Танзила Нарбаева: маҳаллий Кенгашлар янги Ўзбекистоннинг асоси бўлади

 

2020 йилнинг 20 январь куни бўлиб ўтган Сенатнинг биринчи мажлисида Олий Мажлис Сенати Раиси этиб сайланган Танзила Нарбаева ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга юксак лавозимга тавсия қилганликлари учун миннатдорлик билдирар экан, мамлакатимиз парламентининг Сенати олдида турган долзарб вазифаларига тўхталиб ўтди.

“Бўлиб ўтган сайловларда парламентнинг ҳар иккала палатасига шундай инсонлар сайландики, уларнинг ҳар бири халқ орасида обрў қозонган, катта салоҳиятга ва бой тажрибага эга. Уларнинг бой тажрибасига таяниб, ўз олдимизга қўйилган вазифаларни бажариш қўлимиздан келади. Бунда, биринчи навбатда, маҳаллий ҳокимликлар, ижро органлари ва қуйи палата билан ҳамкорликни янада ривожлантиришни мақсад қилиб қўяман”, – деб таъкидлади Сенат Раиси.

Танзила Нарбаева мамлакат тараққиётининг асосий омилларидан бири бўлган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди: “2019 йилда Ўзбекистонда 220 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилган, Ўзбекистон тарихида бундай ҳолат бўлмаган. Агар қонунчилик асослари мукаммал бўлмаса, уларнинг ижросини биз назоратга олмасак, инвестициялар оқими тўхтаб қолиши мумкин”.

Шунингдек, парламент юқори палатасининг раҳбари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш масаласи муҳимлигини таъкидлаб ўтди.  

“Президентимиз томонидан олдимизга тўғри масала қўйилди, мен ваъда бераман, хотин-қизлар масаласини қандай қилиб нолдан бошлаган бўлсак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз. Маҳаллий кенгашлар янги Ўзбекистоннинг асоси бўлади”, - дея ўз сўзини якунлади Танзила Нарбаева. 

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш