Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш стратегияси қабул қилинади

 

Мамлакатимизда сўнгги икки йилда гендер тенгликни таъминлаш борасида муҳим қадам ташланиб, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

Гендер тенгликни таъминлаш стратегиясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши эса мамлакатда инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат билан қарашни шакллантириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтириш имконини беради. 

Ўзбекистон Республикасининг 2020-2030 йилларда гендер тенгликни таъминлаш Стратегияси лойиҳаси ушбу йўналиш бўйича давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро экспертлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳада ижтимоий-сиёсий соҳа, бандлик ва меҳнат миграциясида гендер тенгликни таъминлаш, зўравонликнинг олдини олиш ҳамда одам савдоси, гендер режалаштириш ва бюджетлаштириш масалаларидан иборат 9 та йуналиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислохотларнинг иқтисодий ўсишини жадаллаштириш ва меҳнат бозорига кириб келаётган хотин-қизларни иқтисодий фаоллик билан қамраб олиш учун ишбилармонлик, инвестицион муҳитни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган. Асосан, хотин-қизларнинг иқтисодий ресурслардан, шу жумладан, кўчмас мулк, ер, молиявий кредитлар, жамоатчилик жамғармалари, шунингдек, эркин танланган тадбиркорлик фаолияти турларидан тенг фойдаланиш ҳуқуқи қўллаб-қувватланади.

Айниқса, чекка ҳудудлардаги хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш бўйича дастурлар янада такомиллаштирилади. Аёлларнинг бандлик ва меҳнат бозоридан фойдаланиш ҳуқуқини кенгайтириш учун мактабгача ва бошланғич мактаб таълимининг ҳаммабоплигини оширишга эътибор қаратилади.

 

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш