Президентликка номзод Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловчилар ҳузуридаги навбатдаги учрашуви Қибрай туманида бўлиб ўтди.

Учрашувда вилоят ёшлари, жамоат ташкилотлари аъзолари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкенти вилоят кенгаши раиси Акмал Умаралиев олиб борди. Ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳолини ўқиб берганидан сўнг, номзод сўзга чиқиб дастуридан ўрин олган таклиф ва ташаббуслар мазмуни сайловчиларга тушинтириб берди.

Хусусан, номзод томонидан мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича ташаббусларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Фуқаролик жамияти институтлари мамлакатда демократия, ҳуқуқий давлат ва шахс эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилишини инобатга олиб, дастурда давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтиришга, жамоатчилик назоратини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор таклифлар ўз аксини топганлиги таъкидланди.

Дастурда таклиф этилаётган давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига бериб бориш орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий шериклик асосида хизмат кўрсатишга ўтиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шериклик амалиётини кенг ривожлантириш ташаббуси нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида маҳалла тизимини ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, экологик, маданий ва бошқа муаммоларни ҳал этишда унинг тўлиқ иштирокини таъминлаш бўйича таклиф ҳам маҳаллаларнинг аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали ва адолатли шакли сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлайди.

Дастурда фуқаролик жамияти институтларини маҳаллий миқёсда қўллаб-қувватлаш, туманлардаги нодавлат нотижорат ташкилотларини фаолиятини кенгайтириш масаласи ҳам ўз аксини топган. Бу борада салоҳиятли ёшларга сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида ишлашни рағбатлантириш бўйича таклиф ёшларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Ёки бўлмаса, давлат улуши бўлган йирик ишлаб чиқариш корхоналари кузатув кенгашлари таркибига жамоатчилик вакилларини ҳам киритиш тўғрисидаги ташаббус, уларнинг шаффофлигини янада оширади, иқтисодиётда ижтимоий мулоқот ва жамоат назорати механизмини жорий этишга хизмат қилади.

Дастурда фуқаролик жамияти ривожининг асосий омили сифатида жамоатчилик назоратини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, учрашувда ушбу таъсирчан институтдан ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида фаол фойдаланиш учун зарур шарт-шароит яратиб бериш очиқлик ва ошкоралик муҳитини янада мустаҳкамлашга, Конституция ва қонун устуворлигига эришишга хизмат қилиши қайд этиб ўтилди. Жамоатчилик назорати халқнинг фикри билан ҳисоблашишнинг самарали восита бўлиб, учрашувда уни янада мустаҳкамлаш бўйича номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган бир қатор таклифлар янгради.

Хусусан, эҳтиёжманд шахсларга ажратилаётган моддий-ижтимоий ёрдам маблағларининг манзилли ва мақсадли етиб бориши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш масаласи партиянинг мақсади ва унинг электорати манфаатларидан келиб чиқиб таклиф этилаётганлиги таъкидланди.

Дастурда коммунал хизматлар тарифлари, ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг нархларини шакллантириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилган бўлиб, бу фуқароларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини оширишга ҳамда ушбу соҳаларда қонунийлик, ошкораликни таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Номзод томонидан, шунингдек, шаҳарларда ноқонуний қурилишларга қарши курашишнинг энг самарали усули сифатида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурати ҳам таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга янгиланган Конституцияда белгиланган мамлакатимизнинг ижтимоий давлат мақоми ва у билан боғлиқ ижтимоий мажбуриятни тўлақонли бажариш учун Давлат бюджети харажатлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш тўғрисидаги таклиф ҳам сайловчилар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Умуман, номзод дастурида барча инсонларнинг ёши, жинси, ногиронлиги, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш устувор ғоялардан бири сифатида белгиланган.

Учрашувда самимий ва кўтаринки муҳит ҳукмрон бўлди. Сайловчилар ўзларининг қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилди ва ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ҳам билдиришди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Сайлов
← Рўйхатга қайтиш