Ёшларнинг ЎзХДПга ишончи ортмоқда

ЎзХДП Янгиариқ туман кенгаши томонидан туман марказидаги Маданият ва истироҳат боғида бошланганган сайловолди тарғибот дастури ўзгача тус олди. Тадбир айни авжига чиққан пайти бу ерга янги оила қураётган келин-куёвлар ташриф буюрди. Барча тадбир иштирокчилар икки ёшни қуршаб олди, тўйлари билан муборакбод қилишиб, бахт-саодат тилашди.

– Халқ Демократик партиясининг сайловолди дастури билан яқиндан танишиб чиққанмиз. Унда халқимиз турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фуқаролар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, кучли ижтимоий ҳимоя масалаларини ҳал қилиш теран акс эттирилган, - деди куёв йигит Мансурбек Соатов. – Кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга алоҳида эътиборга қаратилгани диққатимни тортди. Ахир буларнинг барида инсонпарварлик, халқпарварлик ғоялари мужассам.

ЎзХДП Янгиариқ туман кенгаши раиси Ҳусин Оллаберганов келин-куёв Мансрубек ва Маҳлиёхонларни никоҳ тўйи билан чин юракдан қутлаб, совғалар тақдим қилди. Ана шундан сўнг тарғибот тадбири яна қизғин давом этди.

– Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар моҳиятидан ҳар биримиз хабардор бўлишимиз керак, – деди тадбир минбарида нутқ сўзларкан Ҳ.Оллаберганов. – Бўлажак сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган умуминсоний, илғор демократик ғояларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлади.

Митинг тарзида уюштирилган тарғибот тадбирида ЎзХДП туман кенгаши депутатлик гуруҳи Бекпошша Жуманиёзова, туман кенгаши депутати Раҳима Машарипова, “Нуроний” жамғармаси Янгиариқ туман бўлими раиси Рўзимат Хўжаев, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Барно Қўчқоровалар бу йилги сайлов жараёнлари ва унга оид қонунчиликдаги ўзгаришлар, ЎзХДП Сайловолди дастури бўйича фикр-мулоҳаза билдириб ўтишди.

Ана шундан сўнг куйларга куй, қўшиқларга қўшиқлар уланди. Маданий дастурда кекса-ёш рақс тушиб, ўз қувончини намойиш қилди.

 

Пўлат ЭРМАТОВ,

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши мутахассиси.

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019 Мен ЎзХДПни танладим
← Рўйхатга қайтиш