Тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим

 

Бутун дунёда коронавирус билан касалланиш тобора авж олмоқда. Жаҳон давлатлари вирусга қарши курашмоқда. Бу курашда тиббиётлари ходимлари, мутасадди идоралар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлиги ниҳоятда муҳим бўлиб турибди.

Ўзбекистон ҳам ўз халқи саломатлигини сақлаш, вирус билан зарарланганларга тезкор ёрдам кўрсатиш борасида босқичма-босқич тизимли ишларни амалга оширмоқда. Ҳозирги шароитда ҳеч кимга осон эмас.

Иқтисодиётимизга қанчалик оғир таъсир этмасин, халқимизни саломатлиги ҳимоялаш мақсадида мамлакатимизда карантин тадбирлари қайтадан кучайтирилди. Бугун тиббиёт ва бошқа соҳа ходимлари, жамоатчилик катта синовга дуч келди. Бундай вазиятда бир-биримизни тушуниш ва қўллаб-қувватлаш орқали вирус хафвини камайтириш мумкин.

Бир неча ойдан бери давом этаётган мураккаб вазият барқарор ривожланган давлатларда ҳам муаммоларни кўпайтирди, илғор тиббиёт тизимлари ҳам босимга дош беришга қийналмоқда.

Тўғри, бошқа соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизими ҳам камчиликлардан ҳоли эмас. Кейинги йилларда муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда, хусусан, тиббиёт соҳасини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Унга асосан тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шаъни, қадр-қимматини эъзозлаш, жамиятдаги мавқеини кўтариш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Бу ишлар натижасида соҳадаги вазият имконият даражасида яхшиланяпти.

Охирги кунларда айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тиббиёт тизимини, шундай синовли кунларда ўзларини аямасдан халқимиз саломатлиги йўлида туну кун ишлаётган шифокорларни, уларнинг меҳнатини қадрламаслик, обрўсизлантиришга уриниш ҳолатлари тиббиёт ходимларининг кўнглига қаттиқ тегяпти.

Айрим ҳудудларда субъектив сабаблар билан муаммоли вазиятлар юзага келаётган бўлса, уларни тезкор ҳал этиш учун ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда ишлаш талаб этилади. Аммо бутун тиббиёт тизимини, соҳадаги барча ходимларни обрўсизлантириш, шифокорлар, ҳамшираларга нисбатан ишончсизлик кайфиятини кўтаришга уриниш ҳаракатларини умуман оқлаб бўлмайди.

Бугун ҳар биримиздан кутиладиган нарса карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, оиламиз, яқинларимиз, бошқаларни ҳам хавф остида қолдирмаслик, карантин маданиятини тарғиб ва керак пайтда талаб қилиш, шу тарзда бир-биримизга ёрдам беришдир. Ҳозир бетоқатлик қилиб, ваҳима қўзғайдиган эмас, вазмин бўлиб, юксак инсоний фазилатларимизни кўрсатадиган муҳим вақт, деб ўйлайман.

Тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг фидойи меҳнатини қадрлаб, ўз саломатлигимизга бефарқ бўлмасак, бу синовларни албатта енгиб ўтамиз. Касбига садоқатли, тиббиётнинг ҳақиқий ходимлари ҳар куни, ҳар соат курашаётганини унутмайлик, қадрлайлик.


Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш