Хотин-қизларга яна бир имтиёз

 

Кейинги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган хотин-қизларга кўмак бериш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларга барчамиз гувоҳ бўлаяпмиз.

Президентимизнинг “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига асосан олий таълим муассасаларига кириш учун хотин-қизларга алоҳида 4 фоизлик давлат гранти асосида квота ажратилгани эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди.

Буни нафақат аёллар учун, хотин-қизлар учун, балким келажагимиз учун берилаётган имтиёз, имконият деб қабул қилишимиз лозим. Бу кам таъминланган, доимий даромадга эга бўлмаган ва тўлов контрактини тўлашга имкони йўқ, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, отаси ёки онаси ногирон бўлган ёки ногирон фарзанди бор оилалар, оғир уй-жой шароитларида яшаётган ва доимий уй-жойига эга бўлмаган оилалардаги, бир сўз билан айтганда, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги хотин-қизларга берилаяпти.

Имтиёз опа-сингилларимизга нима беради?

Биринчи навбатда кам таъминланган оилалардаги иқтидорли қизлар истеъдоди рўёбга чиқади. Улар келгусида ОТМни тугатиб, ишлаб, ўз оиласини муҳтожликдан, камбағалчиликдан чиқаради. Иккинчидан, олий маълумотга эга бўлган аёл сифатида фарзандларига ҳам тўғри тарбия бериб, эл корига ярайдиган авлодни вояга етказади, бундан оила ҳам, жамият ҳам фақат наф кўради.

Олдимизда турган муҳим вазифалардан бири имтиёздан ҳақиқий муҳтожлар фойдаланишини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшиш, деб биламан. Бу жараёнда фаол иштирок этишимиз, ноҳақликларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур.

Имтиёз партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги хотин-қизларга берилаётган экан, авваламбор, бундай тоифага кирадиган хотин-қизлар рўйхатини шаклллантириб, уларга тушунтиришимиз, тарғибот ишларини ташкил этишимиз даркор. Бунинг учун жойлардаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда ишлашимиз муҳим, деб ҳисоблайман.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП “Фаол аёллар” қаноти етакчиси

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш