ЎзХДП фракцияси: жарималар миқдорлари аҳоли реал даромадларидан келиб чиқиши зарур

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар дастлаб Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Дунёда коронавирус пандемияси туфайли рўй берган мураккаб вазият, инқирозли ҳолат бутун жаҳонда молиявий вазиятни қийинлаштирди. Халқаро молия ташкилотлари жаҳондаги кўплаб давлатларга кўмак кўрсатишига тўғри келди.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга таклиф этилаётган ўзгартишга кўра, 2020 йил давомида Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 5.5 млрд. АҚШ доллари, шундан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 2.5 млрд. АҚШ долларигача миқдорида белгиланиши таклиф этилган.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари пандемия даврида ижтимоий соҳани молиялаштиришга, мамлакатдаги эҳтиёжманд аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Бундай ёндашув партиянинг дастурий мақсадларига ҳар томонлама тўғри келади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, аниқлаштириувчи савол-жавоблардан сўнг фракция аъзолари “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Йиғилиш кун тартибидаги кейинги – «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Чунки бу қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган айрим меъёрлар зарурати юқори бўлса, бошқа айрим меъёрлар очиқлик, фикр билдириш ҳуқуқи нуқтаи назаридан демократик ёндашувни талаб этади.

Масалан, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун ҳам жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда.

Кодекснинг амалдаги таҳририга кўра, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш ҳаракатлари учун эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Янги қонун лойиҳасига кўра, бундай ҳаракатлар учун жарима миқдорини ошириш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш ҳақидаги меъёрни киритиш таклиф этилмоқда.

Депутатлар жамиятда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, интернет орқали кенг тарқалаётган, болалар, ёшлар онгига жуда салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ахборотларни тарқатганлик, тарғиб қилганлик бўйича жавобгарлик кучайтирилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлашди.

Қуйи палатанинг ташаббускор депутатлари шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон ахборотни ишончли маълумот кўринишида била туриб телекоммуникация, интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилашни таклиф этмоқда. Уларнинг асослашича амалдаги қонунчиликда бу турдаги ҳаракатни содир этган шахс тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган, таклиф этилаётган лойиҳада эса шахс шундай ҳаракатлари учун муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этсагина жиноий жавобгарликка тортилиши назарда тутилмоқда.

Шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд қилинмоқда.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари мамлакатимизда очиқликни таъминлаш, сўз ва фикр эркинлиги кафолатларини кучайтириш бўйича изчил ислоҳотлар кетаётган бир пайтда қонунчиликни такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлашди.

Шу билан бирга, сўз ва фикр эркинлиги жиддий ҳамда эҳтиёткор ёндашувни талаб этиши, илғор давлатлар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларини ҳисобга олиш зарурлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Баъзи маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдори амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдордан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда белгиланиши таклиф этилаётгани депутатлар эътирозига сабаб бўлди. Халқ демократик партияси депутатлари жарималар миқдори аҳолининг реал даромадларидан келиб чиқиб белгиланиши зарурлиги бўйича фикр билдиришди. Таклифлар асосида қонун лойиҳалари маъқулланди.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш