Ишлайман деган одамга ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди

 

Бугунги пандемия шаротида дунёнинг кўплаб ҳудудларида, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи муаммога айланиб қолди. Оқибатда миллионлаб кишилар даромадини йўқотди, ишсизликдан азият чекмоқда. Демак, иш ўринларини сақлаб қолиш ва янгиларини ташкил этиш бугуннинг долзарб вазифасига айланди.

Ана шу мураккаб шароитда мамлакатимизда иш ўрни яратиш бўйича ўзига хос йўл танлангани ҳамда ижтимоий ҳимояга катта эътибор қаратилаётгани қувонарли, албатта.  Бугун меҳнат бозорини тўғри ташкил қилиш, иш ўринларини кўпайтириш, аҳолининг ўзини-ўзи банд қилиб, оилавий даромадини ошириш масаласи кун тартибида турибди. Албатта, бундай вазиятда иқтисодиётни соғломлаштириш, инвестиция унумдорлигини ошириш билан бир қаторда, аҳолининг заиф ва ҳимояга муҳтож қатламини самарали ижтимоий муҳофаза қилиш,  қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш, имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Агарда ишсизликни олдини олишга қарши қатъий чоралар вақтида кўрилмаса ижтимоий кескинлик янада кучайиши мумкин.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Айтиш керакки, ушбу қарор мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида янгича ёндашувларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади. Ўз ишини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мустақил фаолият юритишга бўлган иштиёқини кучайтириш, эҳтиёжларини таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлди. Чунки бандлик муаммосини бир-иккита завод ёки корхона қуриш билан ҳал қилиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилиши, оилавий корхоналар ташкил этилиши аҳоли бандлигини таъминлаш самарали механизмидир.

Қарор билан сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади.Шунингдек, оилавий корхоналар солиқ имтиёзига эга бўлишди. Энди улар ўзини ўзи банд қилганлар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланса, иштирокчилари сони камида 3 нафар бўлса солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга ҳақли бўлди. Демак, оилавий корхона аъзоларининг топаётган даромадининг кўпи ўзида қолади, у фаолиятини янада кенгайтириши учун ҳам йўл очилади. Шу тариқа одамларда ишчанлик кайфияти кўтарилади.

Иши бор одамнинг ишончи ҳам бўлади. Инсон ўзини бахтли ва хотиржам ҳис қилиши учун аслида кўп нарса керак эмас. Тинчлик, доимий иш жойи, зарур эҳтиёжлари учун етадиган даромад манбаига эга кишининг ҳаётга ишончи мустаҳкам бўлади. Жойларда сайловчилар билан бўлган учрашувларда шунга гувоҳ бўлдимки, одамларимизда ишлаб чиқариш, ўз мустақил фаолиятини йўлга қўйиш истаги кучли.

Фақат уларни қўллаб-қувватлаб, имтиёзлар билан таништириш, ҳуқуқий маслаҳат бериш керак. Ушбу масала бевосита партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлгани учун, биз депутатлар ва партия фаоллари бу вазифа тарғиботи ва ижроси йўлида ҳаммадан кўра кўпроқ меҳнат қилишимиз керак.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш