ПЕНСИЯ ҲАМ ДАРОМАДМИ?..

ЎзХДП Марказий Кенгаши пенсияни ҳисоблаш тартиб-таомиллари ҳақида семинар ўтказди.

— Мамлакатимизда 3,5 миллионга яқин фуқаро ҳар ой пенсия ва ижтимоий нафақа олади, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Миллионлаб оилаларга моддий ҳамда ижтимоий ёрдам берилади. Бунинг учун бюджет маблағларидан салмоқли харажат қилинади, ижтимоий ҳимоянинг зарур инфратузилмаси шакллантирилган ва у самарали ишлаб келмоқда. Бу соҳада махсус ваколатга эга марказий ва маҳаллий давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият юритаётгани ишлар кўлами нақадар кенг эканини кўрсатиб турибди.

Айтиш керакки, пенсия ёшидаги аҳолининг сони ўсиш тенденциясига эга. Масалан, 2010 йилдаги 5,9 фоиздан 2018 йилга келиб 7,4 фоизга ўсган. Демак, фуқароларнинг умр кўриш даражаси ошган. Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилдан бошлаб пенсия ёшидаги аҳоли сони 9,0 фоиздан ортади ва 2025 йилга бориб 11,0 фоизга етади. Умуман олганда, 2018-2025 йилларда пенсия ёшидаги аҳолининг улуши 1,2 миллион кишига ошиши кутилмоқда. Натижада пенсия тайинлаш учун мурожаатлар сони ортиб боради, 2017 йилнинг 12 ойида 206 минг кишига, 2018 йилнинг 9 ойида эса 205,5 минг кишига пенсия тайинланган.

— Жаҳон амалиётининг кўрсатишича, пенсия тизимларини ислоҳ этишдан мақсад пенсионернинг минимал турмуш даражасини таъминлаб бера оладиган пенсияни жорий этиш, меҳнат фаолияти давомида тўланган бадаллар ва пенсия миқдори ўртасида узвий боғлиқликни таъминлашдан иборат, – деди Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Ўтаганов. — Мамлакатимизда ҳам пенсионерларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Энг муҳими, бу масалалар қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топяпти.

Босқичма-босқич янги тизимга ўтиб борилмоқда. Замон талаблари ҳамда аҳолининг таклиф ва истакларидан келиб чиқиб, янги усулларни амалиётга татбиқ этиб бориш керак. Бу орқали муаммоларга янгича ёндашув асосида ечим топишга эришилади.

— Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилнинг 12 декабрида фуқароларнинг пенсия тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони қабул қилинди, — деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Александр Наводний. — Унда 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга нафақалар тўлиқ миқдорда тўланиши, уни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг энг юқори миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача ошириш белгиланди. Шу билан бирга, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш бўйича фармон қабул қилинди. Унга асосан, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига, 634 880 сўм миқдорида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ва 223 000 сўм миқдорида базавий ҳисоблаш миқдори ҳамда 223 000 сўм миқдорида пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори жорий этилмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам сўзга чиқди. Ногиронлар жамиятлари аъзолари белгиланаётган янги тартиб бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қайд этилдики, пенсия ва нафақаларнинг қайта белгиланиши солиқ бўйича имтиёзларга таъсир кўрсатмаслиги лозим. Бир қўл билан бериб, иккинчи қўл билан олиб қўйиш аҳолининг норозиликларига сабаб бўлади. Яъни, пенсия ва нафақаларни ҳисоблашда оширилган меъёр солиқ ва бошқа тўловлар ошишига ҳам сабаб бўлса, бу ислоҳотдан кўпчилик рози бўлмайди. Одамларнинг эътирозлари ва тушунмовчиликларни бартараф этиш учун жорий этилаётган 3 босқичли тизимни қайта кўриб чиқиш ҳамда уни аҳолига тушунтириш лозим.

— Конституциянинг 39-моддасида барча пенсия ва нафақалар яшаш минимал миқдоридан келиб чиқиб белгиланиши қайд этилган, — деди Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси раҳбари Ойбек Исоқов. — Лекин, афсуски, 27 йилдан бери ушбу модда бажарилмай келинмоқда. Мана, учта базавий тизим ишлаб чиқилди, эртага бешта базавий кўрсаткичларни ўйлаб топамиз. Бу эса турли тушунмовчиликлар, одамларнинг эътирозлари ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Энг маъқули ва қулайи эса Бош қонунимизда белгиланганидек, яшаш минималини белгилаш ва шундан кам бўлмаган миқдорда пенсия ҳамда нафақаларни жорий этиш керак. Ана шунда ҳеч бир саволга ўрин қолмайди.

Тизимда ўзгариш қилиш вақти келди. Масалан, фуқаронинг умри давомида ишлаган вақтнинг охирги 10 йиллигидан битта беш йили танлаб олинади. Ахир инсон қариган чоғида эмас, ёшлигида кўп ва яхши ишлайди. Ўзимиз ўзимизни алдаб нима қиламиз. Агар имкони бўлмаса, бюджет етмаяпти, кутиб туринг, дейилсин. Конституциямизни тўлиқ бажарайлик, ана шунда барча халқаро стандартларга жавоб берадиган тизим яратилади.

Тўғри, яшаш минимали ишлаб чиқиляпти. Лекин баъзи молиячилар пенсияни ҳам даромад, деб ҳисобламоқда. Ёки маҳалладан моддий ёрдам сўралса, улар даромад сифатида ногиронлик учун тайинланган пенсияни киритишади. Аслида пенсия даромад эмас. Бу ногиронлар соғлиғининг компенсацияси. Мазкур масала ҳам ўрганиб чиқилиши керак, деб ўйлайман.

Кўзланган натижага эришиш учун партия ўз дастурига шу ва бошқа масалаларни киритиши лозим. Ваҳоланки, ушбу масала партиянинг 5 йил олдинги дастурида ҳам бор эди. Партиянинг ғояси эди бу. Лекин негадир ушбу масалани бошқа органлар кўтармоқда. Партия ўз дастурида илгари сураётган яхши-яхши ғояларга ўзи эгалик қилса, ташаббус кўрсатса, нур устига нур бўларди.

Семинарда ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан пенсия тизимини ислоҳ этишга қаратилган қонун ҳужжатлари, қарор ва фармонлар ижросини мониторинг қилиш бўйича ҳамкорликдаги режалар белгилаб олинди. Шунингдек, янгидан ишлаб чиқилаётган партия дастури ва Сайловолди дастурига пенсия ва ижтимоий нафақалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича таклифлар берилди.

Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши масъуллари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Пенсия жамғармаси, Ногиронлар, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари вакиллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари иштирок этди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

← Рўйхатга қайтиш