Халқ демократик партияси қатъий позиция кўрсатиши зарур
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказган йиғилишда халқимизни ўйлантириб келаётган долзарб масалалар муҳокама этилди. 
 
Алоҳида қайд этиш керакки, мазкур йиғилишда белгиланган вазифалар партиямиз илгари сураётган ғоя ва ташаббуслар билан ҳамоҳангдир.
 
Кейинги икки йилда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Хусусан, ижтимоий нафақа оладиганлар сони 1,3 бараварга, нафақа миқдори 2 бараварга оширилди, ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий қилинди. Муҳтож оилалар имтиёзли уй-жой билан таъминлаяпти, оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга ҳар томонлама мадад кўрсатиляпти.
 
Ижтимоий ҳимоя кенг қамровли тушунча. Йиғилишда таъкидланганидек, бу тизимда ҳам йиллар давомида йиғилиб келган муаммолар ҳамон ечимини кутиб турибди.
 
Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Халқ қабулхоналарига ижтимоий нафақалар тайинлаш билан боғлиқ 36 мингта шикоят келиб тушибди. Нега бу масалада шикоятлар кўпайиб кетди? Чунки биз, йиғилишда таъкидланганидек, ижтимоий муаммоларни тизимли ҳал этишга эътибор қаратмаяпмиз. 
 
Агар тегишли меъёрий ҳужжатлар аниқ бўлса, тартиб-қоидалар қонун билан белгиланса ва энг муҳими, уларга қатъий амал қилинса, шикоят камайишига эришамиз.
 
Ижтимоий ҳимоя тизимидаги кўплаб муаммоларнинг асосий сабаби пенсия ва нафақалар миқдорини белгилашда муҳим омил бўлган истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми меъёрларининг жорий қилинмагани билан ҳам боғлиқ.
 
Масалан, 2019 йил 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 634 880 сўм этиб белгиланди. Шу йил 1 августдан бошлаб ёшга доир пенсиялар ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 436 150 сўмга тенг. Ё бўлмаса, олий ўқув юрти талабаларига ўртача 400 минг сўмдан стипендия бериш тартиби жорий этилди.
 
Энди ўйлаб кўрайлик, мисол учун, 436 минг сўм ногиронлиги бўлган шахснинг бир ойлик озиқ-овқати, дори-дармони, кийим-кечаги, бошқа хўжалик эҳтиёжлари, коммунал хизматлардан фойдаланиши, юриш-туриши, умуман, энг муҳим инсоний эҳтиёжларини қаноатлантиришга етадими?.. 
 
Агар реал ҳаётдан келиб чиқиб фикрласак, бунча маблағ бир инсоннинг озиқ-овқатга бўлган зарурий эҳтиёжларини қаноатлантиришга етиши мумкин, холос.
 
Шунинг учун йиғилишда таъкидланган истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми билан боғлиқ меъёрларни белгилаш ниҳоятда долзарбдир. Партиямиз бу масалани қонун қабул қилиш йўли билан самарали ҳал этиш лозим, деб ҳисоблайди.
 
Аҳолининг муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш учун зарур бўладиган яшаш минимумини белгилаш ва истеъмол саватчаси тушунчасини қонун билан мустаҳкамлаш ҳамда ҳаётимизга татбиқ этиш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш партиямиз Сайловолди дастуридаги энг муҳим йўналишлардан ҳисобланади.
 
Хўш, яшаш минимуми ҳамда истеъмол саватчаси тушунчалари нима ва бизга нима учун керак?
 
Халқаро тажрибага кўра, одам организми нормал фаолият кўрсатиши, соғлом яшаш учун етарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, шахснинг бирламчи ижтимоий-маданий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган ноозиқ-овқат товарларнинг минимал тўплами яшаш минимуми ҳисобланади. Истеъмол саватчаси эса, содда қилиб айтганда, муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўпламидир.
 
Истеъмол саватчаси уч қисмдан иборат бўлади:
 
1. Озиқ-овқат маҳсулотлари;
 
2. Ноозиқ-овқат товарлар: кийим-кечак, бирламчи эҳтиёж буюмлари, дори-дармон, маданий-маиший ва хўжалик моллари;
 
3. Хизматлар: коммунал, транспорт, маданий-маърифий ва ҳоказо.
 
Одатда истеъмол саватчаси учта асосий ижтимоий-демографик гуруҳ – меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун ишлаб чиқилади. Унинг таркибига кирувчи товар ва хизматлар тўплами ҳар бир мамлакатда турлича. Масалан, Германияда истеъмол саватчасига 475, Францияда 250, Англияда 350, Россияда 156 номдаги товар ва хизмат турлари киритилган. Давлат унинг таркибини белгилашда кўплаб омиллар, жумладан, табиий иқлим шароитлари, иқтисодий ривожланиш даражаси, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш хусусиятлари, товар ва хизматларнинг ҳақиқатда истеъмол қилиниши кабиларни инобатга олади.
 
Шу маълумотлар асосида мамлакат бўйича истеъмол бюджетининг умумий миқдори, энг кам ойлик иш ҳақи, ижтимоий нафақа ва пенсия миқдорлари белгиланади.
 
Истеъмол саватчасини жорий қилиш аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, меҳнатга муносиб ҳақ тўлашнинг энг муҳим омилидир. 2018 йилга мўлжалланган Давлат дастурида тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва Истеъмол саватчаси тушунчаларини тартибга солиш белгиланган эди. Аммо бу масала ҳанузгача қонунчиликда ўз ечимини топгани йўқ.
 
Шунинг учун партиямиз сайловларда юқори натижаларни қўлга киритиб, биринчи навбатда яшаш минимуми тўғрисида қонун қабул қилиш ташаббуси билан чиқишни ўз олдига қатъий мақсад сифатида белгилаган.
 
Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилишда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини аниқлаш, ҳисобга олишнинг ягона мезони йўқлиги, ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар бўйича бепул даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳар доим ҳам эҳтиёжманд фуқароларга етиб бормаётгани танқид қилинди.
 
Ижтимоий муҳофаза муҳтож кишилар ва оилаларни аниқлашда муаммоли ҳолатлар жуда кўп. Партиямизнинг барча ҳудудлардаги Жамоатчилик қабулхоналарига шу масала билан боғлиқ мурожаатлар бўлади. Депутатлар мурожаатларни ижобий ҳал этиш учун турли ташкилотлар, ваколатли идораларга мурожаат этганда, асосан бир масалага дуч келади. У ҳам бўлса, тегишли меъёрий ҳужжатларда оиланинг кам таъминланганлигини аниқловчи мезонлар аниқ белгиланмаган. Натижада нима бўляпти? Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳар доим ҳам ўз манзилига, ҳақиқатда муҳтож кишиларга етиб бормаяпти. Бу эса бошқа муаммолар келиб чиқишига сабаб бўляпти. Бундан партиямиз ҳимоя қилиши керак бўлган қатлам азият чекяпти. Шу боис партиямиз ижтимоий муҳофазага муҳтожликни белгилаш мезонларини қонунчиликда содда ва тушунарли тарзда акс эттириш учун қатъий ҳаракат қилади.
 
Жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларимиз мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг уй-жой билан таъминланиш ҳолатини ўрганди. Битирувчилар билан юзма-юз суҳбатлашилди, уларнинг яшаш шароитлари бориб кўрилди. Умумий хулоса шундайки, ҳолат ачинарли. Айрим битирувчилар жуда қийин шароитларда яшаб келаётганига гувоҳ бўлдик. Депутатларимиз Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини ҳукумат қарорида белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлашни сўраб қатор маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотларга сўровлар жўнатди. Аммо муаммони ҳал этишга келганда, ташкилотлар бир-бирига айб ағдариш, ўзини четроққа тортишга уринмоқда.
 
Йиғилишда ана шу каби чигал ҳолатларга нима сабаб бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Яъни, ижтимоий муҳофазалаш соҳасидаги ишларни координация қиладиган яхлит тизим йўқлиги боис муаммолар тўпланиб қолган.
 
Ижтимоий муҳофаза тизими билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мамлакатдаги ижтимоий тараққиёт ва барқарорликни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун партиямиз ижтимоий масалаларга ечим топиш, бу борада қонун ижодкорлигини янги даражага кўтариш, депутатлик ва парламент назорати таъсирчанлигини ошириш жараёнларида фаол иштирок этади, муҳофазага муҳтож қатлам манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қатъий позиция кўрсатади.
 
 
Улуғбек Иноятов,
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси
 

 

 
← Рўйхатга қайтиш