Бу тамойил юртимизни янада файзли қилади

 

Қайсидир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисобланган бўлса, бошқа бир жамиятда ҳукмдор, амалдорлар қадр топган. Аслида эса куч, мансаб, кўрк ва молу дунё ҳаётнинг моҳияти эмас.

Ўзбекистонда ҳам, аввало, инсон ким бўлишидан қатъи назар, унинг ҳақ-ҳуқуқларига катта эътибор қилинмоқда. Кейинги йилларда халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишини, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича тизим яратилди. Ҳаётимизда «давлат – инсонлар учун», деган халқчил ғоя қарор топди ва бу тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Президент фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиямизда белгиланган «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун», деган тамойил давлат идораларининг фуқароларга нисбатан муносабатининг асосий мезонига айланиши зарур.

Шунга мувофиқ Бош қомусимизга «Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади», деган норма киритилмоқда.

Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар аниқ қоидалар билан тартибга солинган бўлиши, ҳеч бир муносабат ҳуқуқий ечимсиз қолмаслиги керак. Ҳаётда шундай вазиятлар ёки ҳолатлар вужудга келиши мумкинки, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларнинг ечими қонунчиликда кўрсатилмаган ёки аниқ акс этмаган бўлиши мумкин. Мана шундай ҳолатларда муаммо кимнинг фойдасига ва қандай тартибда ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Инсон фойдасига тамойили одатда жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида кенг қўлланиб келинмоқда. Эндиликда бу масаланинг Конституцияда мустаҳкамланиши унинг қўлланилиш доирасини кенгайтиради.

Давлат ва инсон ўртасидаги ўзаро муносабатларда келиб чиқадиган ноаниқликлар турли тушунмовчилик ва шикоятларнинг ошишига олиб келиши мумкин. Бу эса фуқароларнинг сарсон-саргардонлигига сабаб бўлади. Масалан, ўтган йили Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 1 млн. 600 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили офисига 2021 йилда 18,7 мингдан кўпроқ мурожаат келиб тушган. Табиийки, ушбу мурожаатлар орасида муаммоли масалалар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатга киришишида қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинишининг Конституция даражасида белгиланиши, энг аввало, инсон қадрини улуғлаш бўйича улуғвор ғоянинг амалга татбиқ этилиши, давлат манфаатлари эмас, инсон манфаатлари устунлиги таъминланишига олиб келади.

Инсон фойдасига талқин қилиш деганда, давлатнинг даъводан воз кечиши ҳам тушунилади. Бундай жонбозлик, керак бўлса, мардлик, албатта, халқимиз руҳиятини кўтаришга, шахс сифатидаги камолотини юксалтиришга, инсоннинг қадр-қимматини, ҳурматини жойига қўйишга хизмат қилади.

Кексалар бежиз «одам боласи ҳаётдан рози бўлса, тоғни талқон қилади», деб айтишмайди. Зеро, давлатимиз раҳбари ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага, индин ёки ундан кейин эмас, ҳозир, шу бугун ниятига етишини, умридан, ҳаётидан, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлишини истайди. «Инсон фойдасига» нафақат тамойил, балки улуғвор мақсаддир. Бу эзгу амал одамларнинг ишончини оширади, юртимизни янада файзли қилади, деб ишонаман.

 

Зулфия ТУЙЕВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 27.07.2022, №30

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш