририй тузатишларини билдириб, қонуннинг аҳамиятини юқори баҳолашди. Шу тариқа қонун бир овоздан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Йиғилишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун билан автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга 48 соат ичида юборилмаган бўлса, ишни кўриб чиқишни тугатиш белгиланмоқда. Қарор чиқаришга ваколатли шахс эса 15 кун ичида жавобгарликка тортиш бўйича қарор чиқариши лозим бўлади. Акс ҳолда, ҳайдовчи жавобгарликка тортилмайди.

Бундан шу хулосага келиш мумкинки, мазкур қонун кучга кирган кундан бошлаб, ҳайдовчиларга қоида бузганлик ҳақида келган қарор лойиҳаси 17 кундан аввал содир бўлган бўлса, бундай ҳолда ҳайдовчи жавобгарликка тортилмайди.

Дарҳақиқат, амалдаги қонунчилик жавобгарликка тортиш бўйича қарор лойиҳалари ҳайдовчиларга бир неча ойдан кейин ҳам юборилишига йўл очиб бермоқда. Бу ўз-ўзидан ҳайдовчиларнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлаётганди.

Маърузачи лойиҳани ўқиб эшиттирганидан сўнг, навбат муҳокамаларга келди. Қуйи палата вакиллари ўзларининг таклифларини билдириши билан биргаликда эътирозларини ҳам айтиб ўтишди. Жумладан, мазкур лойиҳада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 138-моддаси биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилиши кўзда тутилмоқда.

Унга кўра, «Пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, пиёдалар йўлнинг қатнов қисмида, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек, эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек, скутер, мопед ва велосипед ҳайдовчиларининг, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини, уловли аравани бошқариб борувчи ва йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги, – базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан икки қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Лойиҳанинг ушбу қисмида пиёдаларга нисбатан жарима миқдори ҳам ошириб юборилаётганига эътибор қаратилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, юқоридаги қонунбузарликларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима қўлланилади.

Депутатлар ташаббускорлардан фуқароларга нисбатан жарима миқдорининг оширилишига асос келтиришни сўрашди. Агар иккинчи ўқишда ҳам бунга асос тақдим этилмаса, фуқароларга нисбатан жарима миқдорини ўзгаришсиз қолдириш тўғри бўлишини таъкидлашди.

Шу куни мажлисда қонун лойиҳалари билан бирга Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Транспорт вазири И.Маҳкамовнинг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай ва хавфсиз транспорт орқали чет давлатларга етиб боришида шарт-шароитларни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиш ҳақидаги таклифи ҳам муҳокама қилинди.

Таклиф депутатларнинг қарши овозисиз муҳокамадан ўтди ва Транспорт вазирининг ахборотини эшитиш ҳақида палата қарори қабул қилинди.

Қонунчилик палатасининг фаолиятини кузата туриб, қонун қабул қилиш жараёни нечоғлик катта масъулият талаб қилишига амин бўласиз. Жараёнларда ҳар доим фаол бўладиган жонкуяр депутатлар маъқуллаб турган лойиҳалар ҳақиқатда яхши ишлаб чиқилган эканда, деб турганингизда, аввал ҳеч кўзга ташланмайдиган яна бир халқ вакили сўз олиб, қолганлар эътибор бермаётган жиҳатларга диққатингизни тортади. Ўйлаб қарасангиз, унинг фикрида ҳам жон борлигига иқрор бўласиз. Очиқ муҳокамаларда ҳеч бир жиҳат назардан четда қолмайди.

Шунда кучли жамият учун кучли парламент қанчалик зарур эканига яна бир амин бўласан киши.

 

Аҳмад Қурбонов,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 24.04.2023, №17

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш