ДЕПУТАТЛАР ҲУКУМАТ ҲИСОБОТИДАН ҚОНИҚМАДИМИ?

Давлат дастурида ярим йиллик учун 139 та топшириқ белгиланган бўлиб, 106 банд ижроси тўлиқ бажарилган. Ўз вақтида адо этилмаган вазифалар депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан депутатлар таклиф ва тавсиялар ҳам берди.

Халқ вакиллари тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий ҳокимият органларидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш масалалари юзасидан Ҳукуматга алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш, унинг назоратини қатъий амалга оширишни таклиф этди.

 

Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этди.

Мазкур ҳисобот сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар йиғилишларида ҳам эшитилган, хусусан, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган, партия дастурий мақсадлари билан боғлиқ масалаларда ҳукумат вакилларига саволлар берган эди.

Депутатлар, аввало, ҳисоботда барча муҳим масалалар кенг қамровда акс эттирилганини таъкидлади. Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идораларга юборилган парламент ҳамда депутатлик сўровларига берилган жавоблар ҳам чуқур таҳлил қилингани қайд этилди.

Бу галги ҳисоботнинг аввалгиларидан ажралиб турадиган яна бир жиҳати шундаки, Ҳукумат бажарилган ишлар билан бирга келгуси ярим йилликдаги режалар тўғрисида ҳам аниқ рақамлар орқали маълумот келтирган. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари, макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг изчил ривожлантиришни таъминлаш йўлидаги ишлар батафсил баён қилинган. Айниқса, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестицион муҳитни яратиш, республика ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини кўтариш борасидаги ишлар чуқур таҳлил этилган.

Фракция аъзолари Давлат дастурида кўзда тутилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида ишлаб чиқиб қабул қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ этиш ишлари, дастур ижроси самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Давлат дастурида ярим йиллик учун 139 та топшириқ белгиланган бўлиб, 106 банд ижроси тўлиқ бажарилган. Ўз вақтида адо этилмаган вазифалар депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан депутатлар таклиф ва тавсиялар ҳам берди.

Халқ вакиллари тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий ҳокимият органларидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш масалалари юзасидан Ҳукуматга алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш, унинг назоратини қатъий амалга ошириш таклиф этилди.

 

Хайрулло РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Берилган ҳисоботдаги рақамларни тушундик. Ҳарид қилиш қобилияти, иқтисодий кўрсаткичлардаги ўсиш суръатлари ҳам кўпчиликка маълум. Лекин айрим масалаларда фахрланиш эмас, уялишимиз керак. Масалан, Ўзбекистон ЯИМ аҳоли жон бошига ҳисобланганда, 1490 АҚШ долларига тенг бўлиб, биз дунё давлатлари орасида 147 ўринда эканмиз. Қўшни Қозоғистонда эса ушбу кўрсаткич бир неча йиллар давомида 8 минг доллардан ошяпти.

Ахир бизни бошқа давлатлардан нимамиз кам? Ер ости бойликларимиз бўлса, маданиятимиз, тарихимиз жуда бой. Нега имкониятларимиздан тўлиқ фойдалана олмаймиз? Ҳисоботларда триллион, миллион дейилаверади, лекин халқимизнинг фаровонлиги ана шунга мос равишда ошмаяпти. Тўғри, бир-икки йил олдин 149 ўринда эдик. Икки поғона кўтарилдик. Аммо бу ҳам яхши кўрсаткич эмас.

Ер юзида мамлакатларнинг ўртача ялпи ички маҳсулоти аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, 10,5 минг доллардан юқори. Бу 4 кишилик оила йилига ўртача 40 минг доллар даромад кўриши керак, дегани. Ана шунда биз яхши натижага эришдик, халқимиз фаровон яшамоқда, деб айтсак тўғри бўлади. Ялпи ички маҳсулот тўғрисидаги рақамларнинг қанчалик тўғри экани бизга қоронғу. Балки ҳукумат ўзини-ўзи назорат қилиши қийиндир. Шунинг учун ялпи ички маҳсулот тўғрисидаги рақамларни мустақил орган бериши керак, деб ўйлайман.

Яна бир масала. Жойларга чиққанимизда тадбикорларни, ўз ишини очганларни қўллаб-қувватлаш бир ёқда турсин, маҳаллий давлат органлари томонидан эзиб, қийнаш ҳолатларига ҳалигача тўлиқ барҳам берилгани йўқ. Масалан, кимдир кичкинагина ахлат босиб ётган жойни тозалаб, ускуна ўрнатиб, йогурт ишлаб чиқармоқда. Унинг қаршисига ҳоким ёки унинг ўринбосари келиб, «кадастринг йўқ, бузаман», дейди. Унга унча, бунга бунча бериш керак ва ҳоказо. Бу масалада қатъий тизим йўқ.

Одамлар уйида қуён боқяпти. Ер сўраса, берилмайди. Қачон халққа чинакамига ёрдам бериш сиёсати тўғри йўлга қўйилади? Ахир давлатимиз раҳбарининг талаби, кўрсатмалари давлат халққа хизмат кўрсатишини изчил йўлга қўйишку...

 

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Давлат дастурининг ижроси юзасидан, мана, икки чоракдан бери Ҳукумат ҳисоботини эшитяпмиз. Лекин ўтган чоракда ҳам, бу чоракда ҳам Давлат дастури бандларининг бажарилиш муддати ҳақида ҳеч нима йўқ. Эртага йил охирига борганда бажарилди, бажарилмади, деган умумий маълумотдан нима фойда?

Ахир Давлат дастури – давлат раҳбарининг талаби – халқ фаровонлиги, юрт тараққиёти учун қилиниши шарт бўлган масалалар жамланмаси. Уларнинг ижроси устидан депутатлик, парламент назоратини ўрнатишимиз, ҳамкорликда ишлашимиз, керак бўлса, ёрдам беришимиз зарур. Бир-биримизга умумий гаплардан иборат маъруза ўқиш билан ҳеч нарсага эриша олмаймиз.

Масалан, Дастурда белгиланган, аммо бажарилмаган бандлар тўғрисида ҳисоботда маълумот йўқ. Ахир бу вазифаларнинг ортида халқ манфаати турибди!.. Унга хиёнат қилишга эса ҳаққимиз йўқ. Биринчи ярим йилликка мўлжалланган, аммо бажарилмаган бандларнинг тақдири қоронғу бўлмоқда. Ўйлайманки, ишимизни қайта режалаштиришимиз, ягона, яхлит тизимга келтиришимиз лозим. Депутатларни ҳар бир масала, ҳар бир банд қизиқтиради. Вазифалар бажарилмаслиги ёки муддати узайтирилиши сабаблари кўрсатилиши керак. Зеро, биз халқ вакилимиз. Ҳар ойда аҳоли билан учрашамиз. Улар Давлат дастуридаги айрим вазифалар нега бажарилмади, деб савол берса, қандай жавоб берамиз? Саволларга жавоб йўқ жойда ишончсизлик кучаяди. Шунинг учун ўзимизга керакли маълумотларни олиш имконига эга бўлишимиз керак.

 

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Хабарингиз бор, депутатлар ҳар ойда жойлардаги сайловчилар билан учрашади. Уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишга, кўмаклашишга ҳаракат қилади. Шундай ҳолатлар борки, йиллар давомида ҳал этилмай келмоқда. Масалан, йўлларни олайлик. Айримлари сифатсиз бўлса, бошқаси йиллар давомида қуриб битказилмайди.

Давлат дастурида соҳани тубдан ўзгартириш мақсадида халқаро стандартларга мос бўлган меъёрий ҳужжат ишлаб чиқиш масаласи қўйилган. Ушбу жараён қайси босқичга келгани ҳақида халққа нима деймиз? Одамларга мана шу каби масалалар қизиқ. Ҳукумат аъзолари таъкидлаганидек, йўл қурилиш учун катта маблағлар ажратилмоқда. Афсуски, бу амалда кўринмаяпти, сезилмаяпти. Қаердадир “бўлди-бўлдичилик” қабилида амалга оширилаётган ишлар натижасида йўллар сифати талабга жавоб бермаяпти. Аслида йўллар турига, жойига қараб меъёрлар асосида қурилиши зарур. Айрим ҳолларда эртага комиссия келади, деб шошма-шошарлик билан бунёд этилаётган йўллар борлигини тан олиш адолатдан бўлади, назаримда. Мана шу масалаларга чек қўйиш, йўл қурилиши соҳасида назоратни кучайтириш талаб этилади.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳозиргина кўтарилган қурилиш билан боғлиқ масалани давом эттирган ҳолда, биз дуч келаётган кўнгилсиз ҳолатларни айтиб ўтмоқчиман. Барчамиз юртимизда оммавий қурилиш, бунёдкорлик жараёнига гувоҳ бўлиб келяпмиз. Аҳоли турар жойлари, турли объектлар, элит, яъни олий даражадаги уйлар бир зумда қурилмоқда. Албатта, ривожланиш даврида аҳоли сонининг ортиши кузатилади. Уларга қўшимча уй-жойлар қуриш долзарб масалага айланиб боради. Лекин уларнинг сифати ҳақида бош қотириш муҳим, деб ҳисоблайман.

Шу ўринда мен, аҳоли учун мақбул, аммо аслида ҳаммага ҳам мақбул бўлмаган уйларнинг сифати ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Биринчидан, ўз номи билан мақбул деб аталаётган уйлар, у қадар мақбул эмас. Иккинчидан, айрим уйларнинг сифатидан одам уялиб кетади. Кечирасизлару, шу боисдан Оҳангарон туманидаги кўплаб янги уйлар бўм-бўш турибди. Бундай турар-жой биноларининг аксарияти талабга жавоб бермайди. Бу эса аҳолининг ўлган қизиқишини йўқотмоқда. Аввало, уйлар жойлашуви, инфратузилмаси, танланган жойи тўғри бўлиши керак. Ҳали одам яшамасдан, кўчиб кирмасдан туриб эшиклари бузилади, дераза ромлари ёпилса, очилмайди ёки бунинг акси. Хоналар ўртасидаги ғишт ўрнига гипсокартон ўрнатилган. Иккита хонада турган одам бир-бирининг нафас олишини ҳам эшита олади. Айрим хоналарда электр ўтказгичлари йўқ. Ювиниш хоналари носоз, сув қувурлари омонат қилинган. Бу эҳтиёжманд шахслар учун қурилаётган уйларнинг аҳволи талабга жавоб бермаслиги билан боғлиқ ҳолатлар. Натижада кредит эвазига уй сотиб олаётган шахслар дарров унга кўчиб киролмаяпти. Сабаби, яшаш учун яна бир қанча сарф-харажат талаб этилмоқда.

 Шунингдек, Уй-жой кодексида муниципаль турар-жой тушунчаси мавжуд. Яъни, кредит эвазига ҳам арзон уй сотиб олиш имкониятига эга бўлмаган кишиларни бошпана билан таъминлаш ҳақида ўйлаб кўриш керакдир. Мамлакатимизда уй-жойга бўлган талабни ўрганиш бўйича аниқ рақамлар бор бўлса, уларнинг ҳажми қандай? Мана шуларни аниқлаб, чора кўриш лозим. Биз фақатгина бир квадрат метри 10 миллион сўмдан ошиқ бўлган қимматбаҳо уйларни қуришда давом этамизми? Ёки кўп болали оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар учун ёки бўлмаса, ҳокимият балансида турадиган муниципаль уйлар қуриш ҳақида ҳам бош қотирамизми? Ахир дунёда ҳамма ҳам ўз шахсий хонадонига эга бўлмайди.

Мазкур масала мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва давлат мулки ҳисобланган йўллар қурилишига ҳам тааллуқлидир. Келинглар, халқ ҳақида ўйлаймиз, деганда ҳақиқатдан ҳам улар ҳақида ўйлайлик, уларга муносиб шароит яратишга ҳаракат қилайлик. Қурилаётган арзон уйларга аҳоли кўчиб кирадими, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун у ерда шарт-шароит етарлими, деган саволлар атрофида бош қотирайлик. Уйлар жойлашган ҳудудни транспорт, сув, газ ва яна бошқа яшаш учун зарур воситалар билан тўлиқ таъминлаш устувор вазифа эканини ҳам унутмаслик зарур.

Эшитувда яна қатор масалаларда депутатлар кескин саволлар, эътирозлар, таклифлар ҳамда танқидий-таҳлилий фикрларини билдирди. Ҳар бир масалада очиқ ва ошкоралик вақти келганини таъкидлашди. Қилинган ишлар барчага маълум, лекин бажарилмаган вазифалар тақдири, уларнинг амалиётга, ҳаётга тадбиқ этилиш муддати бўйича аниқ режалар, чора-тадбирлар хусусида баҳс-мунозаралар бўлди.

Йиғилиш бир-биридан рози кайфиятда якунига етди, деб ўйлаган эдик. Аммо ҳукуматнинг айрим вакиллари эшитувдан кейин депутатлар томонидан билдирилган эътирозлар, берилган саволлар, айтилган аччиқроқ гаплардан норозиликларини яшириб ўтирмади. Парламент вакилларининг одамларни норози қилаётган ҳолатлар ҳақида очиқ-ойдин гапириши ҳукумат аъзоларининг кайфиятига салбий таъсир кўрсатгани эътирозлардан билиниб қолди. Масалан, Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Зокиров депутат унга овозини кўтаришга ҳаққи йўқлиги, у депутатнинг боласи эмаслигини айтиб, ўзини оқламоқчи бўлгандай туюлди. Вазирлик ва идоралар вакиллари орасида парламент аъзоларининг қатъий эътирози, танқидий фикрларини эшитишга тоқати йўқ кишилар ҳали ҳам борга ўхшайди. Ўйлашимизча, парламент эшитувлари “ҳаммаси яхши кетяпти”, деган юмшоқ ва сохта муҳокамалар учун эмас, муаммоларни айтиб, уларга ечим топиш йўлларини қидириш учун ўтказилиши керак. Ҳар ҳолда, ҳозирги юксак талаб шундай.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

← Рўйхатга қайтиш