Депутат сўровини юбориш - ваколат, шу билан бирга - катта масъулият

 

Дунё парламентларида депутатлик сўрови муҳим институт ҳисобланиб, жамият ва давлат қурилишидаги муаммоларни тез ва сифатли ҳал этишга хизмат қилади. Лекин, бизда бу масалада бир қанча тушунмовчиликлар ва камчиликлар ҳамон кузатилмоқда, қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимча киритишга ҳам эҳтиёж борлиги сезилмоқда.

Қонунчилик палатаси депутатлари парламент, депутат ва сенатор сўрови кимнинг номига юборилган бўлса, айнан ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифасини бажариш юклатилган шахс томонидан имзоланиши тўғрисидаги мажбурий меъёрни жорий қилиш таклифини илгари сурмоқда.

Чунки депутат сўрови мансабдор шахс номига юборилсада, жавоб унинг ўринбосарларидан келмоқда. Хусусан, 2019 йилда турли идора ва ташкилотлар раҳбарларига юборилган 242 та депутат сўровининг  175 тасига ўринбосарлар, 13 тасига қуйи ташкилот раҳбарлари ва 2тасига эса умуман бошқа идора мансабдор шахслари томонидан жавоб берилган. Бу ҳолат нимани билдиради?  Депутат сўровига нописандлими? Ёки масъулиятдан қочишми?..

Бироқ бу ерда бошқа масала ҳам бор, деб ўйлайман. Аввало, депутат сўрови асосли, мақсади ва манзили аниқ бўлиши лозим. Тўғриси, фракциямиз йиғилишларида депутат сўрови сифатида тайёрланаётган масалалар кўриб чиқилганда, сўровни асослаш, ҳар томонлама пухта тайёрлашда камчиликлар борлиги маълум бўлаяпти. Масалан, қайсидир  масала бўйича масъул ташкилот бир ёқда қолиб, умуман бошқа ташкилотларга нотўғри сўров юборилаётган, айрим масалалар эса ноўрин қўйилаётган ҳолатлар бўлаяпти.

Яна бир масала – депутатлик сўровидан қандайдир ножоиз мақсадларда фойдаланишдан, коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган     ҳолатларга йўл қўйишдан эҳтиёт бўлмоқ керак.  Депутат сифатида халқимиз, давлат идоралари олдида парламентнинг обрўсини сақлашга ўзимизнинг масъуллигимизни чуқур ҳис қилишимиз шарт.

Тўғри, ҳамма депутат ҳам парламент ишида етарли тажрибага эга эмас. Ёки ҳуқуқий–сиёсий билим етишмаслиги мумкин. Лекин ўқиш, ўрганиш, маслаҳат сўраш учун ҳаммамизда имконият бор.

Депутатлик сўрови парламент назоратининг муҳим бир шакли эканини қадрлашимиз лозим. Бундай сўровга парламент номидан чиқадиган ҳужжат сифатида қарашимиз керак, деб ўйлайман. Ҳар бир сўровни чуқур таҳлиллар асосида тайёрлаш, лозим бўлса, тегишлилиги ва аҳамиятига қараб, фракция ёки қўмита муҳокамасидан ўтказиш керак. Шунда хатога йўл қўймаймиз, сўровнинг мазмундорлиги, таъсирчанлиги ошади.

Сўров юбориш катта ваколат, айни чоғда катта масъулият эканини ҳам унутмаслигимиз зарур.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш