Конституция янги ҳуқуқий макон пойдевори

 

Бундан бир йил аввал умумхалқ референдуми асосида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинган эди. Ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатимиз муҳим ўзгаришлар маконига айланди. Янги таҳрирдаги Конституция билан Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланди, давлат ўзига улкан ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларни олди, яъни мамлакат ўзини ижтимоий давлат сифатида эълон қилди.

Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортди. Унда ижтимоий адолат тамойиллари, сифатли соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларидан фойдаланиш, шунингдек, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари мустаҳкамланган. Бу ҳар бир фуқаро ўзини ўзи англаш учун тенг имкониятларга эга бўлган адолатли ва инклюзив жамият яратиш истагини таъкидлайди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид аниқ нормалар сони уч баробардан зиёд кўпайди. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари кенг кўламли масалаларни қамраб олган нормалар билан янада мустаҳкамланди.

Конституциямизда унинг мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилиши, бутун мамлакат ҳудудида ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилди. Бош қомусимиз қоидаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш орқали демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш механизмлари мустаҳкамланди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги аниқ белгилаб қўйилди. Аҳолининг мулкка бўлган ҳуқуқини таъминлаш мақсадида Конституцияда “Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади” деган норма қўшилди.

Конституциямиз иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган. Унда эркин тадбиркорлик, хусусий мулкни ҳимоя қилиш тамойиллари мустаҳкамланган. Бу бизнесни ривожлантириш ва инновациялар учун қулай муҳит яратади, иш ўринлари кўпайиши ва мамлакат иқтисодиётининг ўсишига ёрдам беради.

Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув истагини ҳам акс эттиради. Унда тинч-тотув яшаш, бошқа мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиш ва халқаро муаммоларни мулоқот ва ҳамкорлик орқали ҳал этиш тамойиллари мустаҳкамланган. Бу юртимизнинг жаҳон миқёсида янада фаол рол ўйнашига ёрдам беради ва бошқа давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга имкон яратади.

Конституциянинг асосий жиҳатларидан бири демократик институтларни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Ҳужжатда ҳокимиятларнинг бўлиниши тизимини мустаҳкамлаш, суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш мустаҳкамлаб қўйилган.

Бу ҳар бир фуқаро сўз эркинлиги ва мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган эркин ва очиқ жамиятни ривожлантириш учун замин яратади. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини кенгайтириш ва давлат идоралари томонидан улар олдидаги масъулиятни ошириш чоралари кўрилди. Бу ҳар бир фуқаро муҳим қарорларни қабул қилишда иштирок этиш имкониятига эга бўлган очиқ ва шаффоф жамиятни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратади.

Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганидан бошлаб мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига ўтди. Бу эса Ўзбекистон адолатли, эркин ва фаровон жамият қуриш йўлида тўғри йўлдан бораётганини, мамлакат ўзининг улкан режа ва мақсадларини амалга ошириш учун барча зарур ресурс ва салоҳиятга эга эканини кўрсатади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш